ИСТЕЪДОДЛАРНИ ИЗЛАЙМИЗ
Инсоннинг шахс сифатида шаклланишида мусиқа санъати беқиёс аҳамиятга эга. У қандай касб эгаси бўлмасин санъат билан ошно тутинади.
Ўзбек шеъриятининг даҳоси Алишер Навоий ўз насрий асарларининг бирида бу ҳақда ажойиб фикрларни билдиради: “Шодликни оширувчи хонанда, ғамни тарқатувчи созанда, буларнинг ҳар иккисига ҳиссиётли кишилар ва аҳли дардлар жон фидо қиларлар. Улар мулойим тарона билан куйлар эканлар, эшитувчиларнинг нақд ҳаёти куйга фидо бўлса не ажаб? Ахир, кўнгил хуш оҳангдан қувват, руҳ эса хуш овоздан озиқ олади”. Навоий бобомиз эътироф этган бу таърифлар “Hamkorbank” ходимларига ҳам бегона эмасдай. Банк бошқаруви томонидан эълон қилинган “Истеъдодларни излаймиз” кўрик-танловининг 2025 йил якунига бағшланган тантанали тадбирда ана шундай ғоя илгари сурилди. Банк ходимлари ўзларини бу йўналишда ҳам синаб кўрдилар.
Куй, наво, юракдан ижро этилган қўшиқлар қатнашчиларга кўтарингки руҳ берди. Иштирокчилар нафақат, иқтисодчи, молиячи, балки санъатни севишларини ҳам ифода этишди. Рубобнинг майин оҳанги, доиранинг зарбли овози, дутор таронасию гитара оҳанглари юракларни титратди, кишига илҳом баҳшида этди.
Тадбир иштирокчилари ва меҳмонлар айни пайтда Андижоннинг диққатга сазовор жойларини кўриб, шаҳар гўзаллигидан баҳраманд бўлмоқдалар.

