ҲАМКОРЛИК: РИВОЖЛАНИШ АСОСИ
Марғилонлик тадбиркор Зокирхон Ғофуров муваффақиятларини меҳнатда деб билади. У тадбиркорлигининг илк йилларида якка тартибда ҳам оила даромадини, ҳам юрт фаровонлигини таъминлашга ҳисса қўшди. 2017 йил фаолиятини кенгайтириш мақсадида “Водий нефть транзит” корхонасини ташкил қилиб, нефть маҳсулотлари савдосини бошлади.
Бугун тараққиётдан ортда қолмаслик учун тинимсиз изланиш, инновацион ғояларни илгари суриш, сўз ва иш бирлигига эришиш, мижозлар кўнглига йўл топиш, уларни мунтазам равишда янгиликлардан хабардор қилиш лозим. Ишбилармон З.Ғофуров айнан шу йўлдан боряпти. 2022 йилда «Водий нефть транзит» корхонасини “Bro oil magnat” масъулияти чекланган жамиятига айлантирди, биржа савдосига қизиқиши ортди. Нефть маҳсулотларини биржа савдоси орқали сотиб олиб, яна биржа орқали сотишни йўлга қўйди.
Ҳозирда маҳсулотлар савдосини йўлга қўйиб олган тадбиркор 27 турда фаолият олиб бормоқда. 30 дан ортиқ ишчи ўрни яратиб, марғилонлик йигитларнинг бандлигини таъминлади.
—Нефть маҳсулотларига талаб кун сайин ортиб боряпти. Асосий шартномага мувофиқ маҳсулотларни улгуржа олиб-сотиш, буюртмалар қабул қилиш ва етказиб бериш имкони яратилган. Жумладан, республикамизнинг барча вилоятларига мана шу хизматлар йўлга қўйилган. Эришилган ютуқларда укаларим Муродхон ва Мухторхонларнинг ўрни беқиёс, -дейди иш бошқарувчи Зокирхон Ғофуров.
Корхона келгусида рентабелликни ошириш мақсадида респубилкамиздаги корхона, ташкилотларга сифатли ва арзон нефть маҳсулотларини етказиб бериш учун импортни режалаштирмоқда. МЧЖ раҳбари яна бир янги ишни бошлаган. Яъни, Қиргули тумани марказида бир гектар майдонда янги офис ташкил қилиш арафасида қурилиш, таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари олиб бориляпти. Нефтни қайта ишлаш заводи ҳудудига яқин жойда бўлгани боис савдо қилиш учун қулай, албатта. Бу эса яна кўплаб ёшларнинг иш билан таъминланишлари кафолати ҳамдир.
Корхона “Hamkorbank” АТБнинг Марғилон универсал банк хизматлари офисининг тез ва сифатли хизматларидан мамнун. “Bro oil magnat” МЧЖ банкнинг энг намунали ҳамкорларидан. Ҳар икки ташкилотнинг мақсадлари муштарак-иқтисодий юксалиш.
Н. Иброҳимова