УЯЛИ ТЕЛЕФОН

Шу “уяли телефон” дегани турмушимизга коронавирус каби шиддат билан кириб келди-да! Ҳозир ҳамманинг қўлида телефон.
“Қоровултоғ” яйловларида қўй-эчки боқиб юрган чўпонларнинг бошлиғи дарахт соясида ўтириб, сурувнинг икки томонида телефон ўйнаб ўтирган шерикларига SMS жўнатмоқда: “Парпи, Малла, сурувни тоғнинг кунгай томонидан терскай тарафига буринглар, кун жуда исиб кетди. Бу мен, бош чўпон. “Ўзи эса “YouTube” платформаси­га кириб, чиройли аёллар суратларини томоша қилишга тутинди. Бир оз муддат ўтиб у жўнатган SMS хабарига жавоб келди: “Хўп бўлади, раҳбар! Бу биз, бош чўпон ёрдамчилари”.

Сурувни суғориш, туз ялатиш, дам олдириш, отарга қайтариш, қўриқчи итларга овқат бериш, ўзига фойдали гиёҳлардан чой дамлаб келиш каби юмушлар ҳам ёрдамчиларга онлайн тарзда етказилади. “Шундай қилиб ҳам қўй-эчки боқса бўларкану” — ўйлаб қолади бош чўпон. — “Эгилиб, букилиб сурувнинг орқасидан нақ 25 йилдан буён эргашаман-а. Шу уяли телефонни ўйлаб топган азаматнинг отасига раҳмат, дунёга келтирган онасига қуллуқ. Жа узоғингни яқин қиладиган нарса экан-да!”
Бош чўпоннинг рафторига қараб, уни асло чорвадор демайсиз. Биз ёшлик пайтимизда билган чўпонлар кўз ўнгимиз­да гавдаланади: юзлари қуёшдан қорайган, бармоқлари серпай, дағал, кийимларига бир оз чанг ўтирган бўлар эди. Бизнинг қаҳрамоннинг юзи эса бир неча йиллардан буён офисдан ташқарига чиқмаган бухгалтерия ходиминикидек, қўллари топ-тоза, кийимлар эса озода. Хуллас бу – уяли телефоннинг шарофати.
Уяли телефонлар пайдо бўлгач, бизнинг оилада ҳам ақл бовар қилмайдиган муҳит пайдо бўлган. Илгаргидек болаларни суйиб эркалаш, улар тилидан шеърлар, қўшиқлар эшитиш, боғча ёки мактабда нима воқеалар юз берганини сўраб-суриштириш, алла айтиш, эртак сўзлаб бериш охирги марта қачон бўлганлигини эслай олмайман. Барчанинг қўлида уяли телефон. Икки ёшли ўғлимиз боғчадан келибоқ телефонга “ёпишади”. Пешонасини диванга қадаб, телефонни гилам устига қўйиб соатлаб ўтиради. Бу йил биринчи синф­га борган қизимиз ҳам телефон билан банд. Уйимизда болалар бор-йўқлигини сезиш мушкул. Чунки ҳар оқшом сукунат ҳукмрон. Телевизордаги “Болажон”, “Ақлвой” дастурларига ҳам уларда аллақачон иштиёқ сўнган.
Соғлом бўлиш учун кечки овқат ҳам тановул қилиш зарурлиги уяли телефон олдида улар учун чикора. Аслидаку ҳали ейдиган овқатнинг ўзи ҳам йўқ. Болаларнинг онаси ошхонада ўнг қўли билан қозонни ковлаб, уяли телефонини чап қўлида қулоғига маҳкам босиб олган ҳолда ким биландир қизғин суҳбат қилмоқда. Бир оздан сўнг унинг телефонида мактаб директорининг (аёлим мактабда ўқитувчи) овозли хабари эшитила бошлади. Овозли хабар топшириқ руҳида бўлиб, ўн беш дақиқа мобайнида “тушундиларингми?”, “уқдиларингми?” деган сўзларнинг ўзи бир неча ўн баробар янгради. Кейинги воқеалар яна ҳам кескин авж олди. Энди ўқитувчилар ҳозиргина директордан олинган топшириқлар муҳокамасини бошлаб юборишди. Телефонда бўлаётган қизғин суҳбатни фейсбукка келиб тушган янги хабар бўлиб юборди.
Хотинимнинг телефонига келаётган хабарларнинг охири кўринмас эди. Овқат эса пишай демасди. Назаримда табиий газ босими паса­йиб кетди, ўчиб қолган бўлиши ҳам мумкин, лекин аёлим бечора буни идрок этолмасди. Болалар телефон ўйнаб ўтириб нон, печенье еб олишди. Менинг сабру бардошим тугади. Ўғлимдан не машаққатлар билан телефонимни олиб, хотинимга қуйидагиларни ёзиб юбордим: “Лола, бу мен, марҳамат қилиб фейс­букдан чиққин, бизнинг қорнимиз очди, ахир! Эринг”.
Лола хонага кирмади, у ҳамон уяли телефонига энгашиб, ҳамкасбларига ниманидир ёзар эди. Шукр, ўғлимни тувакка ўтқазишга аранг улгуриб қолдим. Уни жойига ётқизиб, Лолани кута бошладим. Уйқу ҳам мени тарк этди. Ота-онам эсимга тушиб кетди. Кўришмаганимизга ҳам мана ярим йил бўлай деб қолибди. Уларни бир хурсанд қилай деб ойимнинг телефонига матн жўнатдим: “Ойижон, сизларга оиламиз расмини жўнатябман. Дадам билан Сиз ҳам сельфи қилиб менга юборинг­лар. Биз сизларни жуда соғиндик. Ҳеч чидаб бўлмаябди. Ўғлингиз”.
Тун ўз ҳукмини ўтказа бошлади. Лоладан эса дарак йўқ. Унинг телефонига хабар йўлладим: “Лола, соат 24 дан ўтди. Ётоқхонага қайт. Ҳамма нарсадан воз кеч. Фейсбукдан чиқ энди. Сенга гапим бор. Бугун тўйимиз бўлиб ўтганига 10 йил тўлди. Ўша куни бизнинг висол кечамизни дўстим Козим телефонига ёзиб олган экан, у ҳозир менга ташлаб берди. Сени табрик­лайман. Ётоқхонага кириб мени уйғот, бирга томоша қиламиз. Эринг”.
Расулжон МУХТОРОВ.