ХОДИМЛАР ҲИМОЯСИ ВА РАFБАТ ДОИМ ЭЪТИБОРДА

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва тармоқ касаба уюшмаси Уставларида касаба уюшмалари ташкилотларида ҳисобот-сайловлар ҳар 5 йилда бир марта ўтказилиши, касаба уюшма органлари 5 йил муддатга сайланиши белгилаб қўйилган. Шунга кўра, Тошкент шаҳрида «Hamkorbank” АТБ Бирлашган касаба уюшмалари қўмитасининг II конференцияси бўлиб ўтди. Унда жорий йилнинг февраль-март ойларида бўлиб ўтган 55 та бошланғич касаба уюшма ташкилотларининг ҳисобот-йиғилишларида сайланган делегатлар иштирок этди.
Шунингдек, конференцияда «Hamkorbank” АТБ Кенгаши раиси Икромжон Ибрагимов қатнашди.



Дастлаб Бирлашган касаба уюшмалари қўмитасининг 2020 йил апрелдан 2025 йил апрелгача бўлган давр мобайнидаги фаолияти ва навбатдаги вазифалари тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимояси, меҳнати муҳофазаси, маънавиятини юксалтириш, соғломлаштириш масалалари юзасидан Бирлашган касаба уюшмалари қўмитаси раиси Шукрулло Неъматовнинг маърузаси тингланди.
Қайд этилганидек, кейинги йилларда банк раҳбарияти жамоат ташкилотлари олдига тизимда жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш, ишловчиларни танлаган касбига ва меҳнат жамоасига садоқат руҳида тарбиялаш, пировардида ходимлар маънавиятини янада юксалтириш каби талаб­ларни қўймоқда. Жумладан, Банк Кенгаши раиси Икромжон Ибрагимов бошланғич касаба уюшма қўмиталари раислари билан 2021 йилдаги учрашувида улар олдига ходимларнинг фаол ҳаётий позицияда бўлиш­ларига эришиш, ёшларда лидерлик қобилиятини шакллантириш, ходимлар ўртасида соғлом рақобатни юзага келтириш орқали банкда меҳнат унумдорлигини ошириш, жамоа аъзоларининг ҳуқуқий маданияти ва маънавиятини юксалтириш, шу мақсадда банкдаги мавжуд жамоат ташкилотларининг куч ва имкониятларини бирлаштириш вазифасини қўйганди. Шундан келиб чиқиб, ходимларнинг ҳуқуқий маданияти ва маънавиятини юксалтириш биринчи ўринга олиб чиқилмоқда. Ўтказилган қатор тадбирлар ана шу анъаналарга хос хизмат қилгани аниқ.


Жамоат ташкилотлари, жумладан, касаба уюшмалари иш берувчи билан ишлов­чилар ўртасида кўприк вазифасини ўташи керак. Бу кўприкнинг мустаҳкамлиги маъмурият билан ходимларнинг вакиллик органи, яъни касаба уюшмалари ўртасида имзоланадиган «Жамоа шартномаси»нинг ҳуқуқий жиҳатдан қай даражада мукаммаллигига боғлиқ. 2023-2025 йиллар учун имзоланган жамоа шартномасига асосан муносабатлар ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик ва икки томонлама манфаатли асосларга қурилган. Белгиланган вазифаларни сўзсиз бажаришга эътибор қаратилди. Банк ходимлари, фахрийлар ва банк маблағлари иштирокидаги корхоналар ходимларини соғломлаштириш, сиҳатгоҳларга юбориш доим эътиборда бўлди. Авваллари йил давомида сиҳатгоҳларга кўпи билан 30 та йўлланма берил­ган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 115-120 тани ташкил этяпти.
Ходимларни кўнгилли дам олишларини ташкил этиш мақсадида ички ва ташқи туризмга жалб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар кўлами ҳам кенгайиб боряпти. Республикамизнинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар мунтазам йўлга қўйилган. Ташқи туризмга жалб этиш мақсадида 2021 йилда 32 нафар банк ходими Миср Араб Республикасининг Шарм ал-Шайх шаҳрига — Қизил денгиз саёҳатига юборилди. Шундан буён ҳар йили 50-60 нафар ходим Миср, Грузия ва Туркия каби давлатларда саёҳатда бўляпти.
— Ходимлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни тарғиб қилиш масаласи фаолиятимизнинг асосий йўна­лиш­ларидан бири бўлиб турибди, — дейди Ш.Неъматов. — Ҳисобот даврида спорт жиҳозлари сотиб олиш ва турли мусобақалар ташкил этиш учун 315 миллион сўм сарфланди. Ходимлар ўртасида уч босқичли мини футбол мусобақасини мунтазам ўтказиб келяпмиз. Умуман олганда, ташкил этилаётган ҳар бир тадбирга алоҳида эътибор қаратиляпти. Тадбирлар – тарбия мактаби, дейди Банк Кенгаши раиси. Чиндан ҳам шундай. Корпоратив тадбирларда ёшлар авваламбор ташкилотчиликни, дастурхон тузаш маданияти, кўпчиликка хизмат қилиш, каттага ҳурмат, кичикка иззатда бўлиш ёки меҳмон кутиш одобини ўрганади. Шунингдек, байрам ва корпоратив тадбирларни ўтказиш жараёнларида унинг иштирокчиларида етак­чилик ва нотиқлик кўникмалари шаклланиб боради. Шу мақсадда тадбирлар уюшқоқлик билан, юқори савияда ўтказилади.
Юқоридагилар билан бир қаторда ходимларнинг фаоллигини ошириш, хорижий тилларни ўргатиш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш йўлида олиб борилаётган ишлар ҳам таҳлил қилинди. Раҳбарият томонидан бу борада ходимлар мунтазам қўллаб-қувватланаётгани айтиб ўтилди.
Шунингдек, конференция­да БКУК тафтиш комиссия­си раиси Н.Маҳсудовнинг ахбороти эшитилди. Банк Кенгаши раиси И.Ибрагимов жамоат ташкилотлари олдида турган вазифаларни белгилаб берди.


Конференция якунида янги таркибдаги Бирлашган касаба уюшмалари қўмитаси аъзолари сайланди. БКУК раислигига яширин овоз бериш орқали Шукрулло Неъматов қайта сайланди. Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Андижон вилояти кенгаши конференциясига делегатлар кўрсатилди.

А. Насирдинов