ЯХШИЛАР КЎП ДУНЁДА…
Ишдан эртароқ қайтарканман, йўналишдаги такси — “Дамас”га, ҳайдовчининг ёнидаги ўриндиққа жойлашдим. Машина бир маромда елиб борарди. Йўловчилардан бири одамлар орасида меҳр-оқибат кўтарилиб бораётганидан нолиб қолди. Унинг назарида фирибгарлик авж олиб, тўғрилик, ҳалоллик анқонинг уруғига айланиб қолган эмиш.
— Беш қўл баробар эмас, оғайни, — деди ҳайдовчи норози оҳангда.
Орага бироз жимлик чўкди.
— Ўша пайтларда ижарага олинган “Нексия”да кира қилардим, — дея ҳикоясини бошлади ҳайдовчи йигит менга бир қараб қўйиб. — Ғира-шира оқшомда кетаётганимда йўл ёқасида биров қўл кўтарди. Машинани аста тўхтатдим. Ёнимга башанг кийинган ўктам йигит ўтирди ва борадиган манзилини айтди. Бироз юргач йигит машинанинг икки олд ўриндиғи ўртасига ўрнатилган қутичага чап қўлини қўйиб,
— Манавини солиб қўйсам майлими? — деб сўради қўлидаги нарсага ишора қилиб.
— Бемалол.
Йўловчи қўлидаги буклаб тахланган полиэтилен халтани ва қўл телефонини қутичага солиб, қопқоқни қайта ёпди-да, машинани бозорча олдида тўхтатишимни илтимос қилди. Тўхтагач, машинадан шаҳд билан тушиб, бозорчага кириб кетди. Тез орада қўлида нарсалар кўтариб чиқди. Қариндошларидан бири даволанаётганлигини, уни кўриб қўйиш учун зўрға вақт топганини айтиб, марказий шифохона ёнида тушиб қолди.
Яна бир оз шаҳар бўйлаб йўловчи “овлагач”, чарчаб, уйга қайтдим. Одатимга кўра, қутичани очдим-у, ҳалиги йўловчи йигит нарсаларини унутиб қолдирганини кўрдим. Яп-янги қўл телефони, буклаб тахланган пакетда эса… беш минг доллар пул бор эди. Ҳайратдан қотиб қолдим. Рости — бунча пулни ушлаб кўрмаган эдим ўша вақтларда. Бу ҳолни дадамга айтдим. У ҳам ҳайрон бўлди.
— Қанақа одам эди? — деб сўради кейин.
Ўйланиб қолдим. Тузукроқ разм ҳам солмаган эканман. Ахир кун бўйи қанча одам чиқиб тушади машинамга.
Бир неча кун машинада пулни олиб шаҳар кездим, юзлаб йўловчиларга ҳизмат қилдим. Бироқ ўша йигитдан дарак бўлмади. Кейин машинада йўқотиб қўймай деб, “омонат”ни уйдаги темир қутига солиб қўйиб, эгасини кутиб юрдим. Қизиғи, телефони ҳам янги, ҳатто сим карта ҳам солинмаган эди. Бир неча кун ўтгач, телефонга сим карта солиб ишлата бошладим. Ойлар ўтди, йил ўтди, бироқ машинамда қолдириб кетилган пулнинг эгаси бир кун чиқади, деган фикр миямда айланаверди. Ҳатто бир-икки марта у пулнинг бир қисмини ишлатиб, кейин яна ўрнига тиклаб қўйдим. Ахир бировнинг ҳақи.
Бу орада хорижга ишлагани кетадиган бўлиб қолдим. Анча илгари ҳужжат топшириб, суҳбатлар, синовлардан ўтиб келгандим. Навбатим келиб, чақирув хабарини юборишибди. Бироқ йўл чиптасига пулим йўқ. Яна ўша пулдан “қарз”га олиб турдим ва хотинимга тайинладим:
— У ёқда ишга жойлашиб, пул юбора бошлашим билан, биринчи навбатда шу пулни ўрнига қўясан. Бировники буюрмайди.
Икки йилча чет элда ишлаб юриб ҳам ўша йигит, унинг “омонат”и ҳақида гоҳ-гоҳ ўйга толардим. Ниҳоят, уйга қайтдим, топган тутганларимни жамлаб “Дамас” сотиб олиш ҳаракатига тушдим. Тўғриси, пулим яна жиндай етмай қолди. Ҳалиги пулдан минг долларини қўшиб туришга тўғри келди.
Машинани олдим. Бутун оиламиз билан хурсанд бўлдик. Бироқ кўнглимни бир четида ҳалиги олиб турган пулни ўрнига тезроқ қўя олармикинман, деган ўй тинчлик бермайди. Ягона йўл янги машинани йўналишдаги такси қилиб ишлатиш эди.
Бир куни ёнимдаги ўриндиқда ўтирган, сочларига оқ оралаган, одмигина кийинган йўловчи секингина менга, олд ойнага маҳкамланган мосламага илиб қўйилган телефонимга разм солиб қараётганини сездим.
— Менинг ҳам худди сизникига ўхшаган телефоним бор эди. Бир куни таксида қолдириб кетибман… Яна беш минг доллар пулимниям…
Мен шартта йўловчига ўгирилдим. Разм солиб қарадим, бироқ аввал учратганманми, йўқми, ҳеч нарсани эслолмадим.
— Эҳтимол, шу телефон сизникидир?
— Йўғ-э, ака, нотўғри тушунманг. Ўзингизга буюрсин. Менга шунчаки, жуда ўхшаш туюлди-да. Ўзиям янги… умуман ишлатилмаган эди.
— Ўша таксини ёки унинг ҳайдовчисини эслаб қолмаганмидингиз?
— Йўқ, қанча ҳаракат қилмай на машина рақами, на ҳайдовчининг кўринишини эслай олмадим. Эсимда қолгани — оқ рангли “Нексия” эди. Бир неча кун шаҳарни кездим, оқ рангдаги “Нексия”лар кўчани тўлдириб ўтиб турибди. Бироқ уларнинг қай бирига «машинангизда беш минг долларим қолиб кетибди», деб айта олардим. Устингдан кулиши, ҳатто ақлдан озибди шекилли, деб ўйлашлари ҳам мумкин. Шуларни ўйлаб дардимни ичимга ютдим.
— Таксига қаерда чиқиб, қаергача борган эдингиз?
У манзилларни айтгач, тўрт йилдан буён елкамда юк бўлиб келаётган “омонат”нинг эгаси топилгандай бўлди.
— Йўлда бозорчага кириб бемор қариндошингизни кўргани ул-бул харид қилиб ҳам чиққан эмасмидингиз?
Йигит ярқ этиб менга қаради. Юзимга узоқ тикилди, сезиб турибман, ҳеч нарсани эслолмади. Секин сўради:
— Ака, нима фолбинмисиз?..
— Йўқ, таксичиман. Манави телефон чиндан ҳам сизники. Беш минг долларингизни ҳам омонат деб сақлаб келяпман. Фақат… мана шу машинани олишда минг долларингизни ишлатиб қўювдим. Тўрт мингги уйимда турибди. Ҳозир бориб олиб бераман.
Йигитнинг кўзларига ёш келди. Биргалашиб уйимизга бордик. Бор пулни йигитнинг қўлига топширдим, қолган мингини бир ҳафтада тиклаб беришимни айтдим.
— Йўқ, ака, сизга минг марта раҳмат. Бошқа одам бўлса бу нарсани умуман қайтармаслиги ҳам мумкин эди-ку. Ўша минг доллар сизга суюнчи бўла қолсин. Минг марта розиман.
Пулни қўлга олгач, йигит ҳам тилга кирди:
— Эҳ, ўша кунлардаги аҳволимни тасаввур қилсангиз эди. Дунё кўзимга қоронғи бўлиб кетди. Ахир автомашинамни сотиб, синглимни дарддан қутилтириш учун олиб бораётган пулим эди-да. Аввалига шифокорлар етарли эътибор беришмаётгандай, муолажаларни бошлашга шошилмаётгандай, бунинг ортида қандайдир тама, илинж ётгандай туюлаверарди ўша кунларда. Бироқ… уни хорижда даволатиш мумкин деган шифокорлар, кейинчалик дарднинг бедаво эканлигини айтиб, менга сабр тиладилар. Аслида пулим бўлганда ҳам унга ёрдам беришнинг иложи йўқ эди. Бироқ ҳамон устма-уст ташвишлар билан бошим айланиб нақд пулни йўқотиб ўтирмаганимда синглим тузалиб кетармиди, деган ўй миямдан чиқиб кетмайди. Алам қиладигани, мажбурликдан отамдан қолган мерос машинани сотиб, бунинг устига эс-ҳушимни ҳам йўқотиб қўйган эканман ўша кунлари.
Дардим ичимда, бировга ёрилолмайман. Бироқ ана шундай паллада ўзига тўқ жигарларимдан айримлари отамиздан қолган машинанинг пулидан улуш тегармикин деб умидвор бўлаётгани ҳақида узуқ-юлуқ гаплар қулоғимга чалинди. Очиғини айтишга мажбур бўлганимда эса айримлар мени сал анақароққа чиқариб қўйишди. Кўнглимга оғир ботадигани, улар бегоналар эмас, ўзимникилар — жигарларим эди.
Мен йигитни шаҳар марказигача олиб чиқиб қўйгач, яна машинанинг олд ойнаси паст қисмига қатнайдиган йўналишим кўрсаткичини қўйдим.
Ҳайдовчи йигитнинг ҳикоясини тинглаб дилим равшанлашди. Беихтиёр Ўзбекистонимиз ҳақида, юртдошларимиз тўғрисида ўйлаб қолдим. Яратганнинг ўзи сизу биздан мурувватини, қут-баракатини аямаётганлигининг, юртимиз обод, ҳаётимиз фаровон бўлиб бораётганлигининг асосий омилларидан бири ҳам орамизда оддий, содда, фидойи, бировнинг ҳақидан сақланадиган пок инсонлар оз эмаслигида бўлса не ажаб, деган фикрлар хаёлимдан ўтди.
Шундай эмасми, азиз замондош?
Ҳабиб Сиддиқ

