ЭНГ КЕРАКЛИ ОДАМЛАРДАН
Сарлавҳани ўқиб «ҳамма ҳам керакда», дейишингиз табиий. Аммо шундай одамлар ва касб эгалари борки, уларнинг ўрни ҳаётда ёхуд жамоа фаолиятида яққол сезилиб туради. Негаки бундай инсонлар ҳамиша хизматга шай, энг қийин вазиятларда ҳам муаммоларга оқилона ечим топиб, таъбир жоиз бўлса, жамоа жонига оро киради.
Мухторжон Юсуповни “Hamkorbank” АТБ тизимида ишлаётган энг керакли одамлардан бири дейишади. Негаки зиммасидаги масъулиятли вазифа, йиллар давомида тўпланган катта тажриба, юксак малака уни шундай мақомга олиб чиққан. Дарҳақиқат, у йигирма йилдан бери ушбу банкда турли вазифаларда сидқидилдан меҳнат қилиб, касбини пухта билиши, ўз устида тинмай ишлаши ва изланиши билан аҳил ва катта жамоада ўз ўрнини топди, ҳурмат, эътибор қозонди. Бу кунларга етгунча ўзига хос ибратли умрни, самарали меҳнат фаолиятини ортда қолдирди.
Кўнгилдаги қизиқиш уни 1979 йилда Тошкент политехника институти сари етаклаб келди. 1984 йилда мазкур олийгоҳни муваффақиятли тамомлаган ёш мутахассис даставвал ишни “Гранит” аталмиш Ўрта Осиё технологик монтаж бошқармасида ҳамда Андижон ахборот ҳисоблаш марказида муҳандис сифатида бошлади. 1992 йилнинг охирида уни Марказий банк Андижон вилояти бошқармасига муҳандис-дастурчи сифатида ишга таклиф этишди.
2002 йилнинг май ойи да М.Юсуповни “Hamkorbank” АТБ компьютерлаштириш ва автоматлаштириш бўлими бошлиғи лавозимига тайинлашганда у бу борада деярли ўн йиллик тажрибага ва малакага эга мутахассисга айланганди. Мана шундан буён у ўзига қадрдон жамоада ишлаб келяпти. Бу орада унинг зиммасига юкланган вазифалар бир-биридан масъулиятли ва залворли. Информацион технологиялар бўлими, тўлов маркази (СВИФТ) бошлиғи, техника таъминоти, мониторинг ва алоқа тизимини қўллаб-қувватлаш бўлими, техника таъминоти бўлими гуруҳ раҳбари ва ҳоказо…
Мана беш йилдан ошдики у информацион технологияларни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи сифатида фаолият олиб бормоқда. Касбига садоқати, ажойиб инсоний фазилатларини ҳамкасблари доимо қадрлашади.
Яқинда олтмиш ёшни қарши олган Мухторжон Юсуповни банк раҳбарияти, жамоадошлари, сидқидилдан қутлашди, самимий тилаклар билдиришди. “Жамоамиз нуфузини оширишда қилган узоқ йиллик, самарали хизматларингиз учун раҳмат, сиздан миннатдормиз. Сиз каби касбига фидойи инсонлар ҳамиша бор бўлсин!” дейишди.
Ҳ. Рашидов.
Таҳририятдан: Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлашга алоҳида эътибор берилаётган даврда яшаяпмиз. Шу боисдан жорий йилимиз бежиз “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб эълон қилинмаган. Ибратли, сермазмун умри ва фидокорона меҳнати билан эл-юрт, жамоадошлари ҳурматини қозонган замондошларимиз ҳақида ҳар қанча сўз айтсак, уларни эътироф этсак оз. Улар бунданда юксак эҳтиромга муносиб. Биз келгусида ҳам ана шундай инсонлар ҳақида газетамиз саҳифаларида ёритиб боришни мақсад қилганмиз. Бу борада сиз, азиз газетхонлар биз билан ҳамнафас ва ҳамкор бўласиз, деган умиддамиз.