ҚОРҚИЗНИНГ ФОЛИ

Соқивой чойхонадаги улфатлари ёнига боришни хаёллаб, дўконини беркитишга шайланаётган кезда ортидан кимнингдир майин товуши эшитилди.

— Ассалому алайкум, яхшимисиз! Ие, дўконни беркитяпсизми?

Соқивой “ҳа” деганча орқасига ўгирилди-ю, бир муддат анграйиб қолди. Рўпарасида чўғдай ловуллаб турган зарчопон ва шунга монанд момиқ қалпоқ кийган Қорқиз жилмайиб турарди.

— Келинг, синглим, йўғ-е, Қорқизой, — Соқивой  осмондан тушгандай кутилмаганда пайдо бўлган харидорининг қирмизи ёноқлари, ноз-карашма инган хумор кўзларини кўриб гаплари чалкашиб кетаёзди. – Мен ҳалиги шунчаки… қулфнинг ишлашини текшираётгандим, холос.

— Шунақа денг, — Қорқиз  кулимсираганча ичкарига кирди, пештахталарга бир назар солгач, давом этди: — Биласизми, боғдаги “Арча байрами” иштирокчилари учун яна совғалар керак бўлиб қолди. Агар болаларбоп ўйинчоқлар бўлса…

— Нима истасангиз ҳаммасини “есть” қиламиз, — Соқивой сал бўлмаса “жонидан” деб юбораёзди ва қад-қомати келишган харидорига суқланиб тикилганча ҳазил аралаш гап қотди. — Совғаларни сиз улаш­япсизми? Қорбобонгиз борми ё?..

— Бор, — Қорқиз унинг шаъмасини тушуниб, ичида “Ўйлаганимдан ҳам баттар шилдир-а!” деб ғудраниб қўйди. — Истироҳат боғида байрам кечасини ўтказяпти. Совғаларни шошилмай танлаб олишим кераклигини тайинлаган. Назаримда сиз қаёққадир, аниқроғи чойхонадаги улфатларингиз ёнига ошиқяпсиз, шекилли. Сизни йўлдан қўймай — бошқа дўконга кирарман.

— Сиздай харидорим турганда улфатларни бошимга ураманми? — Соқивой кетишга чоғланаётган  Қорқизга ялтоқланиб тикилди. — Айтдимку, нима истасангиз муҳайё қиламан деб. Бироқ, чойхонага бормоқчилигимни қайдан билдингиз?

— Кўзларингиз айтиб турибди.

— Кўзларингиз?! Қизиқ, сизни Қорқиз десам, туппа-тузук фолбин ҳам экансизку! Лекин мен фолга ҳам, фолбинларга ҳам ишонмайман. Улар шунчаки тусмоллаб айтишади, холос.

— Эҳтимол, — Қорқиз сурма тортилган кўзларини сузиб дўкончига қаради. — Аммо менинг фолим доимо олчи келган, акажон. Ишонмасангиз қўлингизни беринг. Фақат қурумсоқлик қилмасангиз бас.

Соқивой мийиғида кулганича ўнг қўлини узатди. Қорқиз унинг кафтига бир оз тикилиб тургач, деди:

— Исмингиз Соқивой, ёшингиз уч кам қирқда экан, тўғрими?

Дўкончи кўзларини ола-кула қилганича икки-уч қадам ортга тисланди.

— Ёпирай! Наҳотки сиз…

— Адашмаган бўлсам, пулдан чўзинг! Хўп, давом этаман… уйингизга кўпинча маст-аласт борасиз, маишатга ўчсиз, нафсингизни тиёлмайсиз. Уй-рўзғор ташвишлари билан ишингиз йўқ. Шундайми?

Соқивойнинг рангги оқарди, қўлларини бигиз қилиб суҳбатдошига еб юборгудай ўқрайди.

— Ҳей, сиз мени аллакимларга ўхшатманг, хўпми. Билиб-билмай туҳмат қилиш яхшимас.

— Фолда туҳмат бўлмайди. Кафт чизиқларингиз шунга ишора қиляпти. Тунов куни  хотинингиз гўшт олиб келинг, манти қиламиз дебди. Сиз эса ўлгудай ичиб, уйга эмаклаб кирибсиз. Роса жанжал кўтарибсиз, болаларингизни кўчага қувлабсиз. Бугун эрталаб хотинингиз “вақтлироқ келсангиз, касал ётган тоғангиздан ҳол-аҳвол сўрагани борар эдик” деган. Сиз эса яна маишатни кўзлаяпсиз.

— Ёлғон!

— Нимаси ёлғон?

— Ҳалиги… ҳалиги… — Соқивой не деярини билмай чайналди, — хотиним, болаларим борлигини айтяпман. Мен ҳанузгача бўйдоқман.

— Бўйдоқмиш! — Қорқиз Соқивойнинг қўлларини маҳкам қисиб, зарда қилди. – Ҳайф сизга-е! Бир ўғил, икки қизингиз борлиги фолимдан аён бўлиб турибдику?!

— А?! — Соқивой бошига тўқмоқ тушгандай бир тебраниб тушди. Сал ўтмай минғирлаб товуш чиқарди. — Ҳм-м, уйланганим рост. Хотиним театрда ишларди. Ҳадеб гастролларга кетаверганидан ва саҳнадаги бачкана қилиқлари ғашимга тегавергач ажрашганман. Агар сиздақаси учраса, уйланмоқчи бўлиб юргандим. Байрам баҳона танишиб олсак яхши бўлармиди…

Буни эшитган Қорқиз қаҳқаҳа отиб кулиб юборди. Ўзига ажаб­ланиб қараб турган дўкончининг қўлидан бир сиқим пулни суғириб оларкан, аста шипшиди:

— Гоҳида биз ҳам  фолимиздан янглишамиз. Синамоққа айтдим- қўйдимда. Аслида роса дилкаш, қўли очиқ одам экансиз. Қанийди имкон бўлса-ю, Янги  йил оқшомини сиздай инсон билан ўтказсам…

Қорқизнинг айтганларидан Соқи­вой­нинг баданида чумоли ўрмалагандай бўлди. Ширин ҳислар оғушида энтикиб, сирли харидорига яқинлашди.

— Истасангиз бугунги савдо пулими ҳаммасини сизга бераман, — у чўнтагидан бир даста пул чиқариб, кўзларини маъноли қисди. — Агар ҳозироқ бирон жойда…

— Қандай бўларкин? – Қорқиз ўйланган кўйи бошини эгди. — Унда Қорбобога нима дейман? Уёқда ичкиликбоз улфатларингиз кутиб туришган бўлса… Э, йўқ, бошқа сафар…

Ниятига осон эришиш илинжида турган Соқивойнинг кўзлари чақнаб, вужудини эгаллаган ҳаяжон кучайди.

— Э, баҳона топишни менга қўйиб беринг, Қорқизхон. Фақат сиз…

— Аввал пулни узатинг. Сиз эркак­лар кўпинча алдаб кетасизлар, — нозланди Қорқиз ўзига суйкалмоқчи бўлаётган дўкончини нари итараркан. — Энди ануви импортний кўйлакни танишганимиз учун эсдаликка берасиз.

Ширин орзулар осмонида капалакдай учаётган Соқивой  сўровни зумда бажариб, унинг белидан қучди.

— Мендан яна нима истайсиз, жоним!

— Ҳа суюқ бўлмай ҳар бало бўлинг! Ҳали шунақа қилиқларингиз ҳам бормиди?

Соқивой қулоқлари остида жаранглаган таниш овозни эшитиб, донг қотди. Кўзлари олайиб, қучоғидаги Қорқизни жон-жаҳди билан ўзидан нари итарди. Аммо  боя хаёллагани – “қармоғига илинган балиқча” уни қўйиб юборгиси келмай,  қалтираётган қўлларидан янада маҳкам ушлади.

— Энди кейинги тақдирингиздан фол очиб қўяйми, дадаси?

— А?!

Қорқиз бошидан момиқ қалпоғини, ясама сочини олиб, юз-кўзларини дастрўмол билан артди. — Уйда ўтирсам ҳам гриммни эсдан чиқарганим йўқ. Садқаи эркак кетинг!

— И-и!!! — Кўзлари пир-пир учаётган Соқивойнинг нафаси ичига тушиб кетди. Не кўз билан кўрсинки, бир зумда Қорқиздан Ойқизга айланган хотини, қўлларини белига тираганча, рўпарасида  важоҳат билан тикилиб турарди.

Ҳалимжон ТОҲИРОВ.