«ТРЕВИ» ФАВВОРАСИ ПУЛЛИК БЎЛАДИ

“NSS Magazine” хабарига кўра Италиянинг Рим шаҳрида жойлашган машҳур туристик зоналардан бир бўлган “Треви” фавворасига ташриф буюриш 2026 йилдан бошлаб пуллик бўлади.

Шаҳар кенгашининг маълум қилишича, янги тартиб мазкур ёдгорликни сақлаб қолиш ва ташрифларни янада қулай қилиш мақсадида амалга оширилмоқда. Пуллик чипта тизими 2026 йил 7 январдан бошлаб амал қилади. Римдаги Колизейдан кейин энг кўп ташриф буюриладиган иккинчи ёдгорлик ҳисобланган  фавворага расман чипта билан кириш тизими ишга тушадиган кун этиб белгиланди.

 Янги йўриқномаларга кўра, фаввора майдонига кириш жойи иккита алоҳида йўлакка – сайёҳлар учун ва Рим аҳолиси учун мўлжалланган йўлакларга ажратилади. Ҳозирги тўсиқлар ўрнига ўрнатиладиган бронза устунлар орқали ажратилган бу йўлакларда чипта тўловларини кредит карта орқали амалга ошириш ҳам мумкин бўлади.

Кириш чиптаси биринчи навбатда ҳар куни майдонни зиёрат қилувчилар сонини чеклашга қаратилган. Рим аҳолиси учун кириш бепул, сайёҳлар эса 2 евро миқдорида тўлов қилади. Йиғилган даромад фаввора ҳудудини бошқариш, жумладан, кириш жойлари ва ташриф буюрувчилар оқимини назорат қилиш учун ходимларни ёллашга қайта инвестиция қилинади.

“Corriere della Sera” нашри хабарига кўра, ушбу чора орқали ёдгорликни ҳимоя қилишни мақсад қилинган бўлса-да, бу катта иқтисодий таъсирга ҳам эга бўлиши мумкин. Янги тизимдан тушадиган тахминий даромад йилига 20 миллион евро атрофида бўлиши кутилмоқда.

Таққослаш учун, биргина 2025 йилнинг дастлабки олти ойида «Треви» фавворасига 5,3 миллиондан ортиқ сайёҳ ташриф буюрган. Бу 2024 йилда Пантеонга ташриф буюрган жами одамлар сонидан ҳам юқори кўрсаткичдир. Маълумот ўрнида, 2023 йилдан бери Римнинг яна бир йирик сайёҳлик маскани — тарихий Пантеонга кириш ҳам пуллик қилинган.