ҲУҚУҚИНИ БИЛГАН МАСЪУЛИЯТНИ ҲАМ УНУТМАЙДИ

Бугуннинг ёшлари — энг бахтли ва келажаги порлоқ инсонлар. Президентимиз бошчилигида давлатимиз томонидан уларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликларнинг чеки йўқ. Яқинда давлатимиз раҳбарининг ёшлар билан ўтказган учрашуви бу борада яна бир қадам бўлди.

Мазкур тадбир олдимизга катта вазифаларни юклади. Ўзбекистонда ҳар пайшанба “Ёшлар куни” бўлиши белгиланди. Жойларда шундан келиб чиқиб ўтказилаётган тадбирлар келажак авлод камолоти ва уларни қўллаб-қувватлашга қаратилмоқда. Хўжаобод туманидаги Хўжаобод техникумида “Ёшлар ва ҳуқуқ” мавзусида ташкил этилган давра суҳбати ҳам шу мақсадга қаратилди.


Тадбирда сўз олган «Hamkor press» газетаси муҳаррири Акбаржон Назаров ёшлар сиёсати ва уларга бўлган эътибор тўғрисида гапирди. Кейинги йилларда ташаббускор ва изланувчан йигит-қизлар сафи кенгайиб бораётгани, давлатимиз байроғини халқаро майдонларда баланд кўтараётганлик­ларига тўхталди.
Шундан сўнг Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакили Жасурбек Иброҳимов ёшларнинг ҳуқуқлари, амалдаги қонунчилик ва фуқаролик масаласига йиғилганлар эътиборини қаратди. Жиноятчиликларнинг олдини олиш, болаларни зўравонлик­лардан сақлаш ва бу борадаги қонунчилик юзасидан тушунчалар ­берди..


— Ёшларга бу қадар катта эътибор бўлмаган, — деди Хўжаобод техникуми директори Илҳомжон Йўлдошев. — Бу ўз ўрнида уларнинг зиммасидаги масъулиятни оширади. Ҳуқуқини билган масъулиятини ҳам унутмаслиги керак. Бугун ҳуқуқшунослар томонидан билдирилган фикрлар ўқувчиларимизнинг билимларини оширди, уларни қизиқтирган саволларга жавоб топилди.
Тадбир доирасида ёшлар иштирокида “Ҳуқуқ ва бурч” мавзусида танлов ўтказилди. Ғолиблар ва фаол иштирокчилар совғалар билан тақдирландилар.

А. Каримов.
Б. Муталлибов олган суратлар.

Ушбу материаллар Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат­ фонди томонидан молиялаштирилган “Ҳуқуқий маданият — жамият таянчи: Андижон вилояти аҳолисининг инсон ҳуқуқлари бўйича хабардорлигини ОАВ орқали ошириш” мавзусидаги грант лойиҳаси асосида тайёрланди.