ҚИЗ ВА ЮРАК

Айни баҳор чоғи эди. Бекатда ўтирган анави йигит бирам ёқимтой экан, деган ўй хаёлидан ўтиши билан, ўша йигит рўпарасида пайдо бўлди. Қиз хаёлимда эмас, ўнгимда айтиб юбордимми, дея уялганидан қизариб кетди… Кўзлар тўқнашди, гўёки севги аланга олди.
Юрак. Оҳ, қандай маз-за! Вужудда севги пайдо бўлса, мен янгиланаман. Чунки юрак учун бу биринчи севги эди. Кунлар шу қадар маъноли ўтарди. Вужуд уни кўриши билан юракка тезда қон қуйилиб, янада тезроқ урарди.
Қиз телбаларча севиб қолди. Шу қадар севдики, у учун бу дунё афсонавий, гўзал, инсонлар жудаям меҳрибон эди. Кунлар шу қадар тез ўтарди. Тунлар эса, аксинча, жуда секин, чунки севгилиси ёнида эмас. Қиз учун бу биринчи муҳаббат эди.
Юрак. Авваллари вужуддаги қўшниларга ҳаваси келар эди. Чунки бошқалар дам олганида ҳам у тинимсиз урарди. Шу сабаб қўшниларига қараганда икки ҳисса кўпроқ меҳнат қилаётганидан ичидан эзиларди. Энди эса аксинча, қўшнилари юракка ҳавас билан боқади. Чунки севги унга ўзгача куч, ўзгача ғайрат бермоқда.
Онаси қизидаги ўзгаришни кўриб, севиб қолганини тушунди. Гап орасида йигит тўғрисида билиб олмоқчи бўлди. Лекин қиз сир бой бермади. Она қизига қараб, “ишқилиб, ҳаммаси яхши бўлсин”, дея дуо қилди. Қиз хурсанд, қиз бахтли. Ахир ҳаётида биринчи марта севиб қолганди. Ду­гоналари ҳам ундаги ўзгаришни сезган: кимдир ҳасад, яна кимдир ҳавас билан қарарди.
Юрак: Нега доим ишлайман деб нолиган эканман. Шунчалар ёқимли бўларкан севиб ишлаш. Эҳ, қанчалар маза….
Танишганига бир ойдан ўтди чамаси. Йигит доим кутиб оладиган жойга келмади. Қиз хавотирланди. Касал бўлиб қолмадимикан?! Тезгина телефонини олиб, унинг рақамини терди. Телефондан “хизмат доирасидан ташқарида”, деган овоз келди. Қиз баттар хавотирга тушди. Ўйлаб қараса, йигитнинг исмидан бошқа, на фами­лия­сини, на яшаш жойини сўрамаган экан.
Юрак: Негадир бугун бошқача уряпман. Гўёки сал оғриқ бордек. Ўтиб кетади.
У бугун ҳам келмади, қўнғироқ ҳам қилмади. Қиз кўчаларни кезишни бошлади. Кўзлари севгилисини қидирарди. Лекин барчаси бекор. Худди у ҳечам бўлмагандек. Наҳотки барчаси туш бўлса?! Йўқ, бўлиши мумкин эмас. У бор, у бўлган, биз севганмиз бир-биримизни.
Афсуски, йигит учун бу навбатдаги ўйин эди, холос.
Юрак: Оҳ, бу қандай оғриқ бўлди, жудаям кучли. Кечалари билан дам олмасдан ишлаганимда ҳам бу даражада оғриқ сезмаган эдим. Ишлай олмайман. Тўхтатинглар, бу азобни, илтимос…
Қизнинг қалби бўм-бўш. Берил­ган ваъдалар, барча орзулар йўқ энди. Дунё бамисоли қора зулматга чулғанган, атрофдагилар бемеҳр инсонларга айланган… Ҳаёт мазмунини йўқотгандек…
Юрак: Ёрдам беринглар, ишлашга қийналяпман. Илтимос, вужуд, мен уришим учун ёрдам бер. Майли, тинимсиз ишлайман. Лекин бу дардга чидай олмайман. Менга раҳминг келмайдими, вужуд…??
Она қизига ачинади, жудаям ачинади. Лекин ёрдам бера олмайди. Қизи маъносиз кўзлари билан шифтга соатлаб тикилиб ётади. Ўқишга ҳам бормайди. Кунлар, ҳафталар, ойлар ўтди. Қиз мажбуран туриб, дарсига борди. У учун маъносини йўқотган ҳаётга қайтгандек бўлди…
Юрак: Оғриқ кетгандек. Лекин уриш қийин, худди мажбуран ургандек. Ундан кўра тўхтаб қолгани яхши. Нимага мени хўрладинг, вужуд? Менга раҳматинг шуми?!
Яна баҳор келди. Янгиланиш, атроф жудаям гўзал. Гулларга бурканган. Бекат. Неча ойлардан бери атрофга назар солмаётган қиз худди ўша бекатда, шу ўриндиқда хушбичим йигитга кўзи тушди. Юраги алланечук бошқача урди. Йигит қизнинг олдига келди. Ундан нимадир сўради. Қиз унга қараб, жавоб бермоқчи бўлди. Аммо шу пайт биринчи севгиси ёдига тушди. Бошидан ўтказган кунларни эслади. Нигоҳларида совуқлик уйғонди, йигитга жавоб бермасдан автобус томон юрди.
Юрак: Яна уришим яхшилангандек бўлдими? Вужуднинг менга раҳми келдимикан? Билмадим, ўзимни яхши ҳис қилгандекман. Эҳ, балки, энди ҳар баҳорда шундай бўлармикан?..

Барно Қосимова,
Тошкент