КРЕДИТДАН ҚАРЗИ БОР ФУҚАРО ХОРИЖГА ЧИҚИШИ МУМКИНМИ?
Сизнинг ҳуқуқингиз
Савол:
Мен банкдан кредит олганман. Шартномада белгиланган тартибда тўлаб боряпман. Кредит шартномаси тўла ёпилмаганлиги хорижга чиқишимга тўсиқ бўлмайдими?
И.Отамуродов,
Пахтаобод тумани
- Ҳақиқатдан ҳам банкдан кредит олганларга четга чиқишга тақиқ қўйиладими? Бу жуда ўринли ва долзарб савол.
Кредит бўйича банк ва фуқаро ўртасидаги муносабатлар шартнома билан тартибга солинади. Банк билан фуқаро ўртасидаги кредит шартномада кредит олувчи жисмоний шахсни чет элга чиқишига чеклов ўрнатадиган қоидалар йўқ, агарда бўлганда ҳам асоссиз ҳисобланади.
Амалдаги қонунчиликка кўра, суд ҳужжати асосида берилган ижро ҳужжати ёки ижро ҳужжати бўлган суд ҳужжатидаги талаблар белгиланган муддатда қарздор шахс томонидан узрсиз сабабга кўра ижро этилмаганда, давлат ижрочиси ундирувчининг аризасига кўра ёки ўз ташаббуси билан қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистондан чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисида қарор чиқариши белгиланган.
Демак, қачонки қарзларини вақтида тўламаган ва иши МИБга чиққан тақдирда қарздорнинг чет элга чиқиши чекланиши мумкин.
Саволга ҳуқуқшунос Жасурбек Иброҳимов жавоб берди.

