ИШОНЧ УНИНГ ҚУРОЛИ
Банк тизимида “ташаббускор” тушунчаси одатда мижозларнинг молиявий лойиҳаларини амалга ошириш, кредит олиш, янги бизнес ғояларини илгари суриш ёки ҳужжатлар айланмасида биринчи бўлиб талабнома киритадиган ходимга нисбатан қўлланилади. Демак, “Hamkorbank” АТБнинг Чинобод универсал банк хизматлари офиси Бек офис етакчи мутахассиси Заҳриддин Ортиқовга юқоридаги тарифлар тўғри келади. Буни УБХО бошлиғи Отабек Болтабоевнинг сўзлари ҳам тасдиқлайди.
— Заҳриддиннинг луғатида “билмайман”, “бу ишни эплолмайман” деган сўзлар йўқ. Бухгалтеримиз бош банкка ўтиб кетгач ўрнига бошқасини қўйдик. У ҳам бошқа вазифага ўтказилди. Янги номзодлар бор-у… Шунақа ўйлар билан турганимизда ёнимга кириб, “мен бухгалтер бўлиб ишлай. Бу вазифани уддасидан ўтаман” деб қолди. Очиғи, унчалик ишонмагандим. Йўқ, хато ўйлаган эканман. У вазифасини сидқидилдан бажармоқда.
Раҳбарнинг таърифлаганича бор. Заҳриддин тиниб-тинчимас йигит чиқиб қолди. Нафақат вазифасини уддасини ўтади, жамоавий ишларда ташаббускорлиги билан ҳам ажралиб туради. Туғилган кун дейсизми, кўнгил олишни, қадрлашни билади; электрда узилиш дейсизми, дарров ечимини топади.
Заҳриддин Наманган муҳандислик технологиялари институтини 2018 йилда тамомлаган. Шу йилнинг ўзидаёқ “Hamkorbank” томонидан жорий қилинган танловлардан ўтиб Чинобод универсал банк хизматлари офисига иш ўрганувчи бўлиб кирди. Зеҳнли бўлгани учун иш ўрганиш даври узоқ давом этмади. Рессепшиндан бошлаб кассир, ҳисоб рақам менежери вазифаларида ишлаётган кезларида билими чўкиб бораётгандай туюлди. Бундан-да юқори вазифаларни бажара олиш салоҳиятини ошкор қилди. Чакана, универсал менежери вазифаларида масъулият билан ишлади. Корпоратив хизматлар бўлимида оммавий кредит менежери сифатида юқори кўрсаткичларга эришди. Юридик мижозларни жалб қилиш бўлимидаги фаолияти давомида иқтисодий кўникмаларини мустаҳкамлади. Ҳозирда жамоада 30 дан ортиқ ходим ишлаётган бўлса, улар орасида илмга чанқоқлиги, интилувчанлиги ва ташаббускорлиги билан ҳурмат қозонди.
Инсон олдига қўйган мақсадига етишиши учун интилиши, ҳаракат қилиши лозим. Заҳриддин мақсади йўлида юқоридаги фазилатларнинг ҳаммасидан фойдаланиб келмоқда.
Банкда бухгалтер ҳамда администратор лавозими марказлашгани ҳаммага маълум. Айни пайтда Заҳриддин ана шу икки вазифани бажармоқда. Яъни бек офис етакчи мутахассиси.
— Талабалик давримда “Hamkorbank”нинг имижи эътиборимни тортган ва шу биргина кўриниш мени шу ерга олиб келган. Ота-онам ўқитувчи. Улар инсон психологиясини яхши билишади. Биз фарзандларига ҳам меҳнат билан, ўқиб, ўрганиб келажакни яратиш мумкинлигини кўп бор уқтиришган. “Бу банкка ҳамма ҳам ишга киравермайди, билиминг етади, биз сенга ишонамиз” дейишган. Уларнинг ишончини оқлаб келаётганимдан севинаман. Ҳаётда ўрнимни топишда, аввало, уларнинг ва устозларнинг ўгитларига амал қилиб адашмадим.
“Hamkorbank”да бугун навқирон авлод вакиллари жамоаси шаклланганки, улар қаторида қаҳрамонимиз ҳам бор. Ташаббускорлиги, изланиш ва пухта билими билан банк ривожига ҳисса қўшаётган ҳар бир йигит-қиз бундай фахрни туймоқда. “Ташаббускор ходим” лойиҳаси доирасида мақола тайёрлаш асносида бунга амин бўляпмиз.
Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА

