ЧИНАКАМ ИФТИХОРНИ ҲИС ЭТДИМ

Муносабат

Бир бўлсак, ягона халқ, ягона миллат бўлиб ҳаракат қилсак, кўзлаган улкан мақсадларимизга албатта етамиз!

Шавкат МИРЗИЁЕВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти

Тарихнинг ўзи, ҳаётнинг ўзи халқимиз зиммасига буюк бир масъулиятни юкламоқда.  Жонажон Ватанимиз бугун янгича сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий, маънавий муносабатлар асосида яшаб, меҳнат қилаётган, мустақил фикрлайдиган, озод ва эркин инсонлар диёрига айланииб улгурди, десак муболаға эмас.

Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузи, халқаро рейтинглардаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётган паллада етакчи халқаро рейтинг агентликлари мамлакатимизнинг суверен рейтингини “ББ-”дан “ББ” поғонасига кўтарилганини эътироф этишди. “Бу гаплар кўпчиликка оддий бир факт бўлиб туюлиши мумкин. Лекин иқтисодчилар, инвестор ва банкирлар гап нақадар катта натижалар ҳақида бораётганини жуда яхши тушуниб турибди. Биргина ана шу ўзгариш туфайли четдан жалб қилинадиган ресурсларнинг фоиз ставкаси 1-1,5 пунктга пасайиб, ташқи қарз харажати йилига 250-300 миллион долларга камаяди”, дея таъкидлади давлатимиз раҳбари. Шунингдек, Жаҳон банки эълон қилиб борадиган Давлатларнинг технологик етуклик индексида Ўзбекистон 71 поғона юқори кўтарилиб, дунёнинг ТОП-10 та мамлакати қаторидан жой олишининг ўзи халқимиз учун фахрли.

Масъулият юксак, Ватанпарварлик туйғуси улуғланаётган юртимизда асосий мақсад одамларнинг доимий даромадли бўлишидир. Маблағи етарли инсоннинг кўнгли ҳам, кўзи ҳам тўқ бўлади, яъни пули бор одам яхши кийиниши, овқатланиши, сифатли таълим ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиши, мазмунли дам олиши, бир сўз билан айтганда, фаровон ҳаёт эгаси бўлиши аниқ. Бу ҳаёт уммонида тадбиркорларнинг алоҳида ўрни энг олдинги сафларда экани кишини қувонтиради. Улар саноат ва сервис объектларини ташкил қилиб, доимий иш ўрни яратишда, аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни касбга ўргатиб, маҳаллаларнинг ўзида ишли ва даромадли қилишда ҳисса қўшишаётганини гувоҳи бўлиб турибмиз. Зеро, улар олиб бораётган ишларда иқтисодий ўсиш, молиявий ривожланиш йўли мавжуд

Президентимиз ўзбек халқига қарата “Бир бўлсак, ягона халқ, ягона миллат бўлиб ҳаракат қилсак, кўзлаган улкан мақсадларимизга албатта, етамиз!” дея ишонч билдирдилар.  Ва бу йўлда мард, олижаноб халқимизга ишонишини айтганининг ўзи бизга куч беради.

Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА,

Андижон.