РУБОБ БИЛАН ҒАЛАБА САРИ
Ёдингизда бўлса, январь ойида “Hamkorbank” ходимлари орасида “Истеъдодларни излаймиз!” кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтган эди. Унда Ахборот хавфсизлиги хизмати мутахассиси Санжарбек Нематуллаев ҳам иштирок этиб, ғолиблар қаторидан жой олди.
Мусобақа яна бир банк ходимининг яширин истеъдодини намоён этди. Истеъдод қуёшга ўхшайди. Унга эга инсоннинг ҳаётини нур каби порлатиб юборади.
Санжарбекнинг мусиқа мактабида таҳсил олганидан кўпчилик хабардор бўлмаса керак. У ўқувчилик давридан рубоб чалишни ўрганиб, шу орқали ўз қобилиятини шакллантириб борган. Банк қошида ташкил этилган мусиқа тўгараклари қаҳрамонимиз учун айни муддао бўлди. Ахир қанчадан-қанча иқтидорлар бор бу тизимда.
— 2025 йилдан машғулотларда иштирок эта бошладим. 6 декабрь куни саралашда қатнашиб, якуний босқич йўлланмасини қўлга киритдим. Болалигимдан рубоб чалганим қўл келди. Қолаверса, тўгаракдаги устозим Холмурод Хоринов мени анча руҳлантирди, — дейди Санжарбек.
Суҳбатдошимизнинг фикрича, рубоб мураккаблиги бўйича чолғу асбоблари орасида ўртача ўринда туради. Бу асбобни бошланғич босқичда ўрганиш осон бўлиши мумкин, лекин профессионал даражага чиқиш учун мунтазам машқ ва мусиқий ҳис талаб этилади. Санжарбек мактабдаги машғулотлардан сўнг орадан 23 йил ўтиб яна қўлига рубоб олди. Ҳозирда у чолғу орқали “Дилхирож” ва “Дурдона” куйларини бемалол чалади. Ўз қўллари билан оҳанг таратганида чарчоқлари бир зумга унутилгандек бўлади. Руҳи таскин топиб, мусиқадан завқ туяди.
Айнан якуний босқичдаги ғолибликда ҳам, аввало, устози Холмурод аканинг саъй-ҳаракатлари, узлуксиз машқлар, қолаверса, алоҳида эътибор қаратилган ижро техникаси, саҳна маданияти, эмоциялар муҳим роль ўйнади. Бундан ташқари, натижаларда Банк Бирлашган касаба уюшмалари қўмитасининг ҳам ҳиссаси катта бўлди.
Мана шу танловдаги иштирок ва биринчи ўрин Санжарбекка кўтаринкилик бағишлади, иш самарадорлигига бевосита таъсир кўрсатди. Бу каби эътибор, иқтидорларни юзага чиқарувчи воситалар ва ўзини намоён этиш учун яратилган имкониятлар ходимларнинг банкка бўлган садоқатини янада оширади.
Н. ТЎХТАМАТОВА

