FУРУРЛИ ЙИГИТНИНГ ОНАСИ
Яқинда Фарғона минтақавий банк хизматлари офиси ундирув бўлими бошлиғи Шерзод Ҳусановнинг волидаи муҳтарамаси Маҳбубахон опа билан суҳбатлашдим.
Унинг ўз фарзандлари ҳақида ҳурмат ва эҳтиром билан сўзлаши эътиборимни тортди. Вазминлиги, мулоҳазакорлигига ҳавас қилдим. Ўзбек аёлига хос яхши сифатлар: ҳаё, ибо, истеҳзо, камтарлик, камгапликни кўрдим онахонда.
— Ҳаётимни оиламга, фарзандларим тарбиясига бағишладим. Оддий уй бекаси бўлиб яшадим, турмуш ўртоғимга муносиб аёл бўлишга, уни рози қилишга интилдим. У инсон билан икки ўғил, икки қизни вояга етказдик. Орзуим фарзандларимни ўқитиш, илмли қилиш эди. Бу истакларим рўёбга чиқди. Она учун ўғил-қизларининг камолидан ортиқ бахт ва хотиржамлик бўлмаса керак, — деди Маҳбубахон опа суҳбатимизда.
2024 йилнинг “Энг яхши ундирув бўлими бошлиғи” номинацияси ғолиби Шерзод Ҳусанов болалигидан тиришқоқ, билимдон бўлган. Марғилондаги гимназиянинг энг намунали ўқувчиларидан эди. Андижон муҳандислик-иқтисодиёт институтида ҳам аъло баҳоларга ўқиди. Иқтисод соҳасини танлаб адашмаганини ҳаётнинг ўзи кўрсатди. 13 йилдан буён “Hamkorbank”да самарали фаолият юритиб келмоқда.
— Шерзодбек ўғлим кичкиналигидан ғурурли, бир сўзли эди, гап кўтаролмасди. Мустақил фикрлашга интиларди, — дейди суҳбатдошим. — Ҳозир ҳам дўстлари, ҳамкасблари орасида ҳурмати баланд. Ҳамма билан яхши муносабатда. Шу пайтгача ортидан ёмон гап эшитмадик. Мен турмуш ўртоғимнинг қатъиятини мана шу ўғлимда кўраман. Бир ишни бошласа, охирига етказмай қўймайди.
Маҳбубахон опа турмуш ўртоғи Зикирёхон ака билан фарзанд тарбиясини энг муҳим вазифа деб ҳисоблади. Уларга гўдаклигидан одоб-ахлоқ, оилавий қадриятлар, инсоний туйғуларни чуқур ўргатди. Ким билан дўст тутинган, атрофидаги болалар нима билан шуғулланади, мактабдаги устозларига ҳурмати қандай — барчасини назорат остига олди. Ўз вақтида қилинган тўғри ҳаракат ва оилавий муҳит таъсирида фарзандлар чиройли хулқ эгалари бўлиб улғайди.
— Бола ота-онанинг хатти-ҳаракатидан ўрнак олади, — дея фикрларини давом эттирди суҳбатдошим. — Мана, онамнинг ёнида ўтирибман. Аллоҳ умрларини янада зиёда қилсин, 89 ёшга кирдилар. Ака-ука, опа-сингиллар тўпланиб кўргани келамиз, дуоларини оламиз. Бу анъанани фарзандларимиз ҳам давом эттиряпти. Сиз қўнғироқ қилишингиздан аввал онамга Шерзодбекнинг ишдаги ютуғини айтиб, расмларини кўрсатиб турган эдим. Роса набирасини дуо билан сийладилар.
Ота-онани рози қилиш, уларнинг дуолари билан бахтли ҳаёт кечириш бу оиладаги энг яхши анъаналардан бири.
— Онам бизга чиройли тарбия берган, — дейди Шерзод Ҳусанов. — Кўп феъл-атворим улардан ўтган. Дадамнинг одамлар билан муомаласидан фахрланамиз. У кишини Марғилонда каттаю-кичик ҳурмат қилади. Ота-онамизнинг кўнглини олсак, ҳурматини жойига қўйсак, ишларимиз юришаверади. Ҳар йили жамоамизнинг ютуқлари эътироф этиларди. Бу йил ғолибликни беришди. Хурсанд бўлдим. Бу ютуқда жамоамизнинг меҳнати билан бирга, дуогўйларимнинг ҳам ҳиссалари катта.
“Аёл киши учун фидоийлик зарур. Фарзанднинг келажагини биринчи ўринга қўйиб яшаса, оиласи тинч, турмуши тотув бўлади”. Ҳа, фикрларида ҳаёт йўли акс этган Маҳбубахон Саидумарова сингари оилапарвар аёлларимиз бор бўлсин. Шерзод Ҳусанов каби салоҳиятли мутахассисларни жамиятга мана шундай гўзал хулқли оналар туҳфа этади.
Н. ТЎХТАМАТОВА