74 ЁШДАГИ ПЕНАЛЬТИ

Аксарият футбол мухлислари 36 ёшга тўлган Роналду ва 33 ёшдаги Мессининг   иқтидорига на ёш, на йиллар таъсир кўрсатолмаётганини  айтади. Аммо мисрлик Бахадер Эззельдин олдида бу икки футбол юлдузининг майдондаги ёши ҳеч нима бўлмай қолади. Бахадер  2020 йилнинг ноябрида 75 ёшга тўлди. У ёшлигидан футболга меҳр қўйган, лекин асосан ҳаваскор клубларда тўп суриб келган эди.

Нафақахўр ўйинчи энг кекса футболчи мақомини олиш учун 2020 йил бошида  Миср  чемпионатининг учинчи дивизиони клуби билан профессионал шартнома имзолади.  6 март куни бўлиб ўтган учрашувда  дебют ўйинини ўтказган  отахон пенальтидан гол ҳам урди ва жамоасининг дурангга эришишига сабабчи бўлди. Аммо иккинчи ўйин пандемия туфайли қолдирилди. Орадан бир неча  ой ўтиб, 6 октябрь куни яна майдонга тушди ва 90 дақиқа давомида тўп сурди. Шу тариқа у Гиннес рекордини  расмий равишда янгилади. Бу тарихий ўйинда  футболчини 6 нафар набираси қўллаб-қувватлаб турди.

Бахадернинг  Гиннес рекордини ўрнатиш  борасидаги орзуси амалга ошганидан унинг  турмуш ўртоғи Фотима, фарзандлари ва набиралари жуда хурсанд.  “У қандай ўйнаётгани, югураётгани ва пас узатаётганини кўриб, ҳайратда қолдим”,  — деди ҳакам Амро Рамадан.  Ҳақиқатан ҳам, ўйин давомида 74 ёшли нуроний ўзининг ажойиб хатти-ҳаракатлари, дриблинг  ва паслари билан  ёш футболчиларни чарчатиб ташлади.  Шу тариқа инсоннинг  орзу-мақсадлар рўёби йўлидаги шижоати ва ҳаракатига ёшнинг таъсири йўқлигини Бахадер Эззельдин бутун дунёга исботлади. Ундан олдинги рекорд  “Ironi Or Yehuda”  клуби дарвозабони бўлган исроиллик  73 ёшли Исаак Хайикка тегишли эди.

НИГОРА тайёрлади.