УЗР СЎРАШНИ БИЛИНГ
— Оилада уч нафар қиз эдик, — дея ҳикоясини бошлади Азиза опа. — Онам касаллик туфайли анча йиллар олдин оламдан ўтган. Отамиз онам билан жуда бахтли турмуш кечирганлари сабабли бошқа уйланишни хоҳламадилар. Ўша пайтда кенжа синглим Нодирани узатиш арафасида эдик. Опам шаҳар марказидаги кўп қаватли уйда яшайди, уч ўғли бор. Мен ҳам кўп қаватли уйда яшайман, бир ўғил бир қизим бор. Синглим катта ҳовлига ёлғиз ўғилга турмушга чиқди. Отам хайҳотдек ҳовлида бир ўзи қолди.
Авваллари синглим бизларга бу борада сира ташвиш туғдирмасди, отамизнинг иссиқ-совуғи, озиқ-овқати унинг гарданида эди. Кейинроқ опамнинг ўғиллари бобосининг ёнида бўлиб юрди. Аммо нима қилса ҳам ўғил болада, уларни овқат қилишга уқуви йўқ, кекса одамни эса овқат сақлайди. Шундай қилиб, отамизга қараб туриш учун опа-сингиллар маслаҳатлашиб, бир қарорга келдик, шаҳар четида яшашимиз, эримнинг иши, болаларимнинг ўқишларига қулайлигини инобатга олиб, ҳовлига биз кўчиб келадиган бўлдик.
Ўн йил шу ҳовлида яшадик. Бу орада отам вафот этди. У кишига қараганлигим сабабли, ҳаётлигида ҳовлини менинг номимга васият қилиб берди.
Бир куни опам келиб, “Азиза, сенинг бир ўғлинг бор, қизингни узатсанг, “дом”га ўғлингни уйлантирасан, менда эса уч ўғил. Улар уйланиш ёшига етиб қолишди. Нодиранинг жойи етарли, шу ҳовлини сотайлик, яхшигина пул бўлади. Сенга алоҳида “дом” оламиз, менга ҳам улуш берсанг, тўнғичимни уйлантирардим”, дея ҳасратини тўка бошлади. Чунки опамнинг турмуш ўртоғи оламдан ўтган эди. Қолаверса, поччам рўзғордан ошиниб ўғилларига яшаб турган уйидан бошқа жой қилолмаган. Бу гапдан жазавам тутиб, “Фарзанд бўлиб отамни бир кун боқиб қўйибсизми, Нодира кунига ярабдими, мен-ку отамнинг охирги кунигача ёнида бўлган. Демак, уй-жой фақат менга тегишли. Сизни бу ҳовлида ҳаққингиз йўқ, қолаверса, отам ҳовлини менга васият қилиб берган. Бу ҳовлида набираларим катта бўлади ҳали. Унутинг, агар яна бир марта бу ҳақда оғиз очсангиз, сиздайин опам йўқ менинг”, дедим қатъий оҳангда. Опамнинг кўз ёшлари юзини ювиб, ортиқ бир сўз демай, уйдан чиқиб кетди. Шу воқеадан кейин бошқа у билан гаплашмадик.
Опам уч ўғлини уйлантирди, мен ҳам қизимни узатдим, ўғлимни уйлантирдим. Аммо бахтсизликни қарангки, ўғлим бепушт экан. Шу ҳовлига биргина ўғлимга уч маротаба келин тушириб, яйрамадим. Қизимнинг иккинчи фарзанди ногирон туғилди. Бир дардим икки бўлди. Бу фалокатлар қайдан, қайси гуноҳим учун, деб ўзимга-ўзим савол бераман, жавоби йўқ. Бир куни синглим Нодира:
— Сиз опамдан кечирим сўрашингиз керак, агар опам сизни кечирмас экан, ҳеч қачон рўшнолик кўрмайсиз, — деди.
— Қайси гуноҳим учун узр сўрашим керак, нима айб қилибманки опам мендан норози бўлади. Ахир ҳовлини олган бўлсам, бунинг учун меҳнат қилиб қўйдим-ку, — деб ўзимни оқлашга тушдим.
— Барибир, ҳовлида барчамизнинг ҳаққимиз бор. Сиз нотўғри иш қилдингиз.
— Сени ҳам опам заҳарлаган, маслаҳатингга зор эмасман, боре .
— Ҳали кўп афсус қиласиз. Аммо унда кеч бўлади.
— Насиҳатинг ўзингга сийлов, истасанг, сен ҳам мендан кечиб юборавер.
Шу бизнинг охирги суҳбатимиз бўлди. У ҳам бора-бора келмай қўйди. Мен ўзимни ҳақ деб билардим, ноҳақлигимни эса опам вафот этганлиги ҳақидаги хабарни эшитганимда тушуниб етдим. Ҳаётимдаги парокандалик, бахтсизлик, меҳрсизлик — ҳамма-ҳаммаси опамнинг мендан кўнгли оғригани эвазига экан. Ғурур сабабли мен ўз жигаримдан кечирим сўрай олмадим. Алам қилгани, қабримга кўтариб кетолмайдиган шу ҳовли умримни азобда ўтказишга сабаб бўлди. Бир неча йилдирки азобдаман, ҳаловатим йўқ.
Азиза опанинг ҳикоясини тинглар эканман, чин дилдан узр сўрашни билиш ҳам фазилат эканлигини тушундим. Аждодларимиз “Узр сўрашни билиш — буюклик белгиси”, деб бежизга айтишмаган. “Мен ноҳақ эдим, нотўғри иш қилдим, узр сўрайман”, дейишни билишимиз керак экан. Агар узрни шунчаки эмас, чин дилдан сўрасангиз, демак, сиз кучли ирода соҳибисиз. Одамлар самимий узрнигина қабул қилади. Биз узримиз самимий эканлигини кўрсата олишимиз зарур.
Келинг, агар ноҳақ бўлсак ёки бирор-бир ишни нотўғри қилсак, узр сўрайлик. Кимдан узр сўрашнинг аҳамияти йўқ, ўз боламизданми, фаррошданми, ходимданми, бошлиқданми, асосийси, узр сўрашни билайлик. Бу билан атрофдагиларнинг чексиз ҳурмати ва муҳаббатига сазовор бўламиз. Агар сиз бировни атайлаб ранжитмаган бўлсангиз, унда сизнинг узрингиз ҳар доим қабул қилинади.
Феруза ОРИПОВА