ҒОЛИБЛАР НИМА ДЕЙДИ?
Спортда беллашув, банк тизимида эса рақобат кечади. Рақобат ўсишга хизмат қилувчи омил. “Ортда қолмаслигим керак”, “Олдинда бўлишим шарт” каби тамойил асосида ҳаракатланадиган ҳар қандай субъект юқори поғоналарни забт этаверади.
“Hamkorbank” тизимидаги банклар ўртасида кечаётган соғлом рақобат ҳам газетамизда берилаётган “Hamkor arena” лойиҳаси орқали ўқувчиларга таништириб борилмоқда. Лойиҳамиз доирасида Боғишамол УБХО Хоразм МБХО билан, Каттақўрғон УБХО Денов УБХО билан ўзаро баҳсга киришди. Чакана йўналишдаги 13 та хизмат турлари бўйича олиб борилган таққослаш кўринишидаги “жанг”да Боғишамол УБХО Хоразм МБХОни 8:5 ҳисобида ортда қолдирган бўлса, Денов УБХО Каттақўрғон УБХО дан 7:6 ҳисобида устун келди. Хўш, ғолиб жамоалар қандай омиллар ҳисобига олдинги сафларда бормоқда?
Муралим Шакаров,
Боғишамол УБХО бошқарувчиси:
— Жорий йилнинг беш ойи давомида чаканадаги барча 13 та кўрсаткични 100 фоизга етказдик. Аввало, ҳар қандай ютуқларда жамоа омили муҳим роль ўйнайди. Асосан ходимларнинг самарадорлиги ортидан келади катта кўрсаткичлар. Бизнинг жамоада ҳам профессионал ходимларнинг кўплиги, уларнинг ёш мутахассисларга тажриба ўргатиб, йўл-йўриқ кўрсатиб келаётгани умумий натижаларимизга ўз таъсирини ўтказмай қолмаяпти.
Яна бир муҳим омил — УБХОмизга қарашли “Жума” банк хизматлари офиси “Hamkorbank” БХОлари орасида мижоз ташрифи бўйича биринчи, даромадлилиги бўйича иккинчи ўринда туради. Чакана бўлимимизнинг ярим даромадини мана шу БХО беради. Қолаверса, офисимиздан ҳеч қайси мижоз норози ҳолатда кетмайди. Эътироз юзага келса, уни, албатта, ҳал қилиб, мижозни рози қилиб жўнатамиз.

Жасур Раимқулов,
Денов УБХО бошқарувчиси:
— Албатта, ютуқлар ўз-ўзидан келмайди. Бунинг ортида қайсидир сабаблар ётади. УБХОмизнинг юқори кўрсаткичларига келсак, соат 8:00 бўлмасдан иш бошлаймиз. Мижозлар оқими тўхтамайди. Сабаби, ходимларимиз тез ва чаққон ишлайди. Бош банк томонидан валюталар ўз вақтида етказиб берилади. Янги валюталарнинг берилиши ва тарқатишда узилиш бўлмаслиги туфайли бошқа банкларнинг мижозлари ҳам бизга мурожаат қилмоқда.
Жорий йилнинг олти ойи давомида омонат қолдиғини ўстириш режасини 400 фоизга, халқаро пластик карталар бўйича олинадиган даромад режасини 200 фоизга, актив халқаро пластик карталар сонини ўстириш режасини эса 221 фоизга бажардик. Буларнинг барчаси ҳаракат ва меҳнатларимиз меваси.
Н. ТЎХТАМАТОВА

