ЯХШИ КУНЛАРГА ЕТГАНЛАР

Феруза опа 15 йилдирки, тадбиркорлик билан шуғулланади. Барча молиявий ҳаракатларини “Hamkorbank” орқали бажаради. У тонгда кўрган тушидан бироз ташвишланди. “Нега тушимга кирди экан? Ахир тўловларда ҳеч қандай муаммо йўқ-ку” дея таажжубланди. Тушликкача юмушлари билан банд бўлиб унутгандай бўлди-ю яна хаёлига туши келди. Аниқлик киритиб қўяқолай деб банкка қўнғироқ қилди. Ходимнинг “опа биласиз, банкимизнинг “Hamkor press” газетаси бор. Унда банк, ходимлар, мижозлар фаолияти ёритилади. Сизнинг корхонангиз ҳақида мақола ёзишни режалаштиргандик. Шунга тушингизга кирибмизда” деган жавобни эшитгач, тинчланди. Кўрган тушим яхшиликка экан-ку, дея кўнгли таскин топди.
Ферузахон Эгамқулова Гулистон минтақавий банк хизматлари офисининг намунали ва тартибли мижозларидан. Қўнғироғимиздан роса хур­санд бўлганини яширмади. Суҳбатни илк фаолияти давридан бошлаш таклифини берди:
— Келинг, қандай иш бошлаганимиз, шу кунга етиб келгунимизгача бўлган фаолиятимиздан сўзлаб берай. Уч ўғил, бир қизимиз бор. Учинчи ўғлимиз туғилганда одатдагидай бола парвариши билан уйда бўлиб қолдим. Рўзғорни камини тўлдириш мақсадида дастлаб уйда лағмон эшиб, қўни-қўшни, маҳаллага тарқатадиган бўлдик. Очиғи, бу таклиф турмуш ўртоғимдан чиқди. Қарасак, бир чиройли қўлимиздан келяпти. Кун сайин талабгорлар ортяпти. Бир-икки бозорга олиб чиқиб, у ердан ҳам мижоз топдик. Иш бошлаганимизга бир йил бўлмай фойдага кирдик.
Тадбиркорлигимизни қонунийлаштириб, 2010 йилда “Сардорбек – Шерали ҳамкор” хусусий корхонасини ташкил қилдик. Ке­йинчалик “Домашняя лапша” брендини яратиш даражасигача етиб бордик. Қайнонам дунёқараши кенг, сабрли аёл. Ўқитувчи, боғча мудираси бўлиб ишлаганлари боис инсон табиати, феъл-атворини яхши тушунади ва тўғри маслаҳат беради. Баъзида ҳафсаласиз ёки ишимиз юришмай тушкун кайфиятда бўлиб қолганимизда мотивация бериб, “яхши кунлар ҳали олдинда, унга меҳнат, сабр-тоқат билан етилади”, деб олдинга ундаб турардилар. “Халқ банки”да ишлардим, тадбиркорликни афзал билиб ишга қайтмадим. Мени ўрним турмуш ўртоғимнинг ёнида эканига, унга кўпроқ кераклигимни тушуниб етдим. Меҳнати оғир, бироқ савоби улуғ ишга – одамларга ризқ улашиш­га киришган эди-да у киши.
Ҳаракат, ҳаракат ва изланиш. Иссиқ-совуққа қарамадик, ёмғирли, қорли кунларда панага қочмадик, астойдил киришдик: тар­моғимизни кенгайтирдик, яқинларимизни ёрдамида қаддимизни тиклаб олдик ва қайнонам айтган яхши, фаровон кунларга етдик. Ўнга яқин маҳсулот турларини жорий қилиб, Гулистон шаҳрида жойлаш­ган бозор ва озиқ-овқат дўконларига тарқатишни жорий қилдик. Сирдарёнинг деярли барча туманларидан буюртмалар қабул қила бошладик, қўшимча иш ўринлари яратдик. Оилавий ишлаганимиз учун ҳатто қайнотам ҳам ёрдам бердилар.
Фаолиятимизни кенгайтириш мақсадида Гулистон шаҳридан жой олиб, ишлаб чиқариш цехини ташкил қилдик. Цех қурилиши ва таъмирлаш учун олган банк кредитидан унумли фойдаландик. Ҳозирда етказиб бериш хизмати ҳам ташкил қилганмиз. Автомашинани ҳам шу молия ташкилоти орқали олганмиз. Бугунги кунга келиб цехимиз корхона даражасига етди. Оиламиз ишчилари қаторига икки ўғлимиз қўшилди. Айни пайтда тўнғичимиз Абубакр корхона бошқарувини қўлга олиб, ишончимизни оқлаяпти. Иккинчимиз талаба.
Турмуш ўртоғим Шерали Эгамқулов ҳақида икки оғиз гапирсам майлими? У киши билан умр йўлим боғланганидан хурсандман. Мен бу оилага жуда ёш келганман. Ҳеч нарсани билмайдиган нав-ниҳол қиз эдим. Қайнонамнинг ҳаёт мактабида ўқидим. Ўзига ишонган, қатъиятли турмуш ўртоғимдан сабрни, ҳаракатни, келажакка ишончни ўргандим. Масалан, роса қийналиб, фойда кўриш у ёқда турсин зарарга ишлаган пайтларимиз­да (хамир қориш меҳнати оғиру) аламдан йиғлаб юборардим. “Қўйинг, шу ишни, савдо бизга эмас экан” деган кунларим бўлган. Ўша пайт­ларда фақат “сабр қилинг, ҳаммаси яхши бўлади” деган сўздан бошқасини эшитмас эдим. Иқтисодий йўналишда таҳсил олганлари учунми ёки қизиқишларими доим “биз, албатта, эплаймиз”, дея ҳаракатдан тўхтамаганлар. Бекорчиларни ёмон кўраман, дея мени ҳамширалик ва пазан­дачиликка ўқитдилар. Доим ҳаммаси билим ва изланиш орқасидан келиши ва илм олишнинг эрта кечи бўлмайди, дейди. “Ҳеч бўлмаганда иккита одам билан гаплашганда маданият билан суҳбатлашасиз” деб кулиб қўярдилар. Ишонинг, қайнонам айтган яхши кунларга етдик, шукур.
Ҳозирда шаҳар марказида аёллар кийим дўкони очганмиз. Унинг ҳисоб рақами ҳам “Hamkorbank”да. Бир текисда йўлга қўйиб олган бизнесларимизни ри­вожлантиришда Гулис­тон минта­қавий банк хизматлари офисидан кўп кўмак олдик. Мавриди келганда уларга миннатдорлигимизни айтмоқчиман. Банк ходимларини нафақат билимлари, балки, феъл-атворлари, муомалаларини ҳам синаб олишганми, дейман, ҳаммаси камтарин, билимли. Уларнинг фаолиятларига муваффақиятлар тилайман.
Н. ЙЎЛДОШЕВА