“ШАҲРИСАБЗ” БИР ЁШДА
“Hamkorbank” АТБнинг қадами бир йил аввал Амир Темур бобомизнинг киндик қони тўкилган Шаҳрисабзга ҳам етиб борди. Қадимий ва кўҳна шаҳарда мўъжазгина 10 кишилик жамоа ташкил этилди. Асосан Қарши филиалининг тажрибали ходимлари жалб этилиб, яна бир тармоқ фаолияти йўлга қўйилди.
— Бир йил ичида ишларимизни тартибга келтириб олдик. Қарангки, ҳозир аҳолининг ўзи келиб, ташаккурини билдириб кетяпти. Айниқса, пенсионерларга жуда қулай бўлди. Истаган пайтда банкоматимиздан маблағини нақдлаштириб олади. Бу ҳудудда банк йўқ эди. Энди барча турдаги банк хизматларидан фойдаланиш имконияти юзага келди.
Филиалимизнинг ишга тушиши нафақат аҳолининг турмуш тарзи яхшиланиши, балки, кайфиятнинг кўтарилишига ҳам ёрдам бермоқда. Банк офисимизнинг ташқи кўриниши жуда чиройли, замонавий. Кеч тушганда бино атрофи ёп-ёруғ бўлади. Ёз кунлари салқин ва сўлим гўшага айлангани учун аёллар оқшомлари ёш болалари билан келиб, ўтириб, ҳордиқ чиқариб кетади. Ёшлар ҳатто фон сифатида расмга ҳам тушмоқда, — дея ютуқларидан қувониб сўзлади Шаҳрисабз филиали раҳбари Салим Қудратов.
Қисқа вақтда жамоа худди бир неча йиллар давомида шакллангандек тажриба тўплаб улгурди. Шу давр ичида филиалга қарашли Чироқчи ва Китоб банк хизматлари офиси ишга тушди. 34 нафар ходимнинг асосий қисми ёшлардан иборат. Шу боис жамоада тез-тез тўй ҳақидаги хушхабарлар тарқалиб туради. Шаҳрисабзликлар янги йилга ўзгача кайфият билан кириб бормоқчи. Чунки улар бир жамоа сифатида энди иккинчи Янги йилни қарши олмоқда. Шунданми, ходимларнинг кўзида ўзгача иштиёқ ёнади, барчаси режаларни ортиғи билан бажариб, йилни яхши кайфиятда якунлаш истагида.
Жамоанинг ютуқларида бошқарувчининг ўрни жуда муҳим. Бу борада Салим Қудратов мақтовга сазовор ишларни амалга оширди. Ходимларнинг фикрича, меҳр-оқибатли жамоа шаклланишида унинг ҳиссаси катта. Раҳбар сифатида ходимларни тенг кўриши, ҳар бири билан индивидуал мулоқот қилиши, муаммоларини тинглаши орқали ҳурмат ва эътибор қозонди.
Назокат Исломова, ВАШ менежери:
— Шу йилдан филиалда иш бошладим. Унгача 12 йил Микрокредитбанкда фаолият юритганман. “Hamkorbank”да мен бутунлай бошқа муҳитни кўрдим. Ходимлар учун шунча шароит яратилиши мумкин бўлган банк борлигига ишонолмай юрдим анчагача. Корпоратив этика кодексига риоя қилинган ҳолда иш юритилиши, замон билан ҳамнафаслик раҳбарият билан ходимлар ўртасидаги илиқ муносабат, манфаатлар тўқнашуви юзага келмаслигига гувоҳ бўлдим.
Хоналарнинг тозалиги, ёруғлиги, қулай иш столлари, замонавий техник воситалар, ходимларнинг ўз устида ишлаши учун яратилган имкониятнинг беқиёслиги. Модул тизими орқали ходимларни ўқитиб, ҳам тест асосида баҳолаши жуда маъқул бўлди. Шанба кунги ўқишлардан ўзимга керакли билимларни олишга муваффақ бўляпман. Умуман олганда, банкимиздаги ҳар битта деталь фақат ривожланиш учун хизмат қилади.
Нигора ТЎХТАМАТОВА

