27 ЙИЛЛИК ФИЛИАЛ: БИРИНЧИ ҚАДАМ, БИРИНЧИ ТАРМОҚ

Мазкур мақола филиал бошқарувчиси
Зиёдулло Усмонов билан бўлиб ўтган суҳбат  асносидаги фикрлар, хулосалар асосида дунёга келди.

Бу воқеа 1994 йил 1 ноябрда рўй берган. Шу куни “Hamkorbank” АТБ  Шаҳрихонда ўзининг биринчи тармоғини ишга туширди.  Тўнғич филиал учун айнан шу ҳудуд танлаб олинганининг ҳам ўзига хос сабаби бор.  Туманда аҳоли зич, ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик ривожланган эди.

Бугун…

Орадан 27 йил ўтди.  Ўз йўлидан оғишмай олға қадам ташлаган филиал  ҳақида бугун мана шундай таъриф бериш мумкин: тажриба мактаби, йирик даромад келтирувчи ва тўғри йўлдаги.

Келинг, энди бу таърифларни озроқ изоҳлаб ўтсак.  Ўтган йиллар  давомида бу муассасада банк иши билан боғлиқ катта тажриба мактаби шаклланди. Филиалдан етишиб чиққан 20 дан ортиқ ходим ҳозирда бош банкда масъул лавозимларда, филиалларда бошқарувчи сифатида фаолият юритмоқда.

Филиал 3-гуруҳ филиаллари қаторида турса ҳам, берадиган фойдаси оз эмас. 2020 йилни 12 миллиард сўмдан зиёд соф фойда билан якунлади.  Бу йил ҳам зиммасига катта режа кўрсаткичи қўйилган.

Ютуқлар ўз-ўзидан бўлмайди. Танланган тўғри йўл  ҳар қандай мақсадга элтувчи маёқдир. Илк фаолиятиданоқ қадамнинг тўғри қўйилгани, ходимларнинг салоҳиятига қараб ўринли жойлаштирилганлиги,  олинган фойданинг сифатли бошқариб келингани ва криминал ҳолатларга йўл  қўйилмагани — буларнинг барчаси филиал муваффақиятининг гаровидир. 

Ҳамиша юқорида

Банк ишида рақамлар, кўрсаткич­лар ўзгарувчан бўлади.  Бу ҳақиқатни чуқур англаб етган тажрибали ва салоҳиятли филиал жамоаси  27 йилдан буён фақат олдинга қараб қадам ташлайди. Ортга чекиниш уларга бегона туйғу. Шу боис ҳам вилоят марказида жойлашган айрим филиаллардан  яхшироқ  даромад беради. Ўз гуруҳида эса етакчи.

51 нафар ходимдан иборат жамоанинг ярми узоқ йиллик тажрибага эга,  қолганлари ёш мутахассислар.  Филиалда ҳалоллик деган  тамойил ҳамма нарсадан устивор.  Балки,  шу сабаб ходимлари ҳамиша  харидоргир бўлса керак.  Шу кунларда корпоратив хизматлар бўлими бошлиғи Абдуғулом  Валиев ҳам бош банкка ўтиш арафасида. Тизимга малакали мутахассисларни етказиб бераётгани учун шаҳрихонликларга яна бир бор ташаккур айтсак арзийди. 

Филиалнинг юраги

Шаҳрихон филиалида Сотволди Самиевдан кейин унинг йўлини давом эттирган инсон бу унинг шогирди Зиёдулло Усмонов. Зиёдулло ака 1995 йил олий ўқув юртини тамомламасдан турибоқ шу муассасага ишга келган. Филиалдаги бошқарувчилик фаолиятини 2003 йилда бошлаб, шу кунгача бошқа филиалларда ҳамда бош банкда раҳбарлик лавозимларида  фаолият юритди. Ҳозирда ушбу муассасани ундан яхшироқ биладиган ва унданда яхшироқ кўрадиган инсон топилмаса керак.

“26 йилдан буён “Hamkorbank” тизимидаман. Бир жойда униб-ўсишни хоҳладим ва ниятимга етдим, деб ўйлайман. Эрта бир кун нафақага ҳам шу жамоанинг ҳурмати-эҳтироми билан чиқсам, дейман. Мақсадим — ишни шу банкда  бошладим,  шу ерда якунлаш ва филиалимизнинг келажагини янада порлоқ ҳолда кўриш”. Жамоа  раҳбарининг шахсига ва қилаётган ишларига ортиқча таърифнинг ҳожати йўқ. Бугун бу инсонни Шаҳрихон филиали билан айро ҳолда тасаввур қилиб бўлмайди.

Мижоз бор,  банк бор

Масалан, 2004 йилда филиал ҳисоботида 2 миллион сўм соф фойда олиш режаси қўйилган эди. Қарангки, бугун эса бу кўрсаткич миллиардларда ифодаланади.

Жорий йилги кредит портфелига назар ташлайдиган бўлсак,  1 февраль ҳолатига кўра, уларнинг сони  6,5 мингдан ортган.  Жами миқдори эса 230 миллиард 726 миллион сўм. Юридик ва  якка тартибдаги тадбиркор мижозлар сони 4076 тадан иборат. 98 фоизи  масофадан хизмат кўрсатиш тизимига уланган.

