«Ҳаётимдаги энг яхши воқеа»
Бугунги Жиззах шаҳри замонавий кўринишга эга, кўркам ва ҳар соҳада илғор. Қаҳрамонимиз Насимжон Ўктамов ҳар куни мана шу ажойиб манзарадан ҳузурланиб ишга йўл олади. Кеч тушиши билан қадрдон ҳовлиси, ота-онаси, фарзандлари қошига шошади. У “Hamkorbank”нинг Жиззах филиалида олти йилдан бери ишлайди. Яъни филиалнинг ташкил топганидан шу кунгача бўлган ҳар бир жараёнига гувоҳ. Жамоанинг ютуғларида унинг ҳам муҳим ҳиссаси бор. Тиришқоқлиги, жонкуярлиги билан жамоада ҳурмат топган. Келинг, қаҳрамонимиз билан яқиндан танишиш учун унинг ҳикоясига қулоқ тутайлик.
— 2011 йилда Тошкент Молия институтини тамомлаб, она шаҳримга қайтиб, Агробанкда иш бошладим. 2014 йили “Hamkorbank” Жиззахда ўз филиалини ташкил қилгач, мана шу муассаса ходимига айландим. Бу ҳаётимдаги энг яхши воқеалардан бири бўлди, назаримда.
“Hamkorbank”да ўзгача жамовий муҳитни кўрдим. Энг аввало, гуруҳбозликдан, ҳасад, иғводан йироқ, бирдам, аҳил жамоа, бошқа банклардагидан анчагина юқори бўлган ойлик маош ва кўп сонли кредитлар, молиявий барқарорлик. Бундай банк муассасида ҳар қандай ходим завқланиб ишлаши аниқ. Мана энди шу жамоанинг бир қисмиман. Мен иш бошлаган янги филиал билан бугунгисининг кўрсаткичлари ўртасида катта тафовут бор. Олти йилдан буён фойда режасини 100 фоиз бажариб келяпмиз. Шу йил даражамиз бир поғонага кўтарилиб, иккинчи гуруҳдаги филиаллар қаторига қўшилдик. Бу оддий эшитилгани билан катта натижа. Навбатдаги маррамиз — биринчи гуруҳга чиқиш.
2020 йилда пандемияга қарамай муаммоли кредитларимиз сони камайди. Бу жамоанинг жипслашиб, фаол ҳаракат қилишининг самараси бўлди.
Мен бек офис бўлимида кредитларнинг мониторинги билан шуғулланаман. Вазифам — кредитлар билан боғлиқ муаммолар келиб чиқишининг олдини олиш. Бунинг учун олдиндан пухта ва чуқур мониторинг ўтказиш талаб этилади.
Албатта, ишимизнинг ўзига яраша масъулияти бор. Рақамлар таҳлили, мижознинг ҳолатини ўрганиш, вазиятни баҳолаш ва хулоса бериш учун доимий равишда ишлаш зарур.
Зиммамдаги вазифамни вақтида бажариш ҳаракатида юраман, режаларимни ҳам ортиғи билан уддалашим керак. Ўз ишингизни кўнгилдагидек бажармадингизми, кўрсаткичлар орқага кетаверади. Бу ҳам руҳий, ҳам моддий рағбатдан сизни мосуво қилади. Ахир ҳар ойда қилган меҳнати учун мукофот олишни ким хоҳламайди, дейсиз.
Ҳисоб-китоблар ҳаммани чарчатади. Жумладан, мени ҳам. Чарчоқ қачон сезилади, биласизми, меҳнат таътили яқинлаша бошлаганда (кулади).
Таътилга чиқишим билан қиладиган биринчи ишим — бирор дам олиш масканида оилавий ҳордиқ чиқариш бўлади. Кейин эса соғлигимни тиклаш билан шуғулланаман. Чет давлатларига чиқмаганман. Насиб этса, биринчи саёҳатимни Бирлашган Араб Амирликлари ёки Саудия Арабистонига уюштиришни ният қилганман. Ўзимизнинг Жиззах ҳам саёҳатбоплиги жиҳатидан анча-мунча машҳур шаҳарлардан қолишмайди. Меҳмон бўлиб келсангиз, довруғи достон Жиззах сомсалари-ю, Зомин тоғлари, бепоён Айдаркўллари, шубҳасиз, бир умр ёдингизда қолади.
Рақамлардан чалғиб, мияга дам беришнинг яна бир усули — китоб ўқиш. Ҳа, мутолаа — менинг хоббим. Яқинда таниқли адибимиз Ўткир Ҳошимовнинг “Тушда кечган умрлар” китобини иккинчи марта ўқиб чиқдим. Асар қаҳрамонининг кечинмалари мени жуда таъсирлантирди.
Ишимни, жамоамни жуда яхши кўраман. Агар менга бошқа филиал ёки жамоага бориб ишлаш таклифини айтишса, тўғриси, рад этаман. Шу филиалда униб-ўсяпман, демакки, келажак режаларим ҳам шу ер билан боғлиқ. Қолаверса, оилада ёлғиз ўғил фарзандман, ота-онамнинг ёнида бўлиб, уларнинг ҳақларини адо этишим керак.
“Минг марта эшитгандан бир марта кўрган афзал” деганларидек, йўлингиз тушса, филиалимизга келинг ва жамоамиз билан яқиндан танишинг. Ана шунда Жиззахда “Hamkorbank” қандай ишлаётганига ўзингиз гувоҳ бўласиз.
Нигора Миролим қизи

