“Hamkorbank”чилар совриндор бўлишди
Андижон вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши томонидан ташкиллаштирилган “Спорт-саломатлик куни” шиори остидаги беллашувлар қизғин баҳсларга бой бўлди.
Ҳудудлардаги корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида спортнинг оммавий турлари бўйича ўтказилган мусобақаларда “Hamkorbank” жамоаси ҳам фаол иштирок этди.
Банк жамоасининг мини-футбол мусобақасидаги иштироки кўпчилик эътиборини тортди. Унда “hamkorbank”чилар фахрли 2-ўринни эгаллаб, ташкилотчиларнинг дипломи ҳамда эсдалик совғаларини қўлга киритди.
— Эришилган ютуқда Бекзод Аҳмадалиев, Тўланбой Хўжаёров, Дилшодбек Иминов ва Яшнарбек Жакбаров каби спортсевар ходимларимизнинг ҳиссалари катта бўлди, — дейди “Hamkorbank” АТБ Бирлашган касаба уюшмалари қўмитаси раиси Ш.Неъматов. — Бундай шижоатли ёшлар жамоамизда кўпчиликни ташкил этади. Биз келгусида ҳам ходимларимиз ўртасида жисмоний тарбия ва спортни, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиб, уларни турли мусобақаларда банкимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишлари учун барча зарурий шарт-шароитларни яратиб берамиз.
Э.АбдуҚодиров.