Эътибор ва ғамхўрлик ютуқлар пойдеворига айланмоқда

Ходимларнинг салоҳи­ятини ривожлантириш “Ham­korbank” АТБда белгиланган стратегик вазифаларни амалга оширишнинг асосий шартларидан бири саналади. Меҳнат унумдорлигини ошириш, янги маҳсулотлар ва технологияларни оммавий тарзда жорий қилиш, ўрта бўғин раҳбарлари ҳамда мутахассислар ваколатини кенгайтириш ходимларни бошқариш тизимининг олдига янги мақсад билан бир қаторда бошқа долзарб вазифалар қўйилишини тақозо этиши шубҳасиз.
Мухбиримиз шу хусусда Жалақудуқ филиали Мидл офис 1-тоифали офис менежери Дилабзахон АБДУЛЛАЕВА билан мулоқотда бўлди.
— Суҳбатимиз аввалида жамоангизда кадрлар сиёсати бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида билишни истардик.
— Маълумки, мазкур сиёсатнинг асосий мақсади раҳбарлик лавозимларига тайинлаш учун ходимлар заҳираси билан олиб борилаётган ишларни янада такомиллаштиришга қаратилган. Шу билан бир қаторда банкимизнинг стратегик ривожлантириш вазифаларини амалга оширишга қодир бўлган малакали мутахассислар жамоасини яратишдир.
Банк кадрлар сиёсатини амалга оширишида рағбатлантиришнинг янги усулларини таклиф этиш билан бирга ходимларнинг касбий маҳорати, ишбилармонлиги ва шахсий фазилатларига алоҳида эътибор қаратади, ходимларнинг ишга нисбатан новаторлик ва замонавий ёндошувига хайрихоҳ бўлади, анъанавий қадриятларга таянган ҳолда замонавий корпоратив маданиятни қўллаб-қувватлайди.
Зиммамизга ходимларнинг оқилона танловини жой-жойига қўйиш ва ротациясини, кадрлар захирасини сифатли шакллантириш, шунингдек, уларнинг меҳнати самарадорлиги ва мотивациясини оширишни таъминловчи ходимларни бошқаришнинг замонавий тизимини босқичма-босқич жорий қилиш вазифаси юклатилган.
Жамоамизда айни кунда 35 нафар ходим ишламоқда. Уларнинг ҳар бири ўзига хос салоҳиятга ва касбий малака, билимга эга. Ҳар қандай жамоа ёш кадрлар орқали ўз келажагини қуради ва бу бизда ҳам инъикосини топган. Етук, билимли, иқтидорли, замонавий технологияларни пухта ўзлаштирган йигит-қизларни соҳамизга жалб этишга алоҳида аҳамият қаратиляпти. Ходимларни танлаш ва иш жараёнига мослаштириш, иқтидорларни бошқариш ва кадрлар захирасини шакллантириш, корпоратив қадриятларни ривожлантириш доимий эътиборда. Рустамбек Тўраев, Шоҳруҳбек Юлчиев, Баҳодиржон Ҳурбоев, Зуҳриддин Сулаймонов каби ходимларимиз касбий малакалари, иқтидорлари билан ҳамкасблари ва мижозлар эътиборини қозонишмоқда. Ёш кадрларимизни самарали ишлашлари ва дам олиш­лари учун барча зарурий шарт-шароитлар муҳайё этил­япти. Имтиёзли кредитлар ажратил­япти.
Ташкиллаштирилган “Сен,­ барибир, муқаддассан муқаддас, аёл!” спорт-соғломлаштириш тадбирида жамоамиз хотин-қизлари фахрли 2-ўринни эгаллашди. Бошқа кўрик-танловларда ҳам салмоқли ютуқларимиз талайгина. Ҳурриятхон Юсупова, Элёра Далиева, Гулсара Усмоновалар жамоамиз шаънини ва нуфузини оширишда фидойилик кўрсатишаётганини алоҳида таъкидлашни истардим.
— Наврўзи олам яқин.Баҳорий кайфият дилларга туғён солаётган паллада қандай тилаклар билдиришни истардингиз?
— Аввало, юртимиз тинч, элимиз омон бўлсин. Янги Ўзбекистонни равнақ топишига ҳисса қўшаётганлар сафида жонбозлик кўрсатаётган банкимиз жонкуяр ходимларининг ишларига омад, оилаларига бахту саодат, ўзларига сиҳат-саломатлик тилайман. Баҳорий айём таровати, шукуҳи уларни бир умр тарк этмасин.

Суҳбатдошимиз

2004 йилда Андижон муҳандислик иқтисодиёт институтини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 2008 йилда Жалақудуқ тумани бандликка кўмаклашувчи марказ бош мутахассиси сифатида бошлаган.

2010-2011 йилларда “Микрокредитбанк” ОАТБ Охунбобоев филиалида ходимлар билан ишлаш шўъбасида иш олиб борган.

2011 йилдан “Hamkorbank” АТБ тизимида ходимлар билан ишлаш, мидл­офис бўлими офис менежери вазифасида меҳнат қилмоқда. Ўтган йилнинг январидан ҳозирги лавозимида фаолият юрит­япти.

Суҳбатдош:
Ҳалимжон ТОҲИРОВ