ҚИРИЛИБ КЕТАЁТГАН ЖОНИВОРЛАР ҲИМОЯ ҚИЛИНМОҚДАМИ?

Сўнгги йилларда маҳаллий аҳоли томонидан мамлакатимизда Қизил китобга киритилган ҳайвонлар ва қушларни, хусусан, Қашқадарё ва Наманган вилоятида қўнғир айиқлар, Андижон вилоятида оқ турна, Бухоро ва Қорақалпоғистонда жайронлар, Тошкентда оққушлар, эчкиэмар ва мамлакатнинг бошқа минтақаларида учровчи судралиб юрувчиларни ўлдириш ҳолатлари ортиб бормоқда. Агар биз умумий зарарни ҳисоблаб чиқмоқчи бўлсак, фақатгина жайронларнинг ўлдирилиши ортидан келган зарар 68 907 000 сўмга (тахминан 6 761 доллар) баҳоланмоқда. Аҳоли вакиллари овчи-браконьерларни ва улар томонидан ўлдирилган ҳайвонларни суратга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштиришмоқда.

Янги Қизил китоб
2019 йил декабрь ойида Ўзбекистонда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳайвонлар, қушлар ва ўсимлик­ларни ўз ичига олган “Ўзбекистон Қизил китоби”нинг янгиланган нашрини тақдим этди. 10 йил олдин бутун Ўзбекистон ҳудудида учрайдиган дашт тошбақаси йўқ бўлиб кетиш арафасида тургани ачинарли. “Қизил китоб”нинг янги нашри 2-жилдига сут эми­зувчи ҳайвонларнинг 30 тури, қушларнинг 52 хили, судралиб юрувчиларнинг 21 тури, балиқларнинг 17 тури, 3 хил чувалчанг, 14 хил моллюс­ка, бўғимоёқлиларнинг 66 тури киритилган. Ўзбекистон Қизил китобининг биринчи нашри 1984 йилда чоп этилган.
Кейинги нашрлари 1998, 2006 ва 2009-йилларда чиқди. Янги нашр ҳисоб бўйича бешинчиси бўлди. Статистик маълумотлардан кўриниб турибдики, бир пайт­лар Ўзбекистон флора ва ҳайвонот дунёсига жуда бой бўлган, лекин улар аста-секин йўқолиб бормоқда.
Ҳаёти хавф остида бўлган ва йўқолиш арафасида турган турларнинг кўпайишининг асосий сабаби — браконьерликнинг кўпайиши, муҳофаза қилинадиган турлар тўғрисида аҳолининг кам хабардорлиги, шунингдек, атроф-муҳитнинг антропоген ўзгариши, яъни аҳоли пункт­ларини интенсив равишда қуриш, автомобиль ва темир йўл транспорти, чорвачиликни ривожлантириш, яйловларни эътиборсиз қолдириш ва ерларнинг деградациясидир.
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги Атроф-муҳитни ва табиатни муҳофаза қилиш илмий-техникавий технология институтининг биохилма-хилликни муҳофаза қилиш бўйича мутахассиси Фазлулло Аъзамовнинг фикрига кўра, Ўзбекистонда Қизил китобга киритилган ҳайвонлар яхши ҳимояланмаган:
— Ҳозиргача бозорлардан ота-оналар ўз фарзандлари учун ўйинчоқ сифатида дашт тошбақаларининг болаларини сотиб олишмоқда. Кейин улар ўлмаса, шунчаки кўчага ташлаб юборилади. Қизил Китобга киритил­ган судралувчилардан гюрза, кўлвор ва бошқа илон сотувчиларини ҳам тез-тез учратиш мумкин. Халқ табобатига кўра, ушбу илондан тайёрланган шўрва барча касаллик­ларга даво экан. Интернетда қушлар ва ҳайвонларни сотиш ривожланмоқда, — дейди мутахассис.
Ёрдамга муҳтожлар муҳофазасини кимларга ишоняпмиз?
Ҳайвонлар фақат ҳимоя­ланган ҳудудларда ўзларини нисбатан хавфсиз ҳис қилишади. Аммо, афсус­ки, уларнинг сони жуда оз. Бу атиги бутун Ўзбекистон ҳудудининг 8 фоиз қисми (448,900 км²)га тўғри келади. Бугунги кунда Ўзбекистонда 7 та қўриқхона, 1 та буюртма қилинган ландшафт қўриқхонаси, 4 та табиий боғ, 1 та миллий боғ, 11 та табиий ёдгорликлар, 2 та биосфера қўриқхонаси, 12 та буюртма бўйича қўриқхона, 1 та “Жайрон” питомниги мавжуд. Уларнинг умумий майдони 2,07 миллион гектарни ташкил этади. Бундан ташқари, мамлакатда умумий майдони 11,5 миллион гектар бўлган 86 та ўрмон хўжалиги мавжуд. Демак, Ўзбекистонда биохилма-хилликни сақлаш учун атиги 13,5 миллион гектар майдон ажратилган. Яна бир муаммо шундаки, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар турли идораларнинг ваколатига киради. Шундай қилиб, Угам-Чотқол биосфера резервати “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига тегишли. Китоб давлат қўриқхонаси Давлат геология қўмитаси томонидан, Зомин, Зарафшон, Угам-Чотқол миллий боғлари эса Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан назорат қилинади. Савол туғилади. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ёки Давлат геология қўмитаси қандай қилиб ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини ҳимоя қилиши мумкин?


— Ҳар бир қўриқлана­диган ҳудуднинг ўз бошқарув органи, ҳудудни муҳофаза қилиш бўйича ходимлари бор, — дейди Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг қўриқланадиган ҳудудлар бўйича бўлим бошлиғи Ҳалиллулло Шерматов. — Шунингдек, уларнинг фаолияти Давлат экология қўмитаси томонидан назорат қилинади. Уларга ўз фаолиятини амалга ошириш учун услубий қўлланмалар берилди.
Ўзбекистон Президентининг “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан Чотқол биосфера, Зомин, Сурхон, Нурота ва Қизилқум давлат қўриқхоналари, шунингдек, Қуйи Амударё давлат биосфера резервати Давлат экология қўмитаси тасарруфига ўтказилди. Айни пайтда уларнинг моддий-техник базасини яхшилаш бўйича катта ишлар олиб борилмоқда.
Ов ҳам керак, аммо назорат остида
2020 йил июнь ойида “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Унда мамлакатдаги овчилик туризмининг имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш, хусусан, чет эллик сайёҳларни овга жалб қилиш орқали давлат бюджетига валюта тушумини ҳамда ов ҳайвонлари сонини кўпайтириш, уларни боқиш ва парваришлаш харажатларини молиялаштириш масалалари ўз аксини топган.
Ўзбекистон ҳудудида ов мавсуми 1 сентябрдан бошланади ва 31 январгача давом этади. Бугунги кунда респуб­ликада 35 дан ортиқ овланадиган жойлар мавжуд бўлиб, уларда ҳайвонларни отиш ва ушлашга рухсат берилади. Угам-Чотқол миллий боғи энг машҳурларидан биридир.
Оммавий ахборот воситаларида араб шайхларининг Ўзбекистон Қизил китобига киритилган йўрға тувалоқларни ов қилишлари тез-тез муҳокама қилинади. Навоий шаҳридан 50 км. узоқликда, 300 гектар ер майдонида, йўрға тувалоқларни кўпайтириш учун махсус марказ мавжуд. Марказ Дубай амири Муҳаммад ибн Рашид ал-Мактумнинг ташаббуси билан 2008 йилда ташкил этил­ган.
Марказнинг асосий вазифаси — Осиёнинг йўрға тувалоқларини Ўзбекистонда кўпайтириш ва табиат­га қўйиб юборишдан иборат. Қушларни овлаш мавсуми, одатда, сентябрь-октябрь ойларига тўғри келади. 2012 йилдан буён Марказ 10 мингга яқин йўрға тувалоқларни ёввойи табиатга қўйиб юборди. 2019 йил октябрь ойида Дубай шаҳзодаси шайх Ҳамдан ибн Муҳаммад ал-Мактум Қизил китобга киритилган йўрға тувалоқларни овлаш учун Ўзбекистонга келди. Ўзбекис­тонда йўрға тувалоқларни отишга фақатгина Вазирлар Маҳкамаси махсус рухсатномаси орқалигина ижозат берилади. Халқаро Табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг маълумотига кўра, Қизил китобга киритил­ган ҳар бир отилган йўрға тувалоқнинг нархи 6 минг АҚШ доллари туради.
Бугунги кунда чет эл овчиларига лицензия бериш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг “Биологик ресурслардан фойдаланишни тартибга солиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида”ги қарори билан тартибга солинади.
Унга кўра, овчи қизил китобга киритилган бирон ҳайвонни овлаш учун рухсатномани Ўзбекистон Респуб­ликаси Вазирлар Маҳкама­сининг розилигига биноан Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан олади. Ов учун тўланадиган ҳақ Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳисоб рақамига ўтказилади.
Ўз навбатида, Ўзбекистон овчилари жамиятининг аъзоси Баҳром Сувонқулов шайх­ларнинг Қизил китобдаги қушлар овини маъқуллади. Унинг фикрига кўра, 1000 та йўрға тувалоқларни улар 10 та қушни овлаш учун тўлаган ҳақи орқали сақлаш мумкин.
Умуман олганда, Ўзбекис­тонда лицензияли овчилар томонидан ҳайвонларни отиш билан боғлиқ катта муаммолар мавжуд эмас. Асосий хавф — ҳайвон ва қушларни овлайдиган браконьерлардир.
Шундай экан, бугунги куннинг энг долзарб масаласи браконьерларга қарши курашиш чора-тадбирларини кучайтиришдир. Ана шунда она табиат ва унинг бағридаги айрим ноёб турларни сақлаб қолган бўламиз.
Наргис ҚОСИМОВА, журналист.