БОШҚАРУВЧИЛИКДА 6 ЙИЛ: МИНИ БАНК ВА «ЛАСЕТТИ»
Ҳар даврнинг ўз гўзаллиги, ўз ҳақиқати ва ҳикмати бор. Аввал илм, кейин меҳнат, ундан сўнг эса роҳат-фароғат. Бу борада “Hamkorbank” фахрийси Юнус Инамов биз билан ўз фикр ва кечинмаларини ўртоқлашди.
Уйда ўтириш қийин
Нафақага чиққанимга 4 йил бўлди. Лекин ишни тўхтатганим йўқ. Яқингача “Hamkor invest lizing” МЧЖда директор консультант вазифасини бажариб келдим. Бир умр ишлаб ўрганган одам учун уйда ўтириш қийинлигини англадим. Ҳозир ҳам иш билан машғулман. Куч-ғайратим бор экан, ҳаракатда давом этишим керак.
Оиламдан хотиржамман
Инсон ўзидан тиниб-тинчисин экан. Шукрки, менга мана шу хотиржамлик ва тинчлик деган неъмат насиб этди. Фарзандларим ўз йўлини топди. Катта ўғлим Молия вазирлигида ишлайди. Қизим ҳам пойтахтда инглиз тилидан сабоқ беради. Кенжа ўғлим менинг изимдан бориб, банк соҳасини танлади. Ҳозирда “Hamkorbank”нинг Наманган минтақавий филиалида фаолият юритмоқда. Рафиқам педиатр-невропатолог. Ўн нафар набиранинг бобосиман.
Тақдирнинг туҳфаси
Тақдир мени бу банкка 2006 йилда етаклаб келди. Унгача 10 йил “Саноатқурилишбанк”нинг Наманган филиалига раҳбарлик қилганман. Айрим муаммолар туфайли тармоқнинг ҳолати танг аҳволга келган бир пайтда мени бошқарувчиликка таклиф қилишди. Шу тариқа “Hamkorbank”даги 16 йиллик фаолиятимнинг муқаддимаси бошланди. Бунинг учун тақдирдан фақат миннатдорман.
Янгича банкни кўрдим
Тўғриси, фронт офис, бек офис деган бўлимларни “Hamkorbank”ка келиб билдим. Давлат банкида ишлаганим учун бундай атамаларни аввал эшитмаган эдим. Бу ерда ишлаш тизими, усуллари бутунлай бошқача бўлиб, ҳамма жараён инновацияга асосланган. Бу менга ёқди. Аслида ҳам банк тизими ҳамиша бошқа соҳалардан бир қадам олдинда юриши керак. Жараёнга тезда мослашиб кетдим. Ва ўйлайманки, 6 йиллик бошқарувчилик давримда яхши ишларни амалга оширдим.
Яхши ишладим, назаримда
Иш бошлаганимда филиалнинг 600 миллион сўмлик муаммоли кредити бўлган. Аста-секин уларни ундириб, иш тартибини йўлга қўйдим. Филиалнинг кўрсаткичлари ўсди, молиявий ҳолати яхшиланди. Шу давр ичида 6 та мини банк ташкил қилдик. Натижада Чуст, Учқўрғон, Чортоқ туманларига ҳам хизматларимиз етиб борди. Бизнинг кўмагимиз билан вилоятимизда яна 2 та филиал ташкил этилди. Уларга ҳам малакали ходимлар етказиб бердик. Наманган филиали энг фаол тармоқлардан бирига айланди. Бошқарувчиликдан сўнг “Hamkor invest lizing” МЧЖни ташкил қилиб, бир неча йиллар у ерда раҳбарлик қилдим.
Янги “ЛАСЕТТИ” бизники бўлди
Бир йили банк Бошқаруви томонидан даромадни 1 миллиард сўмдан оширган филиалга мукофот учун “Ласетти” машинаси қўйилди. Ана шу мукофот бизга насиб этди. Даромадимизнинг ошишида “Ифода” МЖЧ билан ҳамкорлигимиз муҳим роль ўйнаган. Шу йили кўп тармоқли бу корхона филиалимиз даромадининг 30 фоизини берган.
Унутилмас саҳифа
Бу тизимда шунчаки ишламадим, дўст, қадр-қиммат орттирдим. Ўз соҳасининг фидойиси бўлган Расулжон Мухторов, Олмахон Тўражонова, Назиржон Қодиров каби инсонлар билан танишиб, ҳамсуҳбат бўлдим. Улар мендан ўз маслаҳат ва ёрдамларини аямади.
Ҳозир ҳам Андижонга тез-тез бориб, ҳамкасбларим билан учрашиб тураман. Негаки бу банк менинг ҳаёт китобимдаги катта бир саҳифа ва уни варақлашдан ҳеч қачон чарчамайман.