ҚЎШНИ СИFМАГАН УЙ
Давронбек тадбиркорликка қўл урди-ю, бойиб кетди. Ота ҳовлисини бузиб, ўрнида катта кошона қурди. Уйи битиши билан дўсту ёрларини ифторликка чорлади. Таклиф этилган масжид имоми барвақтроқ келди. Ичкарига киришга қанча зўрлашмасин, унамади.
— Маҳалла, қўни-қўшнилар билан кираман, — деди у.
Оғиз очиш пайти яқинлашиб қолди. Айтилганларнинг деярли барчаси келишди. Аммо имом — домла уйга кирай демасди. У кўзларини ерга тикканча ўтирар, ора-сира келган, келаётганларга қараб қўярди. Ахийри, ўрнидан қўзғалди.
— Давронбек…
— Лаббай, домла! Қани, ичкарига кирайлик, оғиз очиш вақти ҳам бўлиб қолди…
— Давронбек, маҳалладан одам айтувдингизми?
— Ҳа, домла, киришди-ку…
— Мен қўшниларингизни назарда тутяпман, — деди имом унинг кўзларига тик боқиб. — Анави ўқитувчи Иноятулло домла чиқмади. Ён-атрофингиздаги қўшниларингиз ҳам кўринишмади. — Кейин рўпарадаги кўримсиз эски иморатга ишора қиларкан сўради: — Рўзиқулникимиди? У нега чиқмади?
Давронбек қизаринди. У бирор арзирли баҳона топишга уринар, аммо, тилига гап келмасди. Ахир, ифторликка казо-казоларни таклиф этгани, қўшниларининг ҳаммаси ҳам бу даврага лойиқ эмаслигини қайдан айтсин.
— Энди, домла…
— Ҳа, тушунарли. Бойларни чақирдим, денг… — Сўнгра барча эшитсин, дегандек, овозини баландлатди. — Қорни тўқларга берилган зиёфат исрофгарчилик белгисидир. Сиз ҳозир ўз дўстларингизни, бой-бадавлат кишиларни анвойи таомлар билан меҳмон қиласиз. Шу вақтда бир неча қўшниларингиз, муҳтожлар қуруқ нон-чой билан оғиз очадилар. Расулуллоҳ (с.а.в) «Ким ўзининг қорни тўқ бўлиб, қўшниси оч ҳолида ўтирган бўлса, у киши чин мўмин эмасдир,» деганлар. Қолаверса, бой рўзадорнинг дуосидан камбағал рўза тутувчининг дуоси, албатта, тезроқ ижобат бўлади…
— Тушундим, домла, — деди узр сўраркан Давронбек. — Энди ичкарига кирайлик. Одамлар кутиб қолишди…
— Йўқ, Давронбек, қўшни сиғмаган кенг уйга мен қандай сиғаман? Мен, яхшиси, уйда ифтор қила қолай. Узр…
Давронбек уни на қайтаришни ва на бирор сўз айтишни ҳам билмай, жим туриб қолди.
Нажмиддин ИКРОМИЙ.

