У ЎЗ ТАНЛОВИДАН ХУРСАНД

Бир шингил суҳбат

— Севимли китобингиз?

— Пауло Коэльонинг “Алкимёгар” романи.

— Севимли фильмингиз? 

— “Гарри Поттер”.

— Севимли спорт турингиз?

— Футбол. Испаниянинг Ла-лигаси ўйинларини севиб томоша қиламан.  “Барселона”га мухлисман.

— Бўш вақтингизда кўпроқ нима билан шуғулланишни ёқтирасиз?

— Фалсафий-психологик китоблар мутолаа қилиш жону дилим.

Чуст туманидаги Сар­қамиш Мирзаобод маҳалласи аҳли юзида самимият, вужудида ғайрат-шижоат уфуриб турган бу йигитни яхши билишади. Ҳар гал Навбаҳор кўчасидаги файзли хонадонларнинг биридан ораста кийиниб, ишга барвақт отланиб кетаётганини кўришганда дилларида ажиб ҳавас ва ҳайрат уйғонади. “Тавба, яқиндагина ўзимизнинг мактабда эл қатори ўқиб юрарди. Кейин ихти­сос­лаш­тирилган мактаб-интернатда, академик лицейда таҳсил олди деб эшитгандик. Беш-олти йил аввал “Тошкентдаги олийгоҳга кирганмиш”, деган хушхабар тарқалганди. Мана, энди уни битириб, обрўси баланд банкда ишлаяпти экан. Қанийди, бизнинг болаларимиз ҳам Охунжонга ўхшаб ўқимишли бўлишса, нуфузли жойларда ишлашса… Уни тарбиялаган, ўқитган ота-онасию, устозларига раҳмат! ”

Бундан икки йил аввал пойтахтимиздаги  Аграр университетини иқтисодиёт йўналиши бў­йича тамомлаган ёш мутахассис — Охунжон Файзиевни туман ҳокимлиги мутасаддилари эътибор билан қарши олишди. Таклиф қилинган лавозим ҳам чакки эмас  — ҳокимлик инвестициялар ва ташқи савдо бўлими етак­чи мутахас­сиси. Икки ой ўтиб уни мазкур бўлим бош мутахассислигига лойиқ топишди. Яна икки ой ўтгач эса … у “Hamkorbank” АТБ Чуст филиали чакана бизнес бўлими иш ўрганувчиси сифатида фаолият юрита бошлади. Якунланган йилнинг баҳорида банкда иш ўрганишни бошлаган йигирма беш ёшли йигит кеч кузда бўлим менежерлари қаторидан жой олди.

Ҳокимликда нуфузли вазифада иш бошлаган, эл таъбири билан айтганда, “ўсадиган кадр”нинг  банк соҳасини танлагани уни яқиндан билганларни бироз энсасини қотирди. Бироқ Охунжоннинг ўз орзу-умидлари бор эди. Мактаб чоғиданоқ ҳисоб-китоб ишларини ёқтирарди, иқтисодиёт масалаларига қизиқарди. Қалб истаги Тошкентга —университетга етаклади. Энди эса банк…

— Банкимизни турдош молия муассасаларига нисбатан устун жиҳатлари бор, — дейди у мулоқотимиз аввалида. — Қатъий тартиб-интизом, мижозларга намунали хизмат, ажойиб меҳнат муҳити мени бу ерга чорлади. Танловимдан мамнунман.

— Иш бошлаганингизга кўп бўлмади. Қийналаётгандирсиз? Ахир ўқиш бошқа, иш бошқа…

Сўровимиздан Охун­­жон кулимсираб­ қўяр­кан, босиқлик би­лан давом этди:

— Тўғриси, дастлабига қийин кечди. Янги жамоа, янги ҳамкасблар, муҳитга кўникиш — бу, илк бор иш бошлаган ҳар бир ёшнинг бошида бор. Аслида ҳамма иш ҳам осон­мас: машаққатларию роҳатлари бор. Бўлим бошлиғимиз, етакчи менежер Музаффар  Ғоффоровдан кўп нарсаларни ўргандим. У менга мураббий-устоз. Билмаганларимни эринмай тушунтиради. Олган назарий билимларим асқотяпти.

Ёш менежер билан суҳбатлашиш асносида келгуси ниятлари билан қизиқсиндим. Севимли жамоасида севимли ишини давом эттириш орқали банк­нинг нуфузини янада оширишга ҳисса қўшиш, мижозларга инновацион лойиҳалар асосида намунали ва сифатли хизмат кўрсатишни  такомиллаштириш,  давлатимиз иқтисодиётини янада равнақ топишида фидо­йилик кўрсатиш Охунжон Файзиев ва у каби ёш банкирларнинг ниятларида мужассам эканлигидан бохабар бўлдим.

Яхши ниятларингиз ушалаверсин, “Hamkor­bank”ёшлари!

Ҳалимжон ТОҲИРОВ