ЎЗИМИЗНИ ПОМИДОР – БОРИНГГА ШУКУР

Помидор шарбати нафақат мазали, балки соғлом турмуш тарзининг бир қисми сифатида ҳам кўрилиши лозим. У таркибида турли витамин ва минералларни жамлаган бўлиб, доимий ичилганда организмга сезиларли ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бу оддий ичимлик юрак-қон томир тизимидан тортиб, қандли диабетнинг олдини олишгача бўлган кўплаб фойдалари мавжуд.

Помидорда «А», «C», «К», «Б» гуруҳи витаминлари, шунингдек, калий, магний ва марганец каби фойдали элементларга бой. Энг муҳими, помидор шарбати 94 фоиз сувдан иборат бўлиб, бу уни яхши гидратация манбаига айлантиради. Қон босимини меъёрда ушлаб туришга ёрдам беради. Айрим илмий изланишлар натижаларига кўра, ош тузи қўшилмаган помидор шарбатини бир йил давомида мунтазам ичган кишиларда қон босими кўрсаткичлари сезиларли даражада пасайган.

Ликопин моддаси «ёмон» холестерин (ЛДЛ) миқдорини камайтиришда ҳам самарали экани исботланган. Қон босимини ўрганишга бағишланган бир тадқиқотда қатнашчилар мунтазам помидор шарбати ичгач, ЛДЛ даражаси пасайгани кузатилган. Бу юрак хасталикларининг олдини олишда оддий ва фойдали чоралардан бири бўлиши мумкин.

Помидор шарбати юрак саломатлигига ижобий таъсир кўрсатиш билан бирга, саратон каби оғир касалликларнинг олдини олишда ҳам ёрдам бериши мумкин. Ликопин антиоксиданти артерияларда ёғ қатламларини ҳосил бўлишини секинлаштиради, қон айланишини яхшилайди ва ҳужайраларни зарарли эркин радикаллардан ҳимоя қилади. Тадқиқотлар, айниқса, простата саратони хавфини камайтиришда помидор шарбатининг фойдали бўлиши мумкинлигини таъкидлайди.

Антиоксидант ва яллиғланишга қарши хусусиятлари туфайли ликопин 2-тур диабетни камайтириш ва уни бошқаришда ҳам муҳим роль ўйнаши мумкин. Помидор шарбатидаги калий ва магний моддаси ҳам қондаги шакар миқдорини меъёрда ушлашга ёрдам беради.

Помидор шарбатининг глемик индекси паст бўлгани сабабли, уни ичиш қонда шакар даражасининг кескин кўтарилишига сабаб бўлмайди. Ҳатто айрим тадқиқотларда овқатдан ярим соат олдин бир стакан помидор шарбати ичган кишиларда овқатдан кейинги қанд даражаси назорат остида бўлгани аниқланган.

Бироқ помидор шарбатини ҳам меъёрида ичиш керак. У кўпинча натрийга бой бўлади. Шу сабабли ортиқча истеъмол қилинганда зарарли бўлиши мумкин. Бундан ташқари, унинг табиий кислотаси баъзида жиғилдон қайнаши ёки гастрит муаммоларини кучайтиради. Буйрак хасталиги бўлган кишилар эса шарбатдаги юқори калий миқдорига эҳтиёткорлик билан қарашлари лозим.

Мутахассислар имкон қадар натрийси камайтирилган ёки умуман тузсиз помидор шарбатини танлашни тавсия қилади. Энг яхши усул уйда янги помидордан шарбат тайёрлаш. Бунда туз ва зираворларни ўзингиз назорат қилишингиз, ҳатто қўшимча соғлом ингредиентлар қўшишингиз мумкин.