Тириклик омонати
Абдуҳолиқнинг бир кечада оёқ-қўли ишламай шол бўлиб қолгани оиласидагилар учун кутилмаган зарба бўлди. Энди нима бўлади? Ахир катта-катта топиб, бутун рўзғорни бир ўзи тебратаётган, фарзандларига яхши едириб, яхши кийдириб, элдан кам қилмаётган одам бирданига ҳеч нарсага ярамай қолса… Бу не кўргулик бўлди? Шулар ҳақида ўйлаб ётган Абдуҳолиқ катта ўғли Акбарни ёнига чақиртирди ва хаста овозда гап бошлади.
— Ўғлим, бугун аммаларингни уйга олиб келгин.
— Нега энди?
— Уларни кўришим керак.
— Нима учун?
— Кечирим сўраш учун…
— Ахир улар бу хонадонга қадам босмайдилар-ку?!
— Ўғлим, мен учун шу ишни қилгин, ўзинг кўриб турибсан, шу ёшимгача бирор жойим оғриган эмас. Куч-қувватим борида бегона юртларда юриб, рўзғорнинг бирини икки қилай деб меҳнат қилдим. Жон омонат экан, бир кечада тўшакка михланиб қолдим. Забоним борида сингилларимдан кечирим сўраб қолай, у дунёда ота-онамнинг юзига қаролмай юрмай тағин.
— Бўлиб ўтган воқеаларда уларнинг ҳам айби бор-ку ахир?
— Эҳ, ўғлим, онангнинг эговлиги, бойликка ўчлиги, бахиллиги сабаб, бу дунёда шу иккитагина синглимга ҳам меҳр-муҳаббат кўрсатолмадим. Энди ўлар чоғимда кўзим очиқ кетмасин, дейман.
— Кўчада аммаларимни кўрсам мен билан саломлашишмайди, ҳатто сизни сўрашга ҳам ярашмайди.
— Ундай дема, биз ўзимиз уларни шундай қилишга мажбур қилганмиз, биздан кўнгли қолган уларнинг. Агар мен оқибатли, меҳрибон ака бўлганимда, улардан ўз вақтида хабар олиб, меҳр кўрсатганимда, шу ишлар бўлмас эди. Мана ўзингнинг ҳам иккита синглинг бор. Уларга тикон кирса, сенинг ҳам жонинг оғрийди. Бу ҳақда узоқ ўйладим, уларни норози қилиб, охиратда жавоб беришим бор болам. Мен шундан қўрқаман.
— Хўп майли, сиз нима десангиз шу, -дея Акбар хонани тарк этаркан, ҳовлида набираларини коиётган онасига дадаси билан бўлган суҳбатни айтиб берди. Ўғлининг гапини эшитган Фазилатнинг баттар жазаваси тутди. Эрига эшиттириб, “Кўзим очиқ экан, бу ҳовлига қадам босмайди улар. Кўзининг ёғини ялаган сингилларидан нима рўшнолик кўрибди. Йўқ, отанг хомтама бўлмасин, бир коса ювиндисига зор бўлибдими? Тунни-тун демай, кунни-кун демай оғзига овқат, тагига тувак тутиб авайлаган ким ўзи? Бўлмаса, борсин, ўша сингиллари боқсин” — дея бобиллай кетди.
Ичкарида хотиннинг таъна-ю дашномларини эшитиб ётган Абдуҳолиқнинг юраги безовта бўла бошлади. Ич-ичидан келган хўрсиниқдан ўзини босолмай, кўзига ёш олди. Шу пайт хонага кирган келини Наргиза унинг ҳолини кўриб, кўнгли алланечук бўлиб кетди. Энди тасалли бермоқчи бўлганди, кутилмаганда пайдо бўлган қайнонасининг важоҳатидан тили калимага келмай қолди. Хотинини кўриб, қайнотаси ўзини ухлаганга солди.
Хаёлида ўтмиш хотиралари бир-бир гавдалана бошлади. Шу хотинининг турқини кўрмаса кошкийди… У билан қирқ йил яшаб, қирқ кунлик қадр кўрмабди-я! Қайтага жигарларидан айрилди. Афсус, кўзи кеч очилди. Ўйлаб кўрса, ўғли тенги бола Музаффарчалик ҳам ақли йўқ экан-а! Савдога янги қўшилган бу йигит пул тўплаш ўрнига, нуқул “сингилларимга” деб совға йиғади. Сингиллари, жиянлари учун жонини беришга тайёр. Бир куни суҳбатлашиб ўтирганларида, “Бу дейман, сингиллар ўткирроқми, нега бунча уларга эътиборлисиз?” деб сўради. Йигитча деди “улар ота-онамдан қолган ёдгорларим. Улардан эрта етим қолдик, сингилларим менга улардан омонат. Ота-онамга кўрсатолмаган фарзандлик бурчимни ҳам қўшиб меҳр кўрсатаман. Чунки, ота-она розилигини шу йўл билан оқлашни хоҳлайман. Билсангиз, қиёматда на ота-она, на фарзанд, на дўсту-ёр, хуллас ҳеч ким сизга савобидан бергиси келмас экан. Фақатгина опа ёки сингил сизга ўз савобидан, ҳеч иккиланмай, ҳатто қизғонмай, ҳадя қиларкан.
Болалигимдан онам бу ҳақда кўп гапирар, бир-биримизга меҳрибон бўлишимизни уқтирардилар, бу ҳақида ривоятлар айтиб берардилар”, сўнг ўша ривоятлардан бирини хикоя қилиб берганди.
“Кунлардан бир кун одил подшоҳнинг ҳузурига уч асирни келтиришибди. Бир пайт саройга аёл киши фарёд чекиб, уларни озод қилишларини сўраб кирибди. Шунда подшоҳ “Улар сенга ким бўлади?”, деб сўрабди. Аёл эса уларнинг бири ўғли, бири эри ва бири акаси эканлигини айтибди. «Сен улардан фақат бирини танла, мен ўшани озод қиламан, чунки улар гуноҳкор», дебди подшоҳ. Аёл ўйлаб ҳам ўтирмай акасини танлабди. Подшоҳ “Нега тўққиз ой қорнингда кўтариб азоб тортган фарзандингни эмас, не умидлар билан бир ёстиққа бош қўйган жуфтингни эмас, акангни танладинг?”, деб сўрабди. Аёл эса: «Аллоҳ тақдир қилса, яна бошқа эр қиларман, пешонамда бўлса фарзанд кўрарман, аммо онам қайта тирилиб, менга ака туғиб беролмайди. Мен учун жигарим улардан азизроқ», — деб жавоб берибди. Аёлнинг ақл-заковатига тан берган подшоҳ ҳар уччала гуноҳкорни кечириб, асирликдан озод қилган экан. Мана, сингил жигари учун неларга қодир”…
…Абдуҳолиқ оилада бош фарзанд бўлиб, икки синглиси бор эди. Ота-онаси эрта оламдан ўтди, кичик синглиси Инобатнинг эри автомобиль ҳалокатида вафот этиб, уч фарзанди билан бева қолди. Шу сабаб ота уйига уч сағири билан қайтиб келди. Ўзи ёш, у ер, бу ердан совчилар келган бўлди. У эса “Эримнинг руҳига хиёнат қилмайман, шу уч гўдагим учун яшайман” деб қайта турмуш қурмасликка аҳд қилди. Абдуҳолиқ етти сотихли ҳовлида беш фарзанди, кексайиб қолган ота-онаси ва уч болали синглиси билан яшай бошлади.
Орадан йиллар ўтди. Фарзандлар улғайиб, улар ўртасида ўзаро жанжаллар чиқа бошлади. Шунда отаси раҳматли Абдуҳолиққа ер участкаси олиб, икки хонали уйни тиклаб, янги ҳовлига чиқарди. Ўз ҳовлисини эса бева қизининг номига хатлаб берди. Хотини Фазилатнинг фиғони фалакка чиқди, “Синглингга тайёр уй-жой қоляпти, сенга ҳеч вақо йўқ. Менинг ҳам ўғилларим катта бўляпти, бир уй кўтариш осонми, аслида ҳовли ёлғиз ўғилники бўлиши керак, нега индамайсан?! Уйнинг ярмини бузиб чиқиб кетаман” — деб роса жанжал кўтарди. Абдуҳолиқ хотинини аранг тинчитиб, сенга уй қуриш керак бўлса, қурганим бўлсин, деб оғайниларига қўшилиб хорижга, пул топишга кетди…
Шу воқеа сабаб Абдуҳолиқ билан сингиллари орасига совуқчилик тушди. Ака-сингилларнинг орасига нифоқ солиб, бир-биридан узоқлаштирган хотин, эрининг юбораётган пулларига қувониб, ҳовли ҳақида унутди. Абдуҳолиқ хотинининг гина-қудуратлари туфайли, тиним билмай меҳнат қилди. Бу орада аввал онаси, кейин эса отаси қазо қилди. Ёлғиз ўғил бўлиб уларнинг корига ярамади. Ота-онаси розилигини сингиллари олди. У маърака маросимларини ўтказиб, яна хорижга ишлашга кетди. Сингилларини кўргиси келганда, хотини: “Сени ота ҳовлингдан бенасиб қилган сингилларингни йўқламайсан”, деб турткилаб турарди. У эса бор аламини фақат ишдан оларди. Россиянинг совуқ ўлкаларида тирикчилик учун кунни тунга улаб, тер тўкарди. Бу не савдоки, кунларнинг бирида бир кечада оёқ-қўли ўзига бўйсунмай қўйди. Не бўлганда ҳам ўз юртимда жонимни олгин, деб худога нола қилди. Хайрият,ўз уйига ярим жон ҳолатда бўлса ҳам, етиб келди.
Сингиллари бир-бирига меҳрибон чиқди. Катта синглиси Муқаддаснинг эри инсофли, диёнатли, ўқимишли йигит бўлиб, институтда ўқитувчи эди. У нафақат ўзининг, балки, Инобатнинг фарзандларини ҳам ўқитди. Ҳам поччалик, ҳам акалик, ҳам оталик қилди уларга. Ҳозир ҳамма жиянлари ўқимишли, уйли-жойли, усиз ҳам ўз араваларини ўзлари тортишяпти. Шулар ҳақида ўйларкан, Абдуҳолиқнинг юраги безовта бўла бошлади. Хаёллар гирдобига ғарқ бўлиб, ниҳоясиз саволлар қаршисида азобланарди.
“Менинг фарзандларим мен топган пулларим эвазига танбал бўлиб улғайишди. Меҳнатга бўйин эгмадилар. Ўқишни чала ташлаб кетдилар. Бу менга Аллоҳнинг жазосимикан? Ака бўлиб сингилларим учун нима қилдим? Мен қилишим лозим бўлган ишларни куёв бажарса-я! Бу не кўргулик ахир? Бундан ортиқ азоб борми?!”
Орадан қанча вақт ўтди, билмади. Аммо бир пайт болалигидан ўзига таниш ёқимли ифор, илиқликни туйди. Кўзини очишга қўрқарди, гўёки бу тушдай, кўзини очса, йўқотиб қўядигандай эди.
“Ака!”
Таниш овоздан юраги ҳапқириб кетди.
Инобат! Инобатнинг овози-ку. У аста кўзини очди ва тепасида йиғлаб турган икки синглисини кўрди. Шу он унинг тили калимага келмай қолди. Фақат ўксиб-ўксиб йиғлади.
— Йиғламанг, акажон, бизларни олдингизга, ота-онамизнинг руҳи ҳайдаб келди. Куни кеча, опам иккаламиз ҳам бир хил туш кўрибмиз. Гўёки отамиз сизни излаётганмиш, “акангга қийин бўлди-да, ундан хабар олинглар”, дермиш ҳадеб. Шундан кейин келинойимиз, ўғилларингиз уришиб ҳайдаб юборса ҳам майли акамизни бир кўриб, дийдорлашсак бўлди, деб кириб келавердик.
Шу кўйи улар алламаҳалгача дардлашдилар, бир-бирларининг дийдорларига қондилар.
Эртаси куни тонгда Абдуҳолиқнинг жони узилди. У гўёки фақат шу кунни кутган, сингилларидан розилик олиш умидида яшагандай эди. Бу учрашув видолашув эканинини у билганмикин? Балки шунинг учун омонатини хотиржам топширгандир.
Феруза ОРИПОВА

