ҚАНДАЙ ДОРИ ВОСИТАЛАРИ БЕПУЛ БЕРИЛАДИ

Сурункали касалликлар бўйича реимбурсация тизими тажриба тариқасида жорий этилди. Реимбурсация “рем”- “қоплаб бераман” деган маънони билдириб, унинг мақсади беморларнинг молиявий юкини камайтириб, дори воситаларига бўлган эҳтиёжини қоплашдир. Ушбу дастур 2022 йилда бошланган бўлиб, ҳудудларда босқичма-босқич кенгайтирилмоқда.

Ушбу дастур ривожланган мамлакатлар тажрибасини ўрганиш асосида жорий этилиб, аввалига 5 турдаги касалликларга 11 хил дори воситалари бепул берилаётган эди. Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан касалликлар турлари кенгайтирилди ва 5 турдаги эмас, 12 турдаги касалликларга 28 хилдаги дориларнинг бепул берилиши йўлга қўйилди.

Бу қандай амалга оширилади? Беморлар оилавий шифокорига бориб, текширувдан ўтишади ва касалликлари аниқланган ҳолатда, уларга шифокор томонидан электрон рецепт расмийлаштирилиб берилади. Даволанувчи махсус СМС код орқали Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартномага эга бўлган дорихоналардан дори воситаларини бепул олади. Уларнинг харажатлари давлат тиббий суғуртаси томонидан кафолатланади.

Маълумот ўрнида: 2025 йил бу тизим асосида 1 миллион 300 нафардан ортиқ беморлар бепул дорилар билан таъминланган. Уларга 2500 миллиондан ортиқ электрон рецептлар расмийлаштирилиб, 90 млрд. сўмга яқин маблағлар тўланган. Дори воситалари рецепти бериладиган касалликлар қайсилар?

1. Артериал гипертония (қон босими)

2. Юрак ишемик касаллиги

3. Қандли диабет 2-тур

4. Бронхиал астма

5. Ўпканинг сурункали обструктив касаллиги (ХОБЛ)

6. Юрак етишмовчилиги сурункали шакли

7. Аритмиянинг айрим турлари

8. Гипотиреоз (қалқонсимон без фаолияти пасайиши)

9. Яра касаллиги (меъда ва 12 бармоқ ичак)

10. Ревматоид артрит ёки сурункали бўғим касалликлари

11. Депрессиянинг айрим турлари (узоқ даволаш талаб қиладиган)

12. Эпилепсия