ЎТГАН КУНЛАРИМ УНУТИЛМАС

“Бу йил давлатимизнинг мустақиллик байрами “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида ўтишини эшитганимда кўп ҳислар ўтди кўнг­лимдан. Мустақиллик эълон қилингандан кейинги давр менинг ҳаётимдаги янги бир палла бўлган. Айнан истиқлол билан тенгдош банкда фаолиятимни бошлаб, мамлакатимиздаги катта ўзгаришларга гувоҳ бўлдим. Уларнинг қайси бирларида иштирок ҳам этдим. “Hamkorbank” ягона тизим, бир мақсад остида бирлашиб, катта натижаларни қўлга киритди.
“Hamkorbank”да 1992 йилда банк бошқаруви раисининг ходимлар билан ишлаш бўйича ёрдамчиси лавозимида иш бошлаганман. Кейинчалик Асака филиалига раҳбарлик қилдим. Бош банкда жисмоний шахсларни кредитлаш бўлими бошлиғи ҳамда банк хотин-қизлар қўмитаси раиси сифатида фаолият юритдим. 2023 йилдан иш фаолиятимни тўхтатиб, оилам бағрида кексалик гаштини суриб келяпман.

Нафақадаги ҳаётим

Бугунги ҳаётим ҳақида мушоҳада қилишни бошлаганимда, энг биринчи отам ва онамни нафақага чиққан пайтлари эсимга тушди. Ўшанда негадир уларга ҳавас қилганман ва менинг ҳам шундай кунларга етишим учун ҳали қанча йил бор, деб хаёл қилганман. Лекин вақт шунчалик тез ўтдики, ўзим ҳам шу ёшга етиб қолганимга ишонгим келмайди.
Кексалар “Ёшлик елдек ўтиб кетади, кексалик эса узоқ давом этади” деса, бу сўзнинг маъносига тушунмас эдим. Нафақага чиқиш ҳам бахт экан аслида.
Кўпчилик мендан “зерикмаяпсизми?” деб сўрайди. Мен эса “нега зерикаман?” дейман. Чунки бўш вақтнинг ўзи йўқ, китоб ўқийман, илм ўрганишда давом этиб, ўзимга уларни бажариш учун вазифалар белгилайман. Бундан ташқари, фарзандларим ишдан, невараларим мактабдан келишларига ошхонада мазали таомлар, ширинликлар пишираман. Ҳозир жуда осон бўлиб қолди: интернет ёрдамида бир ҳафталик таомнома тузиб олиб, уларни тайёрлашга ҳаракат қиламан. Гулларни парваришлашга қизиқаман, ҳовлимиздаги дўппидекина жойга қулупнай экканман. Бу йил жуда яхши ҳосил берди.
Ишлаётган давримда тўйларга, тадбирларга бора олмас эдим. Борсам ҳам бирровга кирардим. Энди эса таклиф қилинган жойга хотиржамлик билан бориб, мезбонларнинг кўнглини олиб қайтаман. Қариндошлардан ҳол сўрайман. Саёҳатларга боряпман. Хуллас, узоқ йил ишлаб қилган меҳнатларимнинг роҳатини кўриш насиб этмоқда.

Ҳамиша соғинчдаман

Банкдаги фаолиятимни соғин­масдан эслай олмайман. Баъзан ўша лаҳзалар кинофильм­дек хаёлимдан ўтади, худди ўтган кунларимнинг бирида юргандек бўламан. Баъзида фурсат тезда ўтиб кетганидан афсусланаман. Қани энди, атиги ўн йил ортга қайтсам, банкимизнинг ривожига ҳисса қўшиш учун нималар қилган бўлардим, деб ўйлайман.
Банк билан боғлиқ унутилмас хотиралар шу қадар кўпки, қайси бирини айтишни ҳам билмайман. Энг аввал, эрталаб ишга жуда катта иштиёқ билан шошилиб борар эдим. Ходимларнинг маданий дам олиши учун ташкил қилинган ҳар бир байрам: Наврўз, Мустақиллик, “Hamkorbank”нинг ташкил топганлиги билан боғлиқ тадбирларни эсдан чиқариб бўладими? Айниқса, менга “Янги йил” муносабати билан ўтказиладиган кечалар ёқар эди. Ходимларга совғалар берилар, байрам сюрпризи эса кўпинча банк раҳбари томонидан табрик сўзининг охирида айтиладиган “ойлик иш ҳақи оширилсин” деган гапи бўлар эди.

Мен учун ҳамкасблар…

Ҳамкасблар деганда кўпчиликни тушунаман. Банкда илк иш бошлаганимдан шу кунгача мен учун қадрли бўлган инсон­лар оз эмас. Улар билан елкама-елка туриб, фаолиятимизда юзага келган яхши-ёмон кунларда бирга ҳамнафас иш олиб бордик. Банкнинг бош офисида, Асака ва бошқа филиалларда бўлган бундай инсонлар. Ҳозирда айримлари орамизда йўқ бўлсада, улар ҳақидаги ўйларим хотирамнинг энг гўзал қисмларидан бири сифатида қолаверади.

Ёшларга маслаҳатим

Тизимга кириб келаётган ёшларга маслаҳатим, соҳанинг етук мутахассиси бўлиш учун, энг аввало, ўша касбни яхшилаб ўрганиш керак. Ҳар қандай муваффақиятнинг калити билимдир. Ўсиб-унаман деган ёш мутахассис банкнинг ички йўриқномаларини, тартибларини мустақил ўрганиб бориши, хизмат вазифасини виждонан касбий даражада бажариши, албатта, ўз ўрнида меҳнатсевар ҳамда ҳалол бўлиши лозим. Мен ишга кираётган ёш ходимлар билан суҳбатлашганимда уларга нима учун банк тизимини танлаганлиги, мақсадлари ҳақида савол берар эдим. Суҳбат якунида эса “Генерал бўлишни орзу қилмаган аскар аскар эмас” деб келажак истиқболига мотивация уйғотардим. Чунки “Hamkorbank” ҳар бир ходим учун улкан мактаб ва орзулар рўёбига элтувчи йўлдир.

Манзура ТЎХТАСИНОВА,
“Hamkorbank” фахрийси