ФРАНЦУЗларни ЛОЛ ҚИЛАЁТГАН АБДУҚОДИР
Ўзбек футболининг ютуқлари, жаҳон мусобақаларидаги иштироки ҳақида, тўғриси, оғиз тўлдириб мақтана олмаймиз. Чунки катта саҳналарда панд бериб қўйиши бор гап. Аммо ўсиб келаётган айрим ёш авлоднинг ўйинлари кўнглимизни хотиржам қилади. Масалан, 20 ёшли ватандошимиз Абдуқодир Ҳусановнинг хорижликлар билан тенгма-тенг, керак бўлса, улардан юқори суръатда ўйин кўрсатаётгани мухлисларнинг ўзбек футболига бўлган ишончини оширмоқда.
Франция вице-чемпиони “Ланс” ўзининг мустаҳкам ҳимояси билан ажралиб туради. Клуб 2023 йилда ўзбекистонлик ёш ҳимоячини Белоруссиянинг “Энергетик-БГУ” жамоасидан юз минг евро бадал пули тўлаш эвазига сотиб олган эди. Абдуқодир французларнинг ишончини ортиғи билан оқлади.
Тошкент шаҳрида туғилиб, вояга етган қаҳрамонимиз “Бунёдкор” тарбияланувчиси ҳисобланади. 18 ёшгача мазкур клубнинг ёшлар жамоасида тўп сурган. 2022 йилнинг март ойида унга “Энергетик-БГУ” жамоаси харидор бўлди. У янги клубда 3 та ўйиннинг ўзида 2 та голл уришга эришди ва шу йилнинг ўзида Халқаро спорт тадқиқотлари маркази томонидан дунёнинг энг истиқболли ёш футболчилари рўйхатига киритилди. Йил охирида эса Белоруссия чемпионатининг кумуш медалига сазовор бўлди. Майдонда шиддат ва ақл ҳамоҳанглиги асосида ҳаракатланувчи ватандошимиз 2023 йилда Белорус Олий лигасининг расмий терма жамоасидан ўрин олиб, “Энг яхши марказий ҳимоячи” мақомини қўлга киритди.
2023 йил мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида Абдуқодир Ҳусановга Франциянинг вице-чемпиони “Ланс” қизиқиш билдираётгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Бу хабар ўз тасдиғини топиб, 2023 йилнинг 21 июлида ёш футболчимиз расман клуб аъзосига айланди ва 4 йиллик шартнома имзолади. У “Ланс”га кўчиб ўтганидан кейин Европанинг кучли бешлик чемпионатларига кирувчи Франция юқори дивизионида майдонга тушган биринчи ўзбек футболчиси сифатида тарихга ўз номини ёздириб қўйди. Жорий мавсумда 20 ёшли ҳимоячи миллий чемпионатда ўнта, УЕФАнинг энг нуфузли икки турнири — Чемпионлар лигаси ва Европа лигасида иккитадан учрашувда қатнашди.
Абдуқодир Ҳусанов ўзи иштирок этган ўйинларда ишончли хатти-ҳаракатлари орқали мухлису мутахассисларнинг эътибори ва эътирофига лойиқ топилди. Қолаверса, марказий ҳимоячимизнинг трансфер суммаси ҳам бир неча баравар кўтарилди. “Ланс”га ўтган пайтда унинг нархи 400 минг еврони ташкил қилган эди. Муваффақиятли ўйинлари туфайли бу сумма кескин ошди ва ҳозирги пайтда ҳамюртимиз transfermarkt.world экспертлари томонидан 2 миллион еврога баҳоланмоқда.
Француз мухлислари ёш ўзбек футболчисининг ўзига ишонган, хотиржам, ёшига нисбатан етук ўйин кўрсатаётгани ва ўсишда давом этаётгани ҳақида гапиришмоқда. Жамоа узоқ йиллар ҳимоя тизимини кучайтирадиган ёш ўйинчи излаган, айнан Абдуқодир барча ўйинлар фонида ўзининг кучли ва хотиржам эканлиги билан ажралиб туриб, кутилган ўйинчи эканини исботламоқда.
“Ҳусанов ўз ёши учун жуда етук ўйинчи” — дейди Ланс дарвозабони ва сардори Брис Самба. — Уни порлоқ келажак кутмоқда, чунки унда марказий ҳимоячи учун зарур бўлган барча хислатлар мавжуд.
“Абдуқодир жисмоний жиҳатдан кучли ва тўп билан яхши ишлайди, ақлли футболчи ва ақлли инсон. Жуда ёш бўлишига қарамай катталардек ўйнайди ва ҳеч нимадан чўчимайди. Диққат-эътиборли, маълумотларни яхши қабул қилади”, — дейди ҳимоячи Жонатан Гради.
“Бу йигит мен кўрган энг яхши ўйинчилардан бири, у футболни яхши тушунади. Ҳозирданоқ энг юқори даражада ўйнаши мумкин”. Бу фикрлар эса “Ланс”нинг яна бир аъзоси Кевин Дансога тегишли.
Француз футболининг энг илғор вакиллари томонидан ҳамюртимизга нисбатан айтилган бундай илиқ таърифлар бизни қувонтиради, албатта. Умид қиламизки, Абдуқодир келгусида юқори чўққиларни забт этиб, ўзбек мухлисларининг орзу-умидларини рўёбга чиқаради.
Н. ТЎХТАМАТОВА