 Қаҳрамон йигит Дилявер

Жамоанинг қаҳрамони билан таништириб ўтсак.  Унинг кимлиги билан қизиқаётган бўлсангиз, мидл офис биринчи тоифали мутахассиси Дилявер Бекировдир.  Бу йигит 1996 йилдан буён филиалда компьютер оператори бўлиб ишлайди. Банкнинг информацион техник фаолияти назорати унинг зиммасида. Шу кунгача биронта мижоз банкомат ёки терминалларнинг носозлигидан шикоят қилмаган. Сабаби, Дилявер бундай шикоятларга ўрин қолдирмайдиган ўта масъулиятли ходим. 

Устозни эсламаслик мумкинми?

Филиал ҳақида сўз кетганда раҳматли устоз Сотволди Самиевни  эсламасдан, у ҳақида  икки оғиз бўлса ҳам яхши гап айтмасдан ўтишнинг иложи йўқ. Бу инсон  2020 йилнинг май ойида юрак хуружи билан 66 ёшида  ёруғ оламни тарк этди. У филиалнинг  биринчи бошқарувчиси сифатида жуда кўп хайрли ишларга  қўл урган эди. Енг шимариб, ҳашар йўли билан ошхона қурдирган ҳам, қурилиш ашёлари етмай қолганда, уйидаги қурилиш материалларини олиб келиб, камчиликларни бутлаган ҳам  шу инсон бўлган.  Устознинг нафақат инсоний хислатлари, балки, банк ишини пухта билиши ҳам тармоқнинг гуллаб-яшнашида муҳим омил бўлди. У “така бўлса ҳам сут берсин” мақолини кўп такрорлар эди. Яъни “катта-кичик демай, қанақа мижоз бўлса ҳам ҳамкорлик ўрнатайлик,  даромад келтирсин” деган фикрни  ҳамиша илгари сурган. Ана ўша пайтда филиал  ўз  хизмати ва эътиборини қизғонмаган кичик тадбиркорлар, ишлаб чиқариш корхоналари банк билан бирга униб-ўсиб йирик тадбиркорлик субъектларига айланди.  Бугун Шаҳрихон туманидаги пахтани қайта ишлаш  саноатининг катта қисмини қамраб олган “Саховат текс” корхонаси ва “Водий пахтаси” МЧЖ, фильтр ишлаб чиқарувчи “SDK Group And” МЧЖ ана шундай мижозлардан ҳисобланади.

Ҳал  қилиниши зарур муаммо

Бугун мана шундай забардаст ва тўнғич тармоқнинг  ҳал қилиниши муҳим бўлган бир муаммоси бор. Яъни банк биносининг ноқулай ҳудудда жойлашганлиги ва стандартлар талабига жавоб бермай қолаётганидир. Чунки бино банк учун мўлжалланмаган. Бўлимлар  ҳар  томонга сочилиб кетган. Катта Асака йўли бўйида жойлашгани учун  автомашиналар қатнови жуда тиғиз. Бу эса кўчанинг у юзидан бу юзига ўтиш учун ҳам анча вақт талаб қилади. Бино атрофида  автомашиналарни қўйиш учун жой йўқ. Мана шу ҳолатлар мижозларнинг ташрифига тўсқинлик қилмоқда. Ваҳоланки, тумандаги замонавий кўринишда реконструкция қилинган Агробанк ва Микрокредитбанклар рақобатда анча илдамлаб кетди. Бундан ташқари, янги ташкил қилинган
7 та банкнинг банк хизматлари маркази  ҳам мижозлар эътиборини жалб қилмасдан қолмаяпти. Айнан мана шу  ҳолатларни ҳисобга олиб,  катта иш ҳажмига эга бўлган филиални  замонавий қулайликларга эга, стандартларга  жавоб берадиган янги бинога кўчириш вақти келди.

Сўзимиз якунида

Имкониятимиз чеклангани боис мақоламизда кўп ҳолатларга тўхталиб ўтолмадик. Бу жамоада ёзишга арзирли кўплаб фактлар, алқаб ўтишга лойиқ кўплаб ходимлар бор. Умид қиламизки,  уларни қаламга олмаганимиз учун биздан ранжишмайди. Мазкур филиал ҳақидаги бу мақоламиз биринчиси ҳам сўнггиси ҳам эмас. Омад ёр бўлсин, шаҳрихонлик “Hamkorbank”чилар!

“Фоиз сал  баландроқ-да”

Ботир Ҳасанов, якка тадбиркор, филиал мижози:

— Ўзим  Улуғнор туманида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаман. Тўғриси, аввал Асакабанк ва Микрокредитбанкнинг мижози эдим. 2018 йилда “Hamkorbank”ка ҳисоб-рақамимизни олиб ўтдик. Тадбиркорман, молиявий масалаларимиз тез ҳал қилиниши керак. Бу ерда ана шу жиҳатни кўрдим. Узоғи уч кунда ишимизни битириб беришади. Филиалнинг ҳамма ходимлари яхши, ўз ишини билади, оператив хизмат кўрсатади. Ҳеч қайси масалада таъма қилмайди. Масалан, бошқа банкларда оддий  кредит олиш учун уч ойлаб кутасиз. “Ҳужжатларингизни кўриб чиқяпмиз”, деб чўзиб юришаверади. Кредит чиққанда эса у пулнинг сизга кераги бўлмай қолади. Чунки савдода кўп нарсалар мавсумга боғлиқ. Бу банкда вақтдан ютамиз. Шунинг учун масофа узоқ бўлса ҳам шу ерга келаман. Фақат битта томони  — кредитларнинг фоизи сал баландроқ.

Нигора МИРОЛИМ қизи

Мутолаа