Фавқулодда вазиятларда қандай йўл тутасиз?

Аҳоли ҳамда ҳудудларни турли табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятлардан самарали муҳофаза қилиш, тинч ҳамда осойишта ҳаёт кечиришини таъминлаш долзарб вазифалардан бири. Шу мақсадда мустаҳкам қонунчилик базаси яратилиб, фуқаро муҳофазасини давр талабларига мос равишда такомиллаштириб борилмоқда.

 Андижон вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ташаббуси билан “Ҳамкорбанк” АТБда ўтказилган ўқув машғулоти айни шу мақсадга қаратилди. Дастлаб куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлардан огоҳ бўлиш ва ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этиш хусусида сўз юритилди. Аҳоли уйларида ёнғин ва чақнаш оқибатида кўрилган талофатлар, хусусан корхона ва ташкилотларнинг идоралари биноларида юзага келган ёнғинларнинг қандай оқибатга олиб келганлиги фотолавҳалар орқали кўрсатиб ўтилди.  Овқатдан заҳарланиш, ботулизм ва уй ҳайвонларидан юқадиган юқумли касалликлар юзасидан тушунчалар берилди. Махсус техникалар, ёнғин ўчириш давомида ишлатиладиган техник воситалар билан таништирилди.

 Фуқаро муҳофазаси хавф — хатар ҳақида ёки унинг юз бериши мумкинлиги тўғрисида ўз вақтида хабар беришдан  бошланади. Хўш, бу борада етарли тушунчага эгамизми? Тадбир давомида айни шу масалага алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчиларнинг билимлари оширилди.

Мутахассислар фавқулодда вазиятларда биринчи ёрдам кўрсатиш ҳақида гапириб, бунда ҳар бир инсон биринчи, тезкор қутқарувчи эканлигини алоҳида таъкидладилар. Масалан, фавқулодда ҳодисалар туфайли инсон қон томирлари кесилиши оқибатида ёки одам хушидан кетган ҳолатда биринчи тиббий ёрдам келгунича кўриладиган чоралар амалий кўрсатилди

Ўқув машғулот якунида банк ходимларини қизиқтирган саволларига жавоб берилди.

О. Халилов,

Андижон шаҳар Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғининг ўринбосари.