МАНЗИЛГА БЕТАЛОФАТ ЕТКАЗИЛМОҚДА
Ҳар бир мамлакат иқтисодиётининг ривожланишида унинг қон томири бўлган логистика тизими муҳим аҳамиятга эга. Бу самарадор хизмат турларидан ҳисобланади. Ички бозорда тайёр маҳсулот ва хом ашё ҳаракатини оптималлаштириш орқали товар ва хизматларнинг харидорлар учун қулай шароит ва арзон нархларда етказиб берилишини таъминлайдиган корхоналар қаторида бўлган “JAVANSHER GOLD LOGISTIK” МЧЖ Навоий вилояти Қизилтепа туманида фаолият бошлаганига 2 йил бўлди. Тадбиркор Ҳусниддин Тўхтаев бу борада тажрибали ишбилармонлардан. Асосан Ўзбекистон ичида буюртма билан мижозларга юкларни етказиб беради. Шунингдек, Россия давлати шаҳарларига юк ташиш хизматини амалга оширади.
— Ҳудудий ноқулай жойлашган ва энг арзон транспорт тури бўлган денгиз портларига тўғридан-тўғри, ҳатто чегарадош давлатлар орқали ҳам чиқиш имкониятига эга бўлмаган бизнинг мамлакат учун бу хизмат тури жуда зарур. Ана шу хизматнинг долзарблигини инобатга олиб логистикага қўл урганмиз, — дейди Ҳусниддин Тўхтаев. — Бугун замон талаби бўлган ушбу хизматда муваффақиятларга эришяпмиз. Илдар Саксанов, Маҳмуджон Сатторовлар айни пайтда Ростов ҳамда Воронеж шаҳарларида сафарда. Ўзбекистондан олиб борган юкларни ўз манзилига беталофат етказиб, қайтишга тайёргарлик кўришяпти. Улар ҳайдовчиликда тажрибали, шу билан бирга, маҳсулотларни сифатли етказиб беришда масъулиятли. Йигитларга “йўлингиз бехатар бўлсин” деб қоламиз.
Навоий МБХО Нурафшон банк хизматлари офиси мижози сифатида ҳамкорлик қилиб келаётган корхона бир неча бор кредит маблағларини қўлга киритган. Ана шу молиявий кўмак билан иқтисодий юксалишга эришди.
— “JAVANSHER GOLD LOGISTIK” МЧЖ бизнинг намунали мижозларимиздан. Унинг айланма маблағларини ҳам биз юритамиз. 300 та тадбиркорлик билан шуғулланувчи корхоналар ичида энг намуналиси. Кредитларини ўз вақтида қайтараётган чинакам дўст. Шунинг учун ҳамкорлигимиз давом этмоқда, — дейди “Нурафшон” БХО бошлиғи Маъруфжон Ёрмаматов.
Банк ходимлари ўз ишини севадиган, касбига садоқатли мутахассислар. Шу боис бугун мижоз жалб қилишда бошқа банклардан устунликка эришмоқда. Уларнинг ёрдами билан молиявий кўмак олиб ривожланган “JAVANSHER GOLD LOGISTIK” корхонаси иқтисодиётимиздаги ўзгаришлар, янги савдо-сотиқ тизимининг шаклланиши ва тадбиркорлик субъектларининг ривожланишига ўз ҳиссасини қўшмоқда. Натижада яқин қўшни ва узоқ хориж мамлакатлари билан иқтисодий алоқаларни ўрнатиб, шаҳарлараро ва халқаро йўналишларда юкларни манзилига беталофат етказаётгани таҳсинга лойиқ. Истеъмолчилар талаби йилдан-йилга ортиб бораётганини ҳисобга олиб ушбу хизматда илғорликка эришаётган корхона фаолиятига муваффақиятлар тилаймиз.
Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА

