ҲАМИША МОЛИЯВИЙ КЎМАККА ШАЙ

Асака универсал банк хизматлари офиси “Hamkorbank” АТБнинг тўнғич БХОларидан. Бугунги кунда йирик мижозлари ва талайгина ҳамкорлари билан иқтисодий бақувват молия ташкилотига айланиб улгурган. Ходимлари билимли, иқтисодий салоҳиятга эга.

Жамоа тартиб-интизом борасида ҳам ўрнак бўла олади. Шундан бўлса керак, 2022 йилни салмоқли ютуқлар билан якунлади. 14 та йўналишнинг 12 тасида белгиланган режаларни ортиғи билан бажаришнинг ўзи бўлмайди. Астойдил қилинган меҳнатлар самараси биргина “Сбербанк онлайн” йўналишида яққол кўзга ташланади. Универсал менежери Дониёрбек Носиржонов февраль ойида ушбу йўналишда 250 дан ортиқ мижозни жалб қилиб, улаш режа кўрсаткичини 140 фоизга бажаришга эришди. Чакана бизнес бўлимида Дониёрбек қатори Аҳрорбек Тошпўлатов, Илёсбек Солижонов ва Мафтунахон Мамажонова каби 4 нафар иқтисодий салоҳиятга эга ёшлар астойдил меҳнат қилмоқда.
Даромад олишда барча универсал БХОлар ичида фахрли биринчи ўринни эгаллаган жамоа йил бошидаёқ янги ютуқларни кўзлаган. Ўтган январь-февраль ойлари давомида 13 та йўналишда белгиланган режалар юқори кўрсаткичларда якунланди. Яҳёбек Ҳасанов бошчилигидаги чакана бизнес бўлими иш режасининг мукаммаллиги ва ходимларининг бир ёқадан бош чиқариб ишлаётганлиги боис кун сайин мижозлар сони ортиб бормоқда.
Энг кўп мурожаат қилинадиган истеъмол кредити йўналишида Достонбек Жўрабоев, Анваржон Абдуҳомидовлар ҳар ойда 1,5-2,0 млрд. сўмлик кредит ажратиб, жисмоний шахсларга кредитлар ажратиш режасини ортиғи билан бажарилишига эришдилар. Универсал менежер Аҳрорбек Тошпўлатов эса январь — февраль ойларида асакаликларни онлайн омонатларга жалб қилишда фаоллик кўрсатиб, водий йўналишида 3- ўринни эгаллади.
Одатда касса бўлимида сабрли, масъулиятли ва хушмуомалали инсон­лар фаолият юритишади. Шоҳруҳ Музаффаров, Маъруфжон Жумабоев каби зийрак ходимлар ана шундай таърифларга лойиқ, Боиси касса молия муассасасининг энг ишончли жойидир.
Дастлаб зарурат юзасидан ташриф буюрган инсон борки, “Hamkorbank”нинг доимий ҳамкорига айланиб қолади. Бу албатта муболағасиз. Чунки банкда хушмуомалали, маънавияти юксак кадрлар сифатли хизмат кўрсатиш орқали ишонч ва ҳурмат қозонишади-да. Чунки ишонч билан муваффақиятга эришиш, юксалиш мумкинлигини улар доим ҳис қилишади.
Дарҳақиқат, Асака нафақат Андижон вилояти, балки, респуб­ликамизнинг саноати ривожланган шаҳри ҳисобланади. Одамлари танти, меҳнатсевар. Дилкаш инсонлари борки, ҳар ишнинг уддасидан ўтади. Тадбиркорликларигаку таъриф йўқ. Молиявий кўмакка шай Асака универсал банк хизматлари офиси жонкуярларининг мақсади эса уларни қўллаб-қувватлаш.

Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА.