ШОИРИНИ БОШИДА ТУТГАН ЮРТ
Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг рафиқаси, таниқли шоира Назира ас-Салом билан суҳбат.
— Йиллар ўтмоқда, хотиралар хиралашмоқда. Бироқ Муҳаммад Юсуф ўз шеърларида яшаяпти. Бу СИЗ учун қанчалик яхши ёки оғриқли?
— Аввало чорак асрдан бери Муҳаммад Юсуфини бошидан туширмай келаётган юртдошларимизга таъзимларим. Муҳаммад ака бу дунёни тарк этганига ҳам 25 йил бўлибди. Жуда кўп жигарларимни йўқотган бўлсам-да у кишини йўқотмагунимча бу қадар букилмагандим. Чунки энг оғир кунларимда ёнимда суянчиғим борлигини ҳис қилиб яшаганман. Акамдан, отамдан айрилганимда ўз ёғимга қовурилдим. Мени эъзозлайдиган, оилам, болаларим ҳақида қайғурадиган инсоним борлигини ўйлаб кўрмаган эканман. Ўшанда мендан бахтсиз одам йўқ эди, гўё. Ажал ҳеч кимдан сўраб келмас экан.
Назаримда, катта денгизнинг ўртасида қолган, сузишни билмайдиган инсон ҳолатига тушиб қолгандим. Батамом ўзимни йўқотгандим. Болаларимга суянч, юпанч бўлишим, кўз ёшларимни кўрсатмасликка маҳкум эдим. Уларни оёққа турғизишим, ўқитишим, қўйингки, ҳам ота, ҳам она масъулияти… Оғир, жуда оғир. Мен иродали эмасдим. Яқинларим, айниқса, умр йўлдошининг даврида эркаланиб яшаётган аёл эдим. Ғам нима, ташвиш нима билмасдим.
Биласизми, мени ҳаётга қайтарган (маълум маънода) нарса нима? Муҳаммад аканинг деярли ҳар куни тушларимга кириб, таскин бериши. У кишининг шеърларидан куч ола бошладим. Қайта-қайта мутолаа қилдим, ўзимга нисбатан муҳаббатини қидирдим… Бир куни Анвар Санаев “Жуфти ҳалолим” деган қўшиқ айтиб қолди. Муҳаммад аканинг шеъри эди. Мен шу қўшиқнинг ичига сингиб кетдим. Ишонсангиз, кўз ёшларимни тиёлмадим. Қайта-қайта тингладим. Ҳамон эшитсам, йиғлайман, тўлғонаман. Бу мен учун изҳор, гўё. Бахтли она, тўкис аёл бўлган дамларимни ёдимга солади — Муҳаммад ака қайтиб келгандай бўлади.
— Биринчи учрашув, биринчи севги, Сизга аталган биринчи шеър…
— Уларнинг барчаси ўзгача, унутилмас. Илк учрашув Тошкентда мен ишлайдиган Навоий кўчаси 30-уйнинг 1-қаватидаги ошхонанинг кираверишида бўлган. Муҳаммад ака дўстлари билан суҳбатлашиб турар, мен икки дугонам билан ошхонага тушганмиз (“Ўқитувчи” нашриётида иш бошлагандим). Ёнларидан ўтиб кетаётсак, улардан бири мендан “соат неччи бўлди” дея сўради. Жавоб бердим-у ошхонага кириб кетдим. Чамаси ярим соатларда чиқсак, йигитлар ҳамон ўша ерда туришган экан. Кейинчалик билсам, у дўстларига: шу қиз менга ёқди, кўрасизлар, унга албатта, уйланаман, деган экан.
Кейин у бизнинг қаватимиздаги катта адиб Назир Сафаров раҳбарлигидаги “Китобсеварлар жамияти»га ишга кирган. Зимдан кузатиб юрганини сезардиму, бироқ ёнимга келиб гап отган эмас. Жудаям тортинчоқ, ювош кўринарди ташқаридан.
Кейинчалик биз билан бир хонада ўтирадиган ҳамюртим (Самарқанднинг Хатирчисидан эди) Бахтиёр акадан мен билан яқиндан таништиришини илтимос қилган экан. Бахтиёр ака таништираётиб, қайсар йигит, деб ҳазиллашди.
Кунларнинг бирида у киши хонамга кириб келди-да, уч ойда бир нашр этиладиган “Алманах” журналини қўлимга берди: “Шеърларингиз чиқибди, олиб келдим” деди. Раҳмат, дея журнални варақладим. Журнал саҳифасида “Муҳаммад Юсупов” деган йигитнинг ҳам шеърлари бор экан. Сурати унга ўхшаб турибди.
— Бу сизми? сўрадим ҳайрон бўлиб.
У елкасини қисиб, кулиб қўйди.
— Шеър ёзасизми?
Ана шу сўзларимни кейинчалик кўп эслаб юрдилар.
Бир куни Бахтиёр ака қўлимга конверт тутқазиб:
— Муҳаммад бериб юборди. Фақат, илтимос, охиригача ўқинг, — деб қолди. Хатни хонамга олиб кириб, секин очдим. Охиригача ўқилиши айтилган хатда учта жумла ёзилган экан:
“Назира! Менга турмушга чиқсангиз! Муҳаммад”. Кейин билсам, Муҳаммад ака севги изҳорини Бахтиёр ака орқали айтмоқчи бўлган, у киши хат ёзишни таклиф қилган. “Хат ёзишни эплолмайман”, десалар ярим соатлар чамаси айтиб турган. У эса ёзаётгандек бўлиб, шу жумлаларни қоғозга туширган экан. Менга аталган шеърнинг биринчиси, “Сени ҳеч ким севолмайди менингдек” бўлган.
— Шоирнинг рафиқаси эмас, мухлиси сифатида қайси шеърини ёқтирасиз ва нима учун?
— Барча шеърлари мен учун қадрли. Аммо бош мавзу, назаримда Ватан мавзуси! Халқни бирлашишга чорлайдиган, Ватан меҳрини ўзгача тараннум этадиган шеърлари хазина. “Унутманг, бу кўҳна чархи фалакда, Ватандан бошқаси ҳаммаси майда” ёки “Лочин нетар кўкда кўзи ўтмаса, Синдир қаламингни, сўзи ўтмаса”.
“Ватаним” шеъри халқимизнинг мадҳиясига айланди. Турли тилларда куйланиб, Ватан мавзусининг нақадар буюк эканлигини кўрсатди-ку. Ана шундан руҳланаман, яшашга куч топаман!
— Яқинлар билан йиғилганда Муҳаммад аканинг қайси фазилатини кўпроқ эслайсизлар?
— Хотираларимнинг охири йўқ. Менимча, қизлар мавзусида шоирлардан биринчи бўлиб Муҳаммад Юсуф шеърлар ёзган. Жумладан, ўз қизларига ҳам. Бу мавзуда болаларим отасидан қанчалар фахрланишини билсангиз эди…
Муҳаммад ака мард, камтар, бағри кенг инсон, меҳрибон падар эди. Нафақат шеърлари, хислатларини ҳам фахрланиб эслашади. Маҳаллада бирор йиғин бўлса, борини олиб чиқишини дейсизми, биров ёрдам сўраб келса, уйдаги буюмларни бериб юборишими… Болаларини доим ёнида олиб юришни ёқтирарди. Ҳазилкаш инсон эди.
Бир куни дала ҳовлимиз (Дўрмон)да биздан нарироқда яшайдиган шоир Шавкат Раҳмоннинг ўғли Шоҳрух келиб қолди. Муҳаммад акадан ўйнаб юрган Мадинанинг отини сўради. Мен ҳар йили қизларнинг сочини қиртишлаб олиб ташлардим (ёзда иссиқ деб). Муҳаммад ака “оти Машраб” дедилар. Шоҳрух уни анчагача Машраб деб, футбол ўйнаб юрди. Кейинроқ уни кўйлакда кўриб, анграйиб қолади. Бундай ҳазиллари кўп эди Муҳаммад аканинг.
— Яқин вақт ичида мухлисларига Муҳаммад Юсуф ижодидан янги бир туҳфа бўлиши мумкинми?
— Муҳаммад Юсуф мухлислари учун доим изланишдаман. Китобларга кирмай қолган қайсидир шеър, мақола ёки бирор қайди бўлсин, тўплаб боряпман. Сўнгги пайтда шоир таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан “Танланган асарлар”, “Муҳаммад Юсуф замондошлари хотирасида” ва ҳеч қаерда чоп этилмаган шеърлари киритилган «Муҳаммадга мактуб» китобининг лотин ва кирилл имлосидаги тўпламини нашр эттирдик.
Имкониятдан фойдаланиб, айтилмаган дил изҳорларимни қуйидаги шеъримда баён этмоқчиман:
АНДИЖОН
Номин унутмайди, ўзи ўлса ҳам,
Тарихга бир қиё боқсанг кифоя.
Қанча шоирини тортиб олса ҳам,
Янги авлодларга бўлган у доя.
Чўлпону Бобурин қўмсаб ўтган юрт,
Муҳаммад Юсуфин бошда тутган юрт .
Не юртки, пояндоз солиб яшайди,
Мухлису меҳмонин қадамларига.
Чорак асрдирки, гуллар тўшайди,
Муҳаммадин суйган одамларига.
Бобуру Чўлпонин қўмсаб ўтган юрт,
Муҳаммад Юсуфин бошда тутган юрт.
Қуллуғим бор сендай жаннатмаконга,
Шоиримни менга қилгансан тортиқ.
Шоирингдан қолган болангман мен ҳам,
Оҳанрабо мисол турасан тортиб.
Йўлларимга қараб, мени кутган юрт,
Муҳаммад Юсуфин бошда тутган юрт!
— Самимий суҳбатингиз учун ташаккур.
Суҳбатни журналист Матлуба ЮСУПОВА
ёзиб олди

