ЧИРОҚЧИНИНГ СУВЛАРИ ДУБАЙ ДЎКОНЛАРИДА

“Бин Далмоук Моторс” Бирлашган араб амирликларининг Дубай шаҳрида фаолият юритаётган тадбиркорлик фирмаси. Унинг эгаси дубайлик амир ёки шайх эмас, ўзимизнинг қашқадарёлик ишбилармон. Бу ўзбекларнинг дунёнинг энг гавжум ва элита шаҳарларида бизнесни йўлга қўйиши билан боғлиқ ягона ҳолат эмас.

Содиқ Каримов Дубайда топаётган даромадидан фойдаланиб, ўз юрти Қашқадарёда ҳам яхши бир тадбиркорликка асос солишни истади. Бу шундай соҳа бўлсинки, ундан барча юртдошлари нафлансин. Ўйлаб кўриб, энг яхши йўналиш бу — инсонларга об-ҳаёт етказиб бериш, деган хулосага келди. Шу тариқа 2019 йилда Чироқчи туманида сувни қайта ишлаб чиқариш корхонасини қуриб битказди. Унга “Бин Далмоук Моторс”дан инвестиция йўналтириб, қўшма корхона мақомини берди. Натижада тоза ичимлик суви ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Vero beverages” МЧЖ ташкил этилди.
Корхона 300 метр чуқурликдан чиқувчи, тоза, фойдали, минерал моддаларга бой сувни қайта ишлаб, газли ва газсиз ҳолатда истеъмолчиларга тақдим этиб келмоқда. Сув тоғ ён бағридан чиққани учун ўзида 12 хил фойдали минералларни жамлаган. Ишлаб чиқарувчилар истеъмолчининг соғлигини ҳурмат қилган ҳолда маҳсулотни беш маротаба фильтрлашдан ўтказади. Улардан бири кумушли фильтр бўлиб, бу жараёнда сув таркиби кумуш моддаси билан бойитилади. Ана шу тариқа “Omaf” бренди остида кунига 72 минг дона қадоқланган тоза сувлар истеъмол учун тақдим этилади. Корхона республикамизнинг барча ҳудудларида ўз дистрибьюторларига эга.
“Omaf” сувлари Дубай шаҳри ҳамда Қозоғистонга экспорт қилинади. Яқинда уларнинг сафига Туркия қўшилади. Албатта, экспортнинг замирида маҳсулотнинг сифати ва унга бўлган талаб ётади.
МЧЖ раҳбари Содиқ Каримовнинг айтишича, илк фаолиятини бошлаган даврда ҳамкорлик учун “Hamkorbank”нинг Қарши филиалини танлади. Бунга банкнинг молиявий шерикчиликда энг яхши тамойилларга асосланиши сабаб бўлди. Шундан буён корхонанинг ҳисоб-рақамини Қарши УБХО юритиб келади. Томонлар ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда.

Н. Тўхтаматова