ҚАРАШЛАРИМНИ ЎЗГАРТИРГАН САЁҲАТ

Саёҳат жону дилим. Юрт кезиш, дунё кўриш руҳиятни чархлайди, онгни юксалтиради. Шахсан мен саёҳатлар орқали ўзимни яхшироқ англашга ҳаракат қиламан. Биз каби мунтазам ақлий меҳнат билан шуғулланадиган инсонларга бу жараён завқ, куч, шижоат бағишлайди.
Шу йилнинг май ойида меҳнат таътилига чиқиб, Вьетнамга бир ҳафталик сафар уюштир­дим. Аввал Миср, Япония, Саудия Арабистони, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатларда бўлганман. Лекин Вьетнамга биринчи марта боришим. Сўнгги пайтларда сайёҳларни ўзига жалб қилаётган ҳудудлардан бирига айлангани учун шу мамлакатни танладим. Тўғриси, бу давлатни иқтисодий жиҳатдан қолоқ деб ўйлардим. Лекин бориб кўргач фикрим ўзгарди. Иқтисодий юксалаётган, туризмга катта эътибор қаратилган, оролларга бой, тропик, ям-яшил мамлакат эканлиги ҳайратга солди. Пляжда дам олиб, тропик ўрмонларни айланишдан роҳатланасиз.


Мен борган Нячанг шаҳри денгиз бўйида жойлашган. Тропик иқлим бўлгани учун ҳаммаёқ кўм-кўк, денгиз ҳавоси соф. Шаҳарнинг ҳар бир гўшаси сайёҳлар учун мослаштирилган. Саёҳат давомида Маймунлар, Орхидеялар, Винперл дея номланган оролларга, Чо Дам маҳаллий бозори ва бошқа кўплаб ҳудудларга ташриф буюрдим. Битта оролга бориб айланиб келиш атиги 8-10 долларга тушади. Ваҳоланки, оролларнинг орасидаги масофа 15-40 километрни ташкил этади.
Озиқ-овқатлар ҳам арзон. Масалан, 2,5 литрли “кока-кола” ичимлигининг нархи 12 минг ўзбек сўмига тўғри келади. Газланмаган сувлар бизнинг пулга 1,5-2 минг сўм. Лекин таомлари бизга у қадар тўғри келмади. Очиғини айтиш керак, миллий ошхонаси денгиз маҳсулотлари, экзотик мевалар ва ўзига хос таъмлар билан кўпчиликни ҳайратда қолдирсада, бизнинг менталитетимизга мос эмас. Шаҳарда кўплаб ўзбек ошхоналари фаолият юритаётганига гувоҳ бўлдим. Бироқ улардаги нарх-наво бизга қараганда анча юқори. Сабабини сўрасак, маҳсулотлар Ўзбекистондан келтирилишини айтишди.
Яна бир қувонадиган жиҳат — вьетнамлар ўзбеклар ҳақида билади. Кўп жойларда юз-тузилишимизга қараб, “Ассалом алайкум” дея кутиб олишди. Ҳаттоки, битта оролда камондан ўқ отиш бўйича банерларга ўзбекча маълумотлар ёзиб қўйилганини кўрдик.
Кундузги ҳаётдан кў­ра тунги Вьетнам кўзни қамашти­ради. Тур­ли спорт ҳамда кўнгил­очар машғулотлар, шоулар шаҳардаги ҳаётни янада сайқаллаштиради. Бу биз каби сайёҳларни зериктирмаслик учун йўлга қўйилган турмуш тарзи. Мамлакатда инсонлар осуда, тинч, завқли ҳаёт оғушида кун кечиради. Транспорт тизимида ҳам ўзига хосликни кўрдик. Машина ва байк (скутер)лар жуда кўп бўлиши, қатнов тиғизлигига қарамай автоҳалокатларга дуч келмадик. Светафорлар кам бўлсада, ҳайдовчилар тезликни оширмайди, бир-бирини ҳурмат қилган ҳолда йўл беради.
Умуман инфратузилма жадаллик билан ривожланиб, бутун дунё аҳолисини ўзига чорлаётган мазкур мамлакат ҳақида катта таассуротга эга бўлдим. Бошқа ҳамкасбларимга ҳам у ерга саёҳат қилишни маслаҳат берган бўлардим.

Абдусаттор ЮЛДАШЕВ,
“Hamkorbank” АТБ ички аудит хизмати асосий бизнес жараёнлар аудити бўлими бош мутахассиси