ЧЎМИЛИШ — ҲАМ ЯХШИ, ҲАМ ЁМОН
Жазирама кунларда муздек сув инсон танасига ором бағишлайди. Кимдир дарёда, кимдир кўлда, яна кимдир бассейнда чўмилиб роҳат олади.
Чўмилиш фақат танани яйратиш дегани эмас, унинг саломатликка фойдали таъсири ҳам катта.
Фойдаси нимада?
Масалан, сувда кўп сузиш, иммунитетни мустаҳкамлаб, шамоллаш, яллиғланиш каби хасталикларнинг олдини олади. Шунингдек, гавда тўғри шаклланади. Модда алмашинуви, уйқу ва иштаҳа яхшиланади. Асаб, нафас ва юрак қон-томир тизими, шунингдек, таянч-ҳаракат аъзолари фаолияти ижобий томонга ўзгаради. Остехондроз, диск чурраси бартараф бўлади, яссиоёқликнинг олди олинади.
Зарари ҳам бор
Совуқ сувда чўмилишнинг ўзига хос салбий томонлари ҳам бор. Кимёвий усул билан тозаланган сув аллергия хавфини келтириб чиқаради. Бундан ташқари, қулоқ ва тиш оғриғи, тумов, бурун оқиши каби касалликларни қўзғаши мумкин.
Туғма юрак пороги бор, тери касалликларига чалинган, ўткир вирусли инфекция билан зарарланган, очиқ яраси мавжуд, тиришиш (тутқаноқ) синдромига ва тана ҳарорати кўтарилишига мойил инсонларга сувда сузиш ман этилади.
Денгиз суви танани чучук сувга нисбатан кўпроқ совитиб юборади. Натижада гарчи қуёш чарақлаб, жазирама иссиқ бўлишига қарамай, кишини титроқ босади. Бундай баданда майда-майда ҳуснбузар (қаттиқ совуқ таъсирида) пайдо бўлгунча сувда қолмаслик керак.
Бу қоидаларга риоя қилинг
- Чўмилиш ҳавзасига келибоқ, сувга тушманг. Бу томирларнинг қисилишига олиб келади. Аввал 10-15 дақиқача танани сувга кўниктириб, сўнг охиста сузишни бошланг;
- Ҳаво ҳарорати 23 даражадан паст бўлган вақтда очиқ жойда чўмилманг;
- Нотаниш жойларга ҳеч қачон шўнғиманг ва калла ташламанг. Сувнинг тубидаги бирон жисм ёки ҳашарот жароҳат етказиб қўйиши мумкин;
- Бир вақтнинг ўзида ҳам чўмилиб, ҳам тамадди қилиш қатъиян тақиқланади;
- Сувга спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолатда тушманг. Алкоголь бош мия томири торайиши ва кенгайишига тўсқинлик қилади;
- Қуёшда узоқ тоблангандан кейин ҳам сувга тушиш тавсия этилмайди. Бу мускулларни қисқартириб, юрак фаолиятининг тўхташига олиб келиши мумкин;
- Нафас йўлларига кириб қолган сувдан қутулиш учун бошни баланд кўтариб, қаттиқ йўталиб олиш зарур;
- Турғун сувлар оқар сувларга қараганда хавфлироқ. Чунки ҳовуз ва бассейнларда сув тўпланиб тургани учун бактериялар тез кўпаяди. Шу боис имкон қадар сувни ютманг ва чўмилгандан сўнг, албатта, душ қабул қилинг;
- Аксарият чўмилиш жойларининг сувида хлор ва туз кўп бўлади. Бундай сувда чўмилгандан сўнг оғиз ва томоқни чайишни, кейин эса ванна қабул қилиб, баданга крем суртишни унутманг.
ОСИЁ тайёрлади.

