НАТИЖАГА ЭРИШИШ ЎЗ ҚЎЛИМИЗДА
Инсоннинг болаликда қилган орзулари ва юрагига туккан ниятлари йиллар ўтиб унинг ҳаёт йўлини чизиб берувчи харитага айланар, вақт ўтгани сайин ўша харита чизиқлари бўйлаб ўз мақсадларимиз сари одимлайверамиз экан. Мактаб давридаги банк соҳасига қизиқишларим Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтига етаклади. Ўқишни тамомлаш арафасида “Hamkorbank” ходимлари томонидан ўтказилган танловда иштирок этдим.
Амалиёт учун Гулистон минтақавий банк хизматлари офисига тавсия этилдим. 2022 йилда иш ўргандим. Расмий фаолиятим 2023 йил корпоратив хизматлар бўлимида бошланган.
Эсимда, биринчи кредит портфелимни Ислом ака Нишонов билан яратганман. У пайтларда фирмаларнинг керакли ҳужжатлари ва таҳлилларини деярли билмасдим. Ҳозир бемалол бажараман. Бу менга устозларимдан берилган сабоқ туфайлидир. Айниқса, Шоҳназар Абдураҳмонов, Элёр Тошбоев, Илёс Азимқулов, Бунёд Абдуқаҳҳоровларнинг ўгитлари асқатмоқда. Ислом Нишоновнинг амалий кўникмалари билан илғорлар сафига қўшилдим, банк мутахассиси бўлдим — миннатдорман.
Бугун мақсадим аниқ. Шунчаки муваффақиятли банкир бўлиш эмас, балки юзлаб тадбиркорлар учун молиявий зафарлар меъморига айланиш. Орзум кичик ва ўрта бизнес вакиллари мен яратган тизимли ечимлар, тўғри молиявий асбоблар ва автоматлаштириш орқали йирик халқаро корпорацияларга айланаётганини кўриш. Молия ташкилоти ва мижоз биргаликда юксаладиган, иқтисодиётни кучайтирадиган ва кенг кўламли лойиҳаларга йўл очадиган сотув тизимини яратиш. Исмим фирмалар аро бўладиган алоқаларда акс этишини истайман, соҳада ишончлилик, стратегик фикрлаш ва бекаму кўст сервис тимсолига айлансин. Ишонаманки, буюк натижалар юксак амбициялар аниқ рақамлаштирилган тизим билан бирлашган жойда дунёга келади.
Халқим, устозларим ишончи масъулиятимни оширди. “Hamkorbank”нинг ёшлари билим заковатлари, интилишлари, меҳнат шижоатлари билан жамиятимизда алоҳида ўрин тутади. Бунинг замирида банк раҳбариятининг раҳнамолигида яратилаётган шароитлар, берилаётган имкониятлар ва қўллаб-қувватлаш ётади.
“Hamkorbank”нинг 35 йиллигини кўрсаткичларимдаги ютуқлар билан қарши оляпман. Ушбу сана муносабати билан банкнинг барча ходимларининг масъулиятли ишларига муваффақиятлар тилайман. Улар каби халқимга хизмат қилишни шараф деб биламан.
Аслиддин ЖУМАНАЗАРОВ,
Гулистон МБХО юридик мижозларга хизмат кўрсатиш бўлими менежери

