ФАРЗАНДЛАР ЮТУҒИДАН ҚУВОНАЁТГАНЛАР

“Нamkorbank” АТБ Бухоро минтақавий банк хизматлари офиси 2002 йилдан буён мижозлар хизматига камарбаста. Бу сафар мақоламизда кўрсаткичлар, натижалар ҳақида сўз очмаймиз. Рақамлар ҳам баъзида инсонни толиқтиради. Яхшиси, Шерзод Мергулов бошчилигидаги жамоа ҳаётида қандай хушхабарлар бор, деган саволга жавоб излаймиз.


Бухороликлар азалдан илмга чанқоқ. Банкда ҳам салоҳияти юксак мутахассислар фаолият олиб боради. Бу йил бир қанча жамоа ходимларининг интилувчан фарзандлари олий таълим муассасаларига ўқишга кириб, ота-оналарининг юзларини ёруғ қилди.
Жумладан, кредитларни мониторинг қилиш жанубий-ғарбий бўлими (Бухоро) етакчи мутахассиси Лазиз Остонов илк бор “талабанинг отаси” деган номга сазовор бўлди. Унинг қизи Меҳрибон Юнусова эндиликда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида таҳсил олади. Агар мазкур таълим муассасасининг юртимиздаги нуфузи ва даражасини ҳисобга олсак, Меҳрибон анча юқори балл­ни қўлга киритганлиги шубҳасиз.
Чакана бизнес бўлими бошлиғи Абдураҳмон Алиевнинг тиришқоқ қизи Азизахон Аминова Бухоро давлат университети талабасига айланди. Демак, Абдураҳмон ака ҳам омади чопган, бахтиёр оталардан.


Маъмурият бўлими етакчи мутахассиси (ИТ) Меҳрож Тошпўлатовнинг тўнғич фарзанди Муҳаммадали Авазов ютуқлар борасида катта ёшли ака-опаларидан қолишмади. У Бухорода илк бор фаолиятини бошлаган ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг 5-синфига иқтидорли болалар ўртасида ўтказилган танловда юқори натижаларни кўрсатганлиги сабабли қабул қилинди. Билимдон болакайнинг келажаги порлоқ бўлишига тилакдошмиз.
Кредитларни мониторинг қилиш жанубий-ғарбий бўлимининг яна бир етакчи мутахассиси Мурод Қозоқов банкнинг фахрий ходимларидан. Ёз ойида Мурод ака чиройли тўй-томошалар билан иккинчи қизи Азиза Жумаевани турмушга узатган бўлса, “Сомоний” Банк хизматлари офиси кассири Шаҳноза Бобоева тўнғич фарзанди Улуғбек Холовни уйлантирди.
Жамоа­да тўйлар тўйга уланди. Ходимлар билан ишлаш менежери Мақсуда Эргашеванинг ҳаётидаги унутилмас воқеани ҳам айтиб ўтишни истадик. Унинг ўғли Фирдавс Ғофуржонов ўз жуфтини топди. Файзли хонадонга келин тушди. Жамоадошлари М. Эргашеванинг қувончига самимий шерик бўлди. Ҳа, шунақа хушхабарлар Бухоро томонларда.

Н. ТЎХТАМАТОВА