“САҒБОН” РИВОЖЛАНИШ ЙЎЛИДА
“Сағбон” банк хизматлари офиси дастлаб фаолиятини Яккасарой УБХО негизида бошлаган. 2022 йилда эса Шайхонтоҳур УБХО тасарруфига ўтказилган. Илк бошқарувчи Дилмурод Маҳмудов асосий кучни мижоз тўплашга қаратади. Банк хизматлари кўрсатишда сифатни биринчи ўринга қўяди. Кейин Обидбек Ҳайдаров бошқарувида ҳам тарғибот кучайтирилади. Айни пайтда ёш, изланувчан, ташаббускор Фарҳод Ҳақназаров жамоага етакчилик қилмоқда.
— 2022 йилда БХОга мижоз жалб қилиш осон бўлмаган. Ҳатто 2024 йилда ҳам Тошкент шаҳридаги БХОлар орасида энг охирги ўринда турар эдик. Ҳозир кўрсаткичларимизни анча кўтариб олдик. Илғорлар сафига қўшилиш ҳаракатидамиз, — дейди БХО раҳбари.
Жаҳон амалиётида энг йирик компанияларнинг афзаллик жиҳатлари хизмат кўрсатишдаги тезкорликдир. Бу борада “Hamkorbank” устунликка эга. Замонавий, тезкор ва самарадор банк хизматлари офисларининг ташкил этилгани юқори самара бермоқда. Аҳоли зич жойлашган ҳудудларда бундай офисларнинг фаолият юритиши тадбиркорлар учун ҳам, фуқаролар учун ҳам айни муддао. Бу борада офиснинг Чорсу бозори ҳамда “Lagman House” ресторани яқинида жойлашуви бир марталик хизмат турларидан фойдаланиш мақсадидаги мижозлар сонига катта таъсир кўрсатмоқда. Банк томонидан таклиф этилаётган барча хизматлардан фойдаланиш — ҳисобварақ очиш, пластик картада ва пул ўтказмаларидаги маблағларни нақдлаштиришдан тортиб кредит расмийлаштиришгача бўлган амалиётларни бажариш имконини беряпти.

Ютуқ ва натижа кадрларга боғлиқ. Жамоанинг 4 нафар ходими юқори салоҳиятга эга, ҳар бири соҳасининг етук мутахассислари. Фарҳод Ҳақназаров 2019 йилда “Hamkorbank”да “стажёрлик”дан бошлаб касса амалиётларини бажариш, универсал ҳамда истеъмол кредит менежери, юридик шахсларга кредит ажратувчи менежерликкача жараёнда “суяги қотган”. Раҳбарнинг бир ўзи ютуққа эришолмайди. Уни қўллаб турадиган жамоа бўлсагина кўрсаткичлар ўсади. Универсал менежер Аҳрор Сангилов ва касса ходими Аслон Амриллоев иқтисодий салоҳиятга эга ходимлар. Алоҳида жиҳати инглиз тилини мукаммал билишлари. Аҳрор 7,5 даражали (IELTS) кўрсаткичга эга. Банкдаги яратилган шароитлар ва имкониятлар, рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш у каби иқтидорли ёшлар мисолида исботини топмоқда.
— Чорсу бозори пойтахтнинг энг йирик савдо нуқтаси ҳисобланади, – дейди Аҳроржон. — Туристлар кўп ташриф буюришади. Улар, албатта, пул айирбошлаш, пластик карталардаги маблағларини нақдлаштиришда эҳтиёж сезади.
Бу икки йигитнинг инглиз тилининг билиши чет эллик меҳмонлар билан мулоқотда асқатмоқда. Хуллас, сайёҳлар келса, мулоқотда муаммо йўқ.
“Сағбон”нинг ходимлари йил охирига қадар БХОлар ичида энг илғорлар қаторига қўшилишга ҳаракат қилишаётганликларини билдиришди. Кўрсаткичлари ҳақида эса 2024 йилда актив юридик шахслари атиги 11 та бўлгани, бугунги кунда 100 дан ортиқ актив мижозларга хизмат кўрсатишаётганини таъкидлашди.
— Кредитлаш ва валюта айирбошлаш тизимида даромадларимизни кескин оширганмиз, — деди фахрланиб Фарҳод Ҳақназаров.
“Сағбон” 4 ёшда. Эндигина катта йўлга чиққан карвонга ўхшайди. Унинг ривожланиш йўли эса аниқ мақсадлар, собитқадамлик ва мижозлар ишончини қозонишга қаратилган эзгу интилишлар билан чамбарчас боғлиқ. Замонавий молиявий ечимларни аҳоли ва тадбиркорларга янада яқинлаштириш, тезкор ҳамда сифатли хизмат кўрсатиш тамойили асосида ўз фаолиятини йўлга қўйиб олди, десак муболаға бўлмайди. Олдинда ҳали забт этилиши керак бўлган марралар, амалга ошириладиган янги лойиҳалар ва мижозлар билан ўрнатиладиган узоқ муддатли ҳамкорлик ришталари турибди.
Нилуфар ИБРОҲИМОВА

