ЙИГИТНИ АРМИЯ ЧАРХЛАЙДИ
Ҳарбий хизмат Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Конситуциявий ҳамда фуқаролик ҳуқуқ ва мажбуриятидир. Ҳар бир йигит аскарлик бурчини ўташ орқали мамлакатимизнинг ҳудудий яхлитлиги, мустақиллиги ва хавфсизлигини ҳимоя қилишга ўз ҳиссасини қўшади.
“Hamkorbank” AТБ муаммоли активлар ундируви ғарбий бўлим бошлиғи Ҳусниддин Пармонов ҳам армия сафида Ватанимиз сарҳадларини қўриқлаб, элимиз тинчлигини ҳимоя қилган. У билан суҳбатимиз ўша унутилмас онлар ҳақида кечди.
— Ҳарбий хизматга қачон боргансиз?
— Навоий давлат педагогика институтини тамомлаб, 2002 йил кузда бир йиллик ҳарбий хизматга йўл олганман. Мени Фарғона вилояти Қувасой шаҳридаги ҳарбий қисмга жўнатишган. Дастлаб икки ой ҳарбий тайёргарликни ўтаб, кейин чегарадош ҳудудлардаги назорат пунктларида хизмат вазифамни олиб бордим.
— Илк таассурот қандай бўлган?
— Ўшанда водийда биринчи бор бўлишим эди. Навоийнинг Қизилтепа туманиданман. Бизнинг иқлим билан Фарғонаники фарқ қилар экан. Айниқса, Қува туманидаги Қирғизистон билан чегарадош Толмазор қишлоғидаги 17-постда хизмат олиб борганимда у ердаги анор боғлари, ерёнғоқ экилган далалар, лимонзорларни кўриб, ўзгача завқ уйғонган. Шоҳимардонда бўлганимда, у ернинг табиати ҳам ёқиб қолган.
— Бир йиллик жараён сизни қай даражада чархлади?
— Ҳарбий хизмат инсонни қатъий тартиб-интизомга ўргатади. Ҳар куни эрталаб туриб, биринчи навбатда, озодаликка, гигенага эътибор қаратасиз. Соч-соқолингизни оласиз, кийимларингизни тўғрилайсиз, вақтида нонушта қиласиз.
Хизмат давомида ҳар бир ишни ўз вақтида бажариш ва ҳар бир вазифага виждонан, муҳим топшириқдек ёндошиш кўникмаси шаклланди. Армия бу сизга берилган ҳар бир нарсани қадрлаш, асраб-авайлаш деганидир. У хоҳ моддият бўлсин, хоҳ бошқа нарсалар. Масалан, кундалик ҳаётимизда кўйлагимиз йиртилса, дарҳол бошқасини оламиз. Хизматда эса битта ҳарбий кийимни алмаштириш мавсумигача авайлаб кийишингиз керак бўлади.
Ҳар ҳафтада тиббий кўрикдан ўтганимиз учун шахсий гигенага ҳам катта эътибор берардик. Хуллас, ҳарбий хизмат шахсиятингизни чинакамига чиниқтириб, ҳақиқий эр йигит қилиб тарбиялайди.
— Хизматдош дўстлар орттирганмисиз?
— Ҳа, дўстларим кўп бўлган. Навоийлик Ҳасан, Ихтиёр, Акбар деган йигитлар билан бирга хизмат қилганмиз. Ҳозир ҳам салом-алигимиз бор, кўришиб турамиз.
— Аскарликдан қолган унутилмас хотиралар…
— Армиядаги илк даврлар, ҳарбий тайёргарлик, қасамёд вақти ёдимда қолган. Қўлингизга китоб ушлаб ватанга содиқ эканлигингиз ҳақида онт ичиш бу шунчаки туйғу эмас. Ҳарбий соҳа билан яқиндан танишиш эр кишига янада куч ва ишонч бағишлайди.
— Қайси ҳарбий техника ва қуроллардан фойдаланишни биласиз?
— Ҳарбий техникалардан БТР (Бронетранспортёр), УРАЛ ва Газ-66 автомашиналар ҳамда ҳарбий қуроллардан АК-74, АКС-74У ва “штык нож”лардан фойдаланишни ўрганганман.
— Хизмат вақтида ҳарбийда ишлаб қолиш истаги туғилганми?
— Ҳа, бўлган. Лекин хизматдаги ҳаётни ўйлаб, доим шу тарзда яшайманми деган фикр билан бу масалага жиддий қарамаганман. Чунки иқтисодчи бўламан деган мақсадни аллақачон дилимга тугиб қўйган эдим.
— Бугун ёшлар хизматга деярли бормай қўйди. Бу масалада уларга қандай маслаҳат берган бўлардингиз?
— Ватан учун хизмат қилиш ҳар бир йигитнинг Конституцион бурчи. Йигит киши армияга бориши шарт деб ҳисоблайман. Ҳарбий хизмат инсоннинг танасини ҳам руҳиятини ҳам тоблайди, ҳаётга бўлган қарашларини ўзгартиради. Армия кўрган йигит матонатли, саботли шахсга айланади. Ватанни севишни ҳарбийлардан ўрганишимиз керак аслида.
Нигора МИРОЛИМ қизи суҳбатлашди

