НАФАС ОЛИШ ТЕЗЛАШАДИГАН ФАСЛ

“Бойчечак чиқибди, бугун Наврўз экан”, деган машҳур шеърий сатрларни ҳаммамиз яхши биламиз. Яъниким бу митти сариқ гул кўкламнинг элчисидир. Қолаверса, бодом дарахтининг гуллаши, ариқ бўйларида майсаларнинг ниш уриши баҳор бошланганидан хабар беради. Тез кунларда она юртимизда кўклам ўз сепини ёяр экан,  биз бу фасл билан боғлиқ яна қандай маълумотларга эгамиз. 

* Британия олимларининг  маълум қилишича, болалар  мартдан то август ойига қадар бошқа ойларга қараганда уч  баравар тезроқ ўсар экан. 

* 20 март астрономик баҳорнинг келиши ҳисобланади. 21 март куни қутблардан ташқари, бутун дунё бўйлаб  кун ва  тун  тенг бўлади. Бундан ташқари,  шу куни қуёш шарқда  кескин кўтарилиб, ғарбга кескин ботади. 

* Дунёдаги юз берадиган кўплаб торнадо ҳодисалари баҳор ойларига тўғри келади. Олимлар буни сайёрамизнинг биологик соатини қишдан ёзга ўтиш вақтдаги қайта қурилиши  билан боғлашади.

* Баҳорда ўсимликлар биологик соатга мувофиқ уйғонади. Масалан, март ойида кесилган новда муқим турган сувга солиб қўйилса, униб чиқади. Аммо бу ҳолат ноябрда юз берса, новда кўкармайди. Сабаби шундаки, дарахтларда уйғониш вақтини таниб олишга ёрдам берадиган махсус механизм мавжуд.

* Кўкламда асаларилар камроқ тажовузкор бўлади. Чунки бу  фаслда улар кўпайгани учун  ўзларини тинч ва сокин тутади.

* Бошқа фасллар билан таққослаганда одамнинг нафас олиши  баҳорда уч баравар тезлашади. Олимлар буни тананинг қиш ойларида  кислород очлиги шароитида бўлганлиги ва тикланишга интилаётгани билан изоҳлайди.

* Баъзи мамлакатларда баҳор сентябрь ойига  тўғри келади. Масалан, Австралия, Аргентина ва Мадагаскарда  мана шундай ҳолат кузатилади.

* Женевада баҳор кантональ  ҳукумати  биноси деразаси остидаги  “расмий каштан”  дарахти гуллашига қараб белгиланади.  Одатда  каштан  гуллари баҳорда очилади. Аммо 2002 йилда бу дарахт 29 декабрда ўзининг биринчи баргини кўрсатди, 2006 йилда эса  йил давомида икки марта — март ва октябрда  гуллаган.

* Фасллар келинчаги келганда нафақат инсонлар, балки, бутун ҳайвонот дунёси ўз териси рангини ўзгартиради.

* Қушлар аслида дунёга келиши биланоқ чирқиллай олади.  Аммо шунчаки чирқиллашнинг ўзи етарли бўлмайди,  улар ўз турларига  хос тарзда сайраш усулини ўрганиши керак ва бу табиат уйғониши даврига тўғри келади.

  * Ўсимлик илдизлари баҳорги  илиқликни  биринчи бўлиб ҳис қилади. Улар 7-8 цельсий ҳароратидаёқ  фаол ўсишни бошлайди.

НИГОРА тайёрлади.