МЕҲР ОРҚАЛИ ШИФО

Уч ёшли Мустафони анчадан буён ҳарорати кўтариларди. Шифокорлар болада вирус бор-йўқлигини аниқлаш учун қон таҳлили ўтказиш зарурлигини айтишди. Ота-она беҳол фарзандини вилоятдаги диагностика марказига олиб боришни ўйлаб иккиланди. Узоқ йўл бетоб болани қийнаб қўймасмикан? Аммо танишларидан Қўрғонтепада ҳам мана шу турдаги текширувни сифатли амалга оширадиган тиббиёт маскани очилганини эшитгач, енгил тортди.

Мурод ака Мамадалиев педиатр­, рафиқаси Замира опа гинеколог сифатида узоқ йиллар қўрғон­тепаликларнинг соғлигини тиклаш йўлида  жонбозлик кўрсатди. Беморлар кўп, иш вақтида ҳаммасини қабул қилиб, даволаш имконсиз эди. Шу сабаб шифокорлар оиласи ўз яшаш хонадонида хусусий корхона ташкил қилиб, уни “Mehr shifo” деб номлади. Бу номда рамзий маъно бор эди: шифо орқали меҳр, меҳр орқали шифо улашиш мақсад қилинганди. Йилдан-йилга қабулга келувчиларнинг сони кўпайди. Оилавий корхона қошида “Mehr shifo” тиббий ташхис марказини ташкил этиш  фикри туғилди. Муассаса таъсисчилари аукцион орқали эски шифохона биносини сотиб олиб, қайта  реконструкция қилди. Кўп ўтмай замонавий тиббий муассаса  ишга тушди. 

Бугунга келиб марказда беморларга амбулатор хизматлар кўрсатилган ҳолда 300 дан ортиқ (клиник, биохимик, ИФА, ИХЛА) текширувлар олиб борилмоқда.  Мутахассислар кўриги йўлга қўйилган, замонавий аппаратлар орқали  функционал текширувлар ўтказилади.

Марказ хизматларидан  бир кунда 200 нафарга яқин мижоз фойдаланмоқда. Лаборатория таҳлилларида  Хитой, Германия, Корея давлатларида ишлаб чиқарилган юқори сифатли технология­лар қўлланилади. Ходимларнинг малакасига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, ҳар ҳафта ўқув машғулотлари ташкил этилади. Машғулотларда беморлар билан муомала маданияти, уларга тўғри ва сифатли хизмат кўрсатиш усуллари ўргатилади.

Диагностика марказининг ташкил қилиниши ва йўлга қўйилишида Қўрғонтепа УБХОнинг ҳиссаси салмоқли. Аввал корхона ҳисоб-рақами бошқа банкда юритиларди. Ходимларга ўз вақтида пластик карта очиб бериш, иш ҳақини картага тушириш ва бошқа хизматларда оқсашлар кузатил­ган. “Hamkorbank” билан ҳамкорлик йўлга қўйилгач, вазият ўзгарди. Ҳисоб-рақамдаги айланмалар ўз вақтида амалга оширила бошланди. Муаммолар баратараф этилди. Ҳамкорлик натижасида банк томонидан мижозга фаолиятини ривожлантириши учун жами 900 миллион сўм кредит ажратилди. Шу тариқа  марказ фаолиятини  йўлга қўйди.

Ҳар куни юзлаб одамлар шифо масканларига мурожаат қилиб, ўз саломатлиги учун қайғураётган бир пайтда қулай ва арзон тиббий  хизматларни таклиф қилаётган “Mehr shifo” каби тиббиёт муассасаларининг фаолиятини фақат қўллаб-қувватлаш мумкин.

Нигора Тўхтаматова