ШОГИРДЛАР КАМОЛИДАН ХУРСАНДМАН

Қўқон УБХО таркибидаги кичик муассасамиз кўрсаткичлари юқори бўлган БХОлардан саналади. 2009 йилда мини банк бошлиғи ҳамда кассир вазифаларида бўлган атиги 2 нафар ходим билан ўз фаолиятини бошлаган. Йиллар давомида мижозлар сони кўпайиб, банк хизматларига талаб ортиб борди. Дархон Назиров, Аброржон Раҳимов, Равшанжон Маҳкамов, Ваҳобжон Раҳимов, Ҳамдамжон Алимов ҳамда Тоҳиржон Мамаюсупов каби салоҳиятли ходимлар унинг ривожланиши, аҳоли ўртасида банк хизматларининг кенг тарқалишига ҳисса қўшдилар.

2021 йилнинг илк ойидан БХО бошлиғи лавозимида ишлаб келяпман. Жамоамиз кенгайди, хизматлар, кўрсаткич­лар ҳам шунга қараб ўсди. Йилдан-йилга юқори муваффақиятларга эришаётганимиз замирида жамоанинг якдиллик билан фаолият олиб бораётгани ётибди. Ҳар бир ҳамкасбим изланяпти, ҳаракат қиляпти. Билимга чанқоқ, изланувчан ва зукко ёшларни хизмат кўрсатиш вақтида ҳар бирини кузатаман, мижозларга муносабатлари, уларни тинглаб хизмат кўрсатиш сифатини таҳлил қиламан.  Вазифаларига сидқидилдан киришгани қувонтиради. Биз ана шундай масъулият ва тартиб билан янги мижозлар келишига эришяпмиз, юқори даромад манбаини ярата оляпмиз.

Ютуқнинг кўриниши оддий, аммо унинг замирида жамоавий меҳнат, масъулият, касбга бўлган меҳр ва садоқат, иқтисодий билимлар ҳамда ҳамжиҳатлик ётади. Шу ўринда банкда иш бошлаган илк даврларимни эслайман. Бинолар қишда совуқ, ёзда жуда иссиқ. Икки-учтагина амалиёт кўрсата олардик. Айни пайтда “Hamkorbank”да жорий қилинган барча банк операцияларини бажариш имконимиз бор. Ходимлар ва мижозларга қулай шароитлар яратилгани самадорликнинг ортишига замин яратмоқда.

Одатда йил якунланаётганда ҳар бир инсон ортига бир назар ташлайди. Олиб борган ишларимнинг энг улуғи, албатта, шогирдларимнинг камоли бўлди. Иш ўз йўлига, бироқ шогирд чиқариш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди, бу тан олиш мумкин бўлган ҳақиқат. Сарҳисобимда шу кунга қадар 12 нафар шогирд тайёрлаб, ўз ўрнини топишига ҳиссамни қўшганим, 2024-2025 йиллар давомида БХОларга берилган режа-топшириқларни бажариб, номинация ғолиблигига эришганимиз фахр. Якунланаётган йилнинг яна бир эсда қоладигани — икки нафар ҳамкасбимиз — Жанобиддин ва Эъзозхонлар банкнинг 34 йиллиги муносабати билан иқтисодий ва ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун тақдирлангани бўлди.

Янги йил кириб келиши арафасида кайфиятимиз аъло. Боиси, жамоа билан белгиланган режаларни бажаришга етарлича мижозларимиз, тажриба ва  салоҳиятимиз бор. Янги йил байрами мўъжизаларга лиммо-лим, янги орзу-умидлар олиб келувчи байрам сифатида хотирамизда қолсин. 2026 йил жадал тараққий этиб бораётган жонажон юртимиз, банкимиз учун чин маънода улкан юксалишлар, муваффақиятлар ва омадлар йили бўлсин!

Равшанбек АЛИНАЗАРОВ,

“Химик” БХО бошлиғи