САМАРҚАНДЛИКЛАР ДОИМ ТАШАББУСКОР
“Hamkor press” иқтисодий ва ижтимоий мавзуларни ёритиш билан ўз ўқувчиларини топмоқда. Буни кейинги йилларда обуначилар сони кескин ошиб бораётгани, газетхонлардан келаётган хатлар ва таҳририятга бўлаётган қўнғироқлардан ҳам сезиш мумкин. Босма нашрларга эътибор бироз сусайган бир вақтда 2027 йил учун газетамизга обуна қизғин бораётгани қувонарли.
Бу борада ҳар йилдагидек яна самарқандликлар ташаббус кўрсатмоқда. Бугунга қадар жами 921 нафар самарқандлик обуна бўлишга улгурди. Банк ходимлари билан бир қаторда мижозлар ва турли соҳа вакиллари газетамиз билан ҳамнафас эканлигидан хурсандмиз.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, таҳририят ижодий ходимлари Самарқанд вилоятидаги “Hamkorbahk” муассасалари, қатор корхона ва ташкилотларда бўлиб, обуначилар билан учрашдилар. “Hamkor press” мухлисларини 2027 йилда қандай янгиликлар кутмоқда? Тадбирлар давомида шу савол қўйилди. Учрашувларда ана шу масала юзасидан фикр алмашилди.
Самарқанд минтақавий банк хизматлари офиси нафақат хизматлар кўлами ва режа кўрсаткичларини бажариш бўйича “Hamkorbank” тармоқлари орасида етакчи, балки илғор газетхон жамоа ҳамдир. 2027 йилга обуна мавсумида энг кўп кўрсаткичга эга бўлгани, шунингдек, биринчилардан бўлиб бу жараённи якунлаганини алоҳида таъкидлаш зарур. Таҳририят ижодкорларининг МБХОга ташрифи айнан нашрга бўлган эътибор учун ташаккур айтиш ва жамоани маънан рағбатлантиришга қаратилди.

Газета муҳаррири Акбаржон Назаров таҳририят ижодий ходимларининг ўз олдига қўйган мақсад ва режалари, янги лойиҳалар ҳақида ахборот берди. Ижтимоий тармоқлар ҳаётимизда кенг ўрин эгаллаган бир вақтда кундалик ҳаётимизда вақтли матбуотнинг ролига иштирокчилар эътиборини қаратди. Хусусан, газетанинг маънавиятимизни юксалтириш, билимларимизни ошириш ва инсон тарбиясида тутган ўрнини кўрсатиб ўтди.
— Вилоятимизда газеталарга эътибор кучли, — дейди Самарқанд МБХО раҳбари Умиджон Низомов. — Жумладан, “Hamkorbahk” кўзгуси ҳисобланган “Hamkor press”нинг ҳар бир сонини ўқиб борамиз. Газета орқали янгиликлардан ташқари, бошқа вилоятлардаги ҳамкасбларимиз фаолияти, эришган ютуқлари билан танишиб борамиз. Бу ўзига хос ибрат мактаби демакдир. Нашрдаги ўзига хослик, услубий ёндашув бугунги кун талаблари даражасида, дея айта оламан. Яна бир эътиборли жойи, газета ўз фикрларимизни айтиш учун имконият майдони ҳамдир. Обуна кимгадир ортиқча ишдек кўринар, бироқ биз бунга қўшилмаймиз. Ўқишдан тўхтаган инсон фикрлашдан ҳам тўхтайди.
Обуначилар орасида тадбиркорлар кўпчиликни ташкил этади. Шу сабаб навбатдаги учрашув Каттақўрғондаги “KOSMOS RESTORANI — 2022” оилавий корхонасида бўлиб ўтди. Ишдан бўш вақтларида мутолаага ўрганган ўқувчилар газетамиз юзасидан ўз фикрларини билдирди. Тадбиркорларнинг фаолияти кенг ёритиб борилаётганини эътироф этдилар.
Мазкур тумандаги «Metall solutton international: 7777» МЧЖда бўлиб ўтган учрашув инсон маънавияти ва ҳуқуқий мавзуга бағишланди. Газетада мунтазам йўлга қўйилган “Маънавият” ва “Сизнинг ҳуқуқингиз” лойиҳалари қўллаб-қувватланди.
“Боғишамол” УБХО бизни доим қўллаб-қувватловчи банк муассасаларидан бири. 2027 йил учун белгиланган обуна режасини бажаришда ҳам жамоа фаоллик кўрсатмоқда. Бу уларни маънавиятга бўлган эътиборининг ифодаси. Мазкур банк муассасаси ходимлари билан учрашув ОАВнинг жамиятдаги ўрнига бағишланди.
Тадбирлар доирасида бир гуруҳ фаол муштарийлар ва обуна ташкилотчиларига таҳририятнинг эсдалик совғалари топширилди.
А. Насирдинов,
Б. Муталлибов (сурат)
Андижон-Самарқанд-Андижон

