МАҚСАД ХАЛҚИМИЗГА ХИЗМАТ КЎРСАТИШ
Ана шу истак билан халқимизга молиявий хизмат кўрсатаётган Чилонзор УБХОнинг “Новза” банк хизматлари офиси ходимлари фаолияти билан қизиқдик.
Пойтахтнинг марказий ҳудудларидан бири бўлган Чилонзор кундан-кунга чирой очиб, ҳар бир соҳада ривожланиб бормоқда. Савдо-сотиқ, кичик бизнес кишилари бўлган тадбиркорлар фаолиятини қўллаб–қувватлаб, уларнинг иш кўламини кенгайтиришда “Hamkorbank” АТБ “Новза” банк хизматлари офисининг молиявий кўмаги катта. Аҳолининг зичлиги, корхона, ташкилотларнинг кўплиги, айнан Новза метросининг ёнгинасида жойлашуви бу кичик молия муассасасининг ривожланишига замин яратмоқда. Мазкур банкнинг биринчи раҳбари сифатида Элёрбек Алланазаров меҳнатлари алоҳида таҳсинга лойиқ. Мижозлар кўламининг ошишида ҳисоб рақамларига хизмат кўрсатиш хизматлари бўлимида ишлаган Мадиёр Қурбоналиевнинг хизмати катта. Ўз вақтида унинг ҳаракатлари билан натижалар жуда юқори бўлган. Банкка ташриф буюрувчилар сони ортган. Айни пайтда Мадиёр Қурбоналиев “Бунёдкор” БХО бошлиғи сифатида фаолият олиб боряпти.
2018 йилда ташкил топган “Новза” БХО 500 га яқин жисмоний ва юридик мижозларига эга. Айни пайтда бу ерда 4 нафар ходим — БХО бошлиғи Алишер Сафаров, тўловлар, жисмоний кредитлар бўйича мутахассис Арслон Эргашев, ҳисоб рақамлари кўрсатиш бўлими менежери Улуғбек Абдужалилов ва универсал касса менежери Насиба Фатхуллаевалар меҳнат қилмоқда.
— Бу ерда яратилаётган шароитлар ва қулайликлар сабаб биз билан ҳамкорлик қилишни хоҳловчилар сони ортиб бормоқда, — дейди БХО бошлиғи А. Сафаров. — Кунига юзлаб мижоз мурожаат қилади. Уларга асосан пул ўтказмалари, пластик карталар, турли кредит хизматлари кўрсатилади.
Ҳудуд аҳолисининг тадбиркорлик билан шуғулланиши, кўплаб ташкилотлар қатори болалар шифохонаси, “ТОМСИН”, “TMS”, “Everest” каби ўқув марказларининг борлиги, “Yuksalish maktabi”нинг жойлашуви кўп жиҳатдан ушбу молия муассасига бўлган эҳтиёжнинг ортишига сабаб бўлмоқда. Аксарият тўловлар бўйича “УзГаз” таъминот корхонасининг хизматлари ҳам айнан мана шу БХОда амалга оширилади.
“Eko med” хусусий тиббиёт маркази ҳамда рангли металлар қазиб олиш ва сотиш фаолияти билан шуғулланаётган “НБК 111” масъулияти чекланган жамиятлари энг йирик ҳамкор сифатида ушбу кичик молия ташкилоти ташкил этилгандан буён банк хизматларидан фойдаланиб келмоқда.
— “HORECA” бизнес марказининг бизга яқинлиги катта имконият туғдиряпти, яъни мижозлар оқимига ижобий таъсир кўрсатяпти, — дейди Улуғбек Абдужалилов. — Марказ биносида ижарачи ташкилотлар, меҳмонхона хизматидан фойдаланувчилар, сайёҳлар талайгина. Бу молия ташкилотимизнинг иқтисодий ривожланишининг асосидир.
Банк ходимлари халқимиз фаровон турмушига ҳисса қўшишни истайди. Сифатли хизмат кўрсатиш замирида ана шу эзгу ният мужассам.
Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА

