УНИНГ ЖОЗИБАСИ ЎЗГАЧА

Гимнастикачи Оминахон Ҳалилова севган спорт тури ҳақида доим фахрланиб гапиради

Гимнастика спорт турларининг маликаси, деб бежизга эътироф этилмайди. Нафосат ва гўзаллик, эпчиллик ва чаққонликни ўзида мужассам этган бу спорт тури билан шуғулланувчилар юртимизда тобора кўпаймоқда. Улар халқаро майдонларда муносиб ўринларни эгалламоқда. Жаҳон ареналарида юртимиз довруғини таратаётганлар орасида Оминахон Ҳалилова ҳам бор.
25-баҳорини қарши олаётган Оминахоннинг ота-оналари унинг болалигидаёқ спортга бўлган қизиқишини англашган. Беш ёшида гимнастика тўгарагига олиб боришган. Мана шундан буён севимли спорт тури билан шуғулланиб келади. У билан суҳбатимизнинг асосий мавзуси гимнастика тўғрисида бўлди.
— Бу спорт билан профессионал шуғулланиш аввалида муаммолар бўлганми? Масалан: «Одамлар нима дейди?» қабилидаги гаплар…
— Аввалига бундай гап-сўзлар кўп бўлган. Айниқса, энди бошлаган пайтларимда. Кейинроқ улғайгач, яна ҳам кўпроқ муаммоларга дуч келган кунларим бўлган. Бу спортни яхши кўришим барчасини ортда қолдирди. Негаки унинг ўзгача жозибаси қар қачон мени ўзига жалб этиб турган.
— Яқинда Туркияда ўтказил­ган катта мусобақада юқори ўринлардан бирини банд этдингиз. Фаолиятингиз давомида, яна қандай ютуқларга эга чиққансиз?
— Гимнастика бўйича халқаро спорт устаси унвонини қўлга киритганман. Бир неча йиллардан бери турли мусобақаларда мунтазам иштирок этиб келмоқдаман. 5 карра Ўзбекистон чемпиони унвонига эга бўлдим. Осиё чемпионатида олтин медаль соҳибасига айландим. Шунга қарамай, асосий ор­зуим амалга ошгани йўқ. Эришган натижаларим туфайли юртимиз байроғининг жаҳон ареналарида янада баланд туришини истайман.
— Нега айнан гимнастикани танладингиз?
— Тўғрисини айтсам, болалик пайтларимда учишни орзу қилганман. Бу борада қизиққанларга доимо «парвоз қилиш», деб жавоб берганман. Улғайгач, хаёл бошқа, ҳаёт бошқа эканлигини англаб етдим. Ҳозир мураккаб вазиятлар, тўсиқларга қарамай кўзлаган мақсадим сари интилишни ҳаётимдаги шиор қилиб олганман. Шу омил сабаб­ли ҳам гимнастикани танладим ва у билан умр йўлларимни боғладим.
— Яна қандай мусоба­қалар сизни кутмоқда?
— Тез орада бўлиб ўтиши кўзда тутилаётган Осиё чемпионати ва Осиё ўйинлари мусобақаларига тайёргарлик кўриляпти. Халқаро майдонда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишимиз учун ҳар бир спортчи билан хареограф, диетолог ва психологлар ишламоқда. Кунига икки маҳал машғулот ўтяпмиз. Барчаси аъло даражада бормоқда. Насиб қилса, яқинлашиб келаётган турнирда олтин медаль билан Ўзбекистонга ёруғ юз ила қайтиш.
— Спортнинг гимнастика тури билан шуғулланишни орзу қилаётган ёшларга маслаҳатингиз?
— Ҳеч қачон, ҳеч нарсадан қўрқиш керак эмас. Қўрқув спорт­га энди кириб келган ёшларга ўтиб бўлмас тўсиқдек туюлиши табиий. Бироқ, бунинг ечими кўпроқ шуғулланиш. Тинимсиз меҳнат ҳеч қачон бе­самар кетмайди. У кун келиб албатта, ўз мевасини беради.

Яҳёхўжа Улуғхўжаев суҳбатлашди.